Сув тежовчи технологиялар етарлими?

17:23 17 Март 2021 Иқтисодиёт
532 0

Республикамизда 4,3 млн. гектар суғориладиган экин майдонлари мавжуд бўлиб, шундан 291,2 минг гектарида (7 фоиз) сув тежовчи технологиялар жорий этилган. Жумладан, 120,5 минг гектар томчилатиб, 3,5 минг гектар ёмғирлатиб ва 4,2 минг гектар майдон дискрет усулида суғорилади. 163 минг гектар майдонларда эса эгилувчан қувурлар орқали суғориш жорий қилинган.

Президентимизнинг «Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада жадал ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан, 2021 йилда сувни тежовчи технологияларни беш баробарга ошириш ва 430 минг гектарга етказилади. Бунда 230 минг гектарда сув тежовчи технологияларни жорий этиш ҳамда 200 минг гектар экин майдонларини лазер ускуналар ёрдамида текислаш кўзда тутилган.

Бу вазифани уддалаш учун маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг қуввати етадими? Ҳозирги кунда мамлакатимизда нечта корхона, қанча ҳажмда сувни тежайдиган технологияларни ишлаб чиқармоқда? Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазирлиги томонидан Тошкент туманида жойлашган “Eco Drip Lux” корхонасига ташкил этилган пресс-тур давомида шулар хусусида сўз юритилди.

Корхона бир йилда жами 110 минг гектар майдонга етарли миқдорда томчилатиб суғориш технологияси ускуналари ва уларнинг бутловчи қисмларини ишлаб чиқариш қувватига эга. Яқинда сув тежовчи технологияларининг уловчи ва бутловчи фитинглари ва фильтрларини ишлаб чиқариш ҳам йўлга қўйилди.

Корхона директори Акмал Аҳмедовнинг таъкидлашича, яқин йилларгача, асосан, сувни тежовчи технологиялар учун турли ўлчамдаги полиэтилен қувурлар ишлаб чиқарилар эди. Ички бозорда ПВХ қувурларга талаб юқори эканлиги боис хориждан келтирилаётган шу турдаги қувурларни ҳам ишлаб чиқариш ўзлаштирилди.

2019 йилда республикамизда 34,5 минг гектар майдонда томчилатиб суғориш технологияси жорий қилинган бўлиб, маҳаллий корхоналар бармоқ билан санарли бўлганлиги учун технологияларнинг 90 фоиз ускуналари ва бутловчи қисмлари хорижий давлатлардан келтирилган эди. Ўтган йилда эса сув тежовчи технологиялар асбоб-ускуналари ва бутловчи қисмларини ишлаб чиқарувчи маҳаллий корхоналар сони 10 тага етказилди. Йил давомида 43 минг гектарда томчилатиб суғориш технологияси жорий этилган бўлса, шундан 30 фоизи, яъни 13 минг гектари маҳаллий корхоналар маҳсулотига тўғри келди.

Ушбу технологияларга талаб ортар экан, бугунги кунда сувни тежовчи технологияларнинг ускуналари ва бутловчи қисмларини маҳаллий шароитда ишлаб чиқарувчи корхоналар сони 30 тага етди. Бу билан 2021 йилда сув тежовчи технологиялар жорий қилинадиган майдонларнинг 50 фоизини маҳаллий корхоналар маҳсулоти қамраб олишга имкон яратилди.

Бугунги кунга қадар республикамизда жами 9 830 та фермер хўжаликлари ва кластер ташкилотлари билан қурувчи пудрат корхоналари ўртасида 363,7 минг гектар майдонда сув тежовчи технологияларни жорий қилиш бўйича пудрат шартномалари расмийлаштирилиб, шундан 84,7 минг гектар майдон бўйича қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда.

Йил якунига қадар мамлакатимизда шу турдаги маҳаллий корхоналар сонини 100 тага етказиш, соғлом рақобат муҳитини юзага келтириш ва сифат босқичига катта эътибор қаратиш мўлжалланган. Натижада юртимизда сув тежовчи технологияларни жорий этиш имкониятлари янада кенгаяди.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ
(«Халқ сўзи»)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?