Сув тежовчи технологиялар кенг жорий қилинади

23:40 13 Январь 2022 Иқтисодиёт
476 0

Бугунги кунда дунёда сув ресурслари тақчиллиги долзарб масалага айланмоқда. Сув ресурсларига бўлган талабнинг ошаётгани, сув захирасининг камайиб бораётгани сувни иқтисод қилиш ва ундан самарали фойдаланиш механизмларини жорий этишни тақозо этмоқда.

Шундан келиб чиқиб, кейинги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли институционал ислоҳотлар доирасида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг сувга доир муносабатлари, сувдан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилишни тартибга солиш соҳасидаги ваколатларни такомиллаштиришнинг ҳуқуқий асослари яратилди.

2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида сув хўжалигини ривожлантириш бўйича 20 дан ортиқ фармон ва қарорлар қабул қилиниб, соҳада кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Таъкидлаш жоиз, жамоатчилик муҳокамасига қўйилган «Янги Ўзбекистоннинг 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси тўғрисида»ги Президент фармони лойиҳасининг ўттиз биринчи мақсадида сув ресурсларини бошқариш тизимини тубдан ислоҳ қилиш ва сувни иқтисод қилиш бўйича алоҳида давлат дастурини амалга ошириш, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳисобига ҳар йили камида 7 миллиард куб метр сувни иқтисод қилиш, сув хўжалиги объектларида электр энергияси истеъмолини 7,3 млрд. кВт соатдан 6,9 млрд. кВт. соатгача камайтириш ва сув хўжалиги объектларини давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида бошқариш масалалари ўз аксини топган.

Шунингдек, 2022 йилда 260 минг гектар майдонда сув тежовчи технологияларни жорий этиш ҳисобига 534 млн куб метр сувни иқтисод қилиниши ва 6610 та объектга рақамли технологияларни жорий ҳисобига эса 155 млн куб метр иқтисод қилинишига эришиш белгиланган.

Шу жумладан, сув хўжалиги объектларини давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида бошқарувига бериш бўйича 52 та лойиҳани амалга ошириш натижасида электр энергияси ва эксплуатация харажатларини 10-15 фоизга камайтириш назарда тутилмоқда.

Тараққиёт стратегияси доирасида амалга ошириладиган ишлар сув ресурслари захираси ҳамда аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини сув билан таъминлашда юзага келадиган таҳдидларнинг олдини олиш, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, трансчегаравий сув ресурсларидан адолатли фойдаланиш ҳамда сув тежовчи технологияларини амалиётга кенг жорий қилиш орқали сув ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш имконини беради.

Бир сўз билан айтганда, Тараққиёт стратегиясининг белгиланган мақсадлар инсон манфаатларини таъминлашга, мамлакатимиз иқтисодиётини барқарор ривожлантиришга, халқимиз турмуш шароитини янада яхшилашга замин яратади.

Равшанбек БEГМАТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?