Тадбиркорлик кодекси лойиҳаси халқаро экспертлар иштирокида муҳокама қилинди

14:10 13 Декабрь 2022 Жамият
561 0

Жорий йилнинг 13 декабрь куни Адлия вазирлигида Германия Федерал Адлия вазирлиги ҳузуридаги Халқаро-ҳуқуқий ҳамкорлик жамғармаси (IRZ) билан ҳамкорликда Тадбиркорлик кодекси лойиҳасининг айрим масалаларини муҳокама қилиш учун амалий семинар ташкил этилди.

Амалий семинарда хорижий экспертлар, Тадбиркорлик кодекси лойиҳасини ишлаб чиқиш учун шакллантирилган ишчи гуруҳ аъзолари иштирок этди.

Семинарда тадбиркорлик субектларини кичик, ўрта ва йирик тоифаларга ажратишнинг ўзига хос хусусиятлари ва тадбиркорлик субъектларининг ташкилий-ҳуқуқий шакллари (ширкатлар) мавзулари муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, сўнгги 6-7 йилда тадбиркорлик субъектлари учун маъмурий ва солиқ юкини камайтириш, бизнеснинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, асосийси бизнес юритишдаги бюрократик тўсиқларни олиб ташлашга қаратилган қатор ижобий ишлар амалга оширилди.

Мисол учун, ўтган бир йил давомида бизнес муҳитини яхшилаш ва тадбиркорликни қўллаб қувватлашга қаратилган биргина Ўзбекистон Республикаси Президентининг 70 дан ортиқ фармон ва қарорлари қабул қилинди.

Натижада, солиқ ва маъмурий юкнинг камайтирилиши, шунингдек қўшимча имтиёз ва кафолатларнинг тақдим этилиши эвазига тушумлари 1 миллион доллардан ошган тадбиркорлик субъектлари сони 5 мингтага ортди, яна минг нафар тадбиркорлар товар айланмасини 1 миллиондан 10 миллион долларгача етказди.

Шунингдек, 220 нафар тадбиркорнинг тушумлари 100 миллион долларга етиб, умумий экспорт ҳажми 30 фоизга кўпайди.

Бугунги кунда, тадбиркорлик фаолиятини тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатлари тарқоқ ҳолда ва ниҳоятда кўп – 5000 га яқин.

Тизимлаштиришдан асосий мақсад соҳадаги энг асосий қонунларни бирлаштириш ва тадбиркорликнинг фундаментал ҳуқуқий устунларини белгилаб олиш ҳисобланади.

Албатта, Кодекс қабул қилинганидан сўнг ҳам тадбиркорлик йўналишидаги қонуности ҳужжатларининг қабул қилиниши давом этади табиий. Бироқ, уларнинг барчаси Кодексдаги фундаментал қоидаларга мувофиқ бўлиши лозим.

Шуни алоҳида қайд этиш керак, Тадбиркорлик кодекси лойиҳасини ишлаб чиқишга 3 йилга яқин вақт сарфланди. Лойиҳани ишлаб чиқишда нафақат миллий экспертларимиз, балки халқаро экспертлар ҳам жалб қилинди, 5 ойдан ортиқ жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилди.

Айнан тадбиркорларнинг таклифлари, уларни қийнаб келаётган тизимли муаммоларни ўрганиш учун республика даражасида ишчи гуруҳлар ташкил этилиб, республикамизнинг барча ҳудудларида тадбиркорлар билан Кодекс лойиҳаси муҳокама қилинди.

Жамоатчилик, тадбиркорлар ва соҳа экспертлари билан ўтказилган муҳокамалар натижасида 1500 га яқин таклифлар келиб тушди ҳамда лойиҳада коррупциявий омилларнинг мавжудлиги, гендер тенгликка таъсири ва бошқа масалалар бўйича ўтказилган сўровномаларда 1200 дан ортиқ фуқаролар иштирок этишди.

Келиб тушаётган таклифлар асосан, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, кредит ажратиш, текширувлар, солиқ соҳасида берилган.

Бундан ташқари, Кодекс лойиҳаси 8 та етакчи халқаро ташкилотларга, жумладан USAID, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Европа ва тикланиш тараққиёт банки, Халқаро молия корпорatsiяси, Германиянинг “Berlin Economics” иқтисодий гуруҳи, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотига тақдим этилган бўлиб, ушбу ташкилотлардан экспертиза натижалари бўйича хулоса ва таклифлар келиб тушди.

Бугунги кунда ушбу таклифлар асосида Тадбиркорлик кодекси лойиҳаси мутахассислар томонидан ўз маромига етказилмоқда.

Кодексни ишлаб чиқишда асосий урғу тадбиркорлик соҳасида ягона ёндашувни белгилашга, тадбиркорнинг ҳуқуқий ҳимоясига, бюрократия ва маъмурий юкни, шу жумладан давлат органларининг бизнесга аралашувини кескин камайтиришга ҳамда бизнес вакилларини қўллаб-қувватлашга қаратилди. Хусусан:

– тадбиркорлик фаолиятини тартибга солувчи 16 та асосий принциплар жумладан, тадбиркорликнинг эркинлиги, тадбиркорлар фаолиятига давлатнинг ноқонуний аралашишига йўл қўймаслик, тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг устуворлиги белгиланди;

– тадбиркорлик субъектлари кичик, ўрта ва йирик тоифаларга ажратилди;

– тадбиркорларлик фаолиятидаги амалдаги текширувлар сони
2 баравар қисқартирилиб, Кодекс билан текширувларнинг қатъий рўйхати белгиланди;

– тадбиркорликни давлат томонидан аралашуви кескин қисқартирилиб, унинг аниқ чегаралари белгиланди.

Экспертларнинг сўзига кўра, ушбу Кодекс тадбиркорнинг қўлида ягона компакт ҳуқуқий меъёрлар тўпламига айланиб, ҳар доим тадбиркорнинг ёнида юрадиган ҳужжат бўлади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?