«Сув текин» эмас

18:51 26 Сентябр 2022 Жамият
410 0

Фото: Халқ сўзи

Бугун сув танқислиги ҳақида дунёнинг энг юқори минбарларидан туриб гапирилмоқда. Унинг турли минтақаларда босим воситасига айланиб қолганлиги ҳам бор гап. Шундай экан, халқимизнинг «сув текин», «олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ» каби иборалари эскирди, десак ҳам айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Танқислик нафақат ичимлик, балки экин сувларига ҳам тегишли бўлиб, мамлакатимизда сув хўжалиги соҳасидаги қонунчилик талабларига риоя етиш, сунъий сув объектларида сувдан оқилона ва самарали фойдаланиш устидан доимий назорат Республика Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш Инспекцияси томонидан олиб борилади.

Инспекциянинг биргина Конимех туман бўлими томонидан жорий йилнинг январь-август ойларида ўтказилган 112та назорат тадбирларида

50 та ҳолатда сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли қоидаларини бузиш, 20 та ҳолатда эса сув объектларининг ҳолатига таъсир етувчи гидротехника ишларини ўзбошимчалик билан бажариш ҳолатлари аниқланди.

— Юқорида аниқланган камчиликлар юзасидан ваколат доирасида ҳуқуқбузарларга нисбатан 9та маъмурий баённома расмийлаштирилиб, шу жумладан 6 нафар фуқарога маъмурий асосда қабул қилинган қарорлар бўйича маъмурий жарима ва 4 та молиявий санкциялар қўлланилди, — дейди «Ўзагроинспекция» Конимех туман бўлими катта инспектори Улуғбек Тоштемиров. — Ўз навбатида, тегишли корхона, муассаса, ташкилот раҳбарларига маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир етиш сабаблари ва уларга олиб келган шарт-шароитларни бартараф этиш юзасидан чоралар кўриш тўғрисида 93та ёзма кўрсатма ва 9та тақдимнома киритилди.

Юртимизда июль-август ойларида ҳар томчи сув асалга тенглаштирилади. Шу боис инспекциянинг туман бўлими томонидан мазкур ойларда 23 та назорат тадбирлари ўтказилиб, қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш чоралари кўрилди. Айнан бу даврдаги асосий қонунбузилишлар ва исрофгарчилик ғўза майдонларини кўллатиб суғориш ва суғориш қоидаларга амал қилмаслик, бир сўз билан айтганда масъулиятсизлик оқибатида рўй берган.

Мисол учун, Конимех тумани Ирригация бўлимига қарашли «Чордара-2» ариғи муҳандис-гидротехниги Б. Б. ўзига тегишли бўлган «Чордара-2» сув ариғидаги олинган сувларни ҳар ўн кунда ўлчаб бориш белгиланган бўлсада, ўзига юклатилган вазифага юзаки ёндошганлиги, сувни рослайдиган (дарвоза)ни ўзбошимчалик билан очиб ёпиши натижасида суғориш графиклари бузилишига сабабчи бўлганлиги аниқланди.

Мазкур ҳолат бўйича Б.Бга нисбатан Ўзбекистон Республикасининг МЖтКнинг 74-моддаси 2-қисми билан баённома расмийлаштирилиб, жарима жазоси қўлланилди.

«Шўркўл» ҳудудидаги «Тўққизтепа» маҳалласи «Момиқчи» қишлоғида яшовчи фуқаро О.Д эса ўзига тегишли бўлган 1,2 гектар ер участкаси, яъни томорқасини суғориш учун Конимех каналидан рухсатсиз сув олганлиги ҳамда белгиланган тартибда шартнома расмийлаштирмасдан сувдан фойдаланиб келганлиги аниқланиб, унга нисбатан Ўзбекистон Республикасининг МЖтКнинг 74-моддаси 2-қисми билан баённома расмийлаштирилиб, 300 минг сўм миқдорда жарима ундирилди.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоиз, бундай мисолларни турли ҳудудлардан келтириш мумкин. Сувдан заргарона фойдаланиш мақсадида мамлакатимиз миқёсида томчилатиб, ёмғирлатиб суғориш усуллари жорий этилиб, катта миқдорда маблағ йўналтирилаётган бир пайтда бу каби исрофгарчиликлар наинки қонун, Яратганга ҳам хуш келмайди.

Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер