Сув тақчиллигини енгишда мақбул ечим

20:11 14 Июль 2022 Жамият
460 0

Фото: Халқ сўзи

Термиз давлат университети олимлари томонидан ишлаб чиқилган, маҳаллий хом ашё асосида сув ва минерал ресурсларни тежовчи, юқори бўкувчан ва биопарчаланувчан гидрогеллар ишлаб чиқариш лойиҳаси кўпчиликнинг эътиборини ўзига тортмоқда. Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан молиялаштирилган лойиҳага кўра, йилига 60 тонна ушбу турдаги маҳсулот ишлаб чиқарилади.

—  Биз ишлаб чиқараётган гидрогелларни ўсимликларнинг барча турида кенг қўллаш мумкин, — дейди Термиз давлат университети докторанти, лойиҳа муаллифи Баҳодир Холназаров. — Суғориш тизими мавжуд бўлмаган ва лалми майдонларда янги боғ-роғлар яратишда ушбу гидрогель маҳсулотининг аҳамияти катта. Содда қилиб айтганда, 5 грамм гидрогель 10 литр сувга бўктирилгач, ўсимлик ва дарахтларнинг илдиз қисмига яқин кўмиб қўйилади. Шу орқали 3 ойгача сув ва минераллар билан тўйинтирилади. Муҳими шундаки, ушбу илғор инновацион суғориш услуби одатдагига нисбатан 40-45 фоиз сув сарфини камайтиради.

Гидрогелдан икки йил давомида фойдаланилса ҳам, у ўз хоссаларини йўқотмайди. Эскирган гидрогель деструкцияланишидан ҳосил бўлган маҳсулотлар ернинг инфраструктурасини бузмайди. Aксинча, азотли ўғит сифатида ўсимликлар томонидан ўзлаштиришга қулай ҳисобланади.

Таъкидлаш жоизки, давлатимиз раҳбарининг 2021 йилнинг 1 апрелдаги «Илмий ва инновацион фаолиятни ривожлантириш бўйича давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги Фармонига биноан Олтинсой туманида ташкил этилган «Ёшлар инновацион ишлаб чиқариш зонаси»да шу каби жами 9 та инновацион лойиҳа амалиётга татбиқ этилган. Бунинг учун 9 миллиард сўм маблағ йўналтирилган.

Илҳом Раҳматов, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер