Тадбиркорга нисбатан қўлланилган қўшимча солиқ ҳақидаги қарор бекор қилинди

12:58 24 Сентябр 2022 Жамият
667 0

Фото: Халқ сўзи

Поп туманида фаолият юритувчи “Servis A” (номи ўзгартирилган) масъулияти чекланган жамиятига нисбатан Наманган вилоят Давлат солиқ бошқармасининг қарорига асосан корхона ер қаъри захираларидан фойдаланганлиги учун 3,5 миллиард сўм миқдорида қўшимча солиқ ҳисобланган эди. Бу, албатта, каттагина маблағ. Боз устига тадбиркорда ушбу солиқ тўғри қўлланилдими ёки йўқ мазмунида фикр ҳам уйғонган эди.

Солиқ органининг мазкур қарорини бекор қилиш юзасидан берилган ариза бўйича Наманган туманлараро маъмурий судида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони масъул ходимлари томонидан жамият манфаатлари ҳимоя қилинди.

Суд жараёнида солиқ органининг қарори етарли асосларсиз, қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилинмаган ҳамда чуқур ўрганилмаган ҳолда қабул қилинганлиги ўз тасдиғини топди.Шундай қилиб, суднинг ҳал қилув қарори билан Наманган вилоят Давлат солиқ бошқармасининг “Servis AA” масъулияти чекланган жамиятига 3 574 711 500 сўм миқдорида қўшимча солиқ ҳисоблаш ҳақидаги қарори ҳақиқий эмас, деб топилди. Бинобарин, масала тадбиркор фойдасига ечим топиб, унинг манфаатлари муносиб ҳимоя қилинди.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер