Сув хўжалигининг 233 та қурилмаларида носозликлар аниқланган

18:37 10 Июнь 2021 Жамият
344 0

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси томонидан жойларда "Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида"ги Қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя этилиши, сувдан оқилона ва самарали фойдаланиш ҳамда сув истеъмоли қоидаларига риоя этилиши устидан қатъий назорат ўрнатилган.

Инспекция матбуот хизматининг хабар беришича, ҳисобот даврида, сунъий сув объектларида сувдан оқилона ва самарали фойдаланилиши ҳамда сувдан фойдаланиш қоидаларига риоя этилиши устидан ўтказилган 12740 та назорат тадбирларида 7755 та ҳолатда қонун ва тартиб бузилиши ҳолатлари аниқланган.

Сув истеъмолчилари томонидан содир этилган қонун ва тартиб бузилишлар натижасида 893 та ҳолатда 197 гектар қишлоқ хўжалиги экин майдонлари кўллатиб юборилган, 1155 та ҳолатда сувлар коллектор-дренаж тармоқларига фойдаланилмасдан ташлаб қўйилган, 1100 та ҳолатда рухсат этилмаган жойлардан шартнома тузмасдан 13465 минг метр куб сувлар эгаллаб олинган.

Юқоридаги қонунбузилиши ҳолатларини келиб чиқиш сабаблари ўрганилиб, келгусида шу каби ҳолатларнинг олдини олиш бўйича Инспекция томонидан тегишли ташкилот ва корхоналарнинг масъул мансабдор шахсларига 8923 та огоҳлантириш 1277 та ёзма кўрсатма ва 352 та тақдимномалар киритилди.

Хусусан, аниқланган қўпол қонун бузилиши ҳолатларига нисбатан Инспекция томонидан 3171 та маъмурий баённома расмийлаштирилиб, 1 млрд 13 млн.сўмлик маъмурий ва 1627 та 1 млрд 291 млн. сўмлик молиявий жарима санкциялари қўлланилди.

Бундан ташқари, 916 та қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан тўпланган ҳужжатлар тегишлилиги бўйича кўриб чиқишлик учун суд ва прокуратураларга юборилиши таъминланди.

Ўтказилган назорат тадбирлари давомида 5077 та ҳолатда сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли, 698 та ҳолатда сув объектларининг ҳолатига таъсир этувчи гидротехника ишларини ва бошқа ишларни ўзбошимчалик билан бажариш, 155 та ҳолатда сув объектларидан белгиланган сув олиш лимитларини бузиш, 146 та ҳолатда сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли режаларини бузиш, 206 та ҳолатда сувларнинг давлат ҳисобини юритиш, 150 та ҳолатда сув хўжалиги иншоотлари ва қурилмаларидан фойдаланиш қоидалари бузилганлиги ва 1318 та бошқа ҳолатдаги қонунбузилишлар маълум бўлди.

Шунингдек, сув хўжалигининг 714 та иншоотлари ва 233 та қурилмалари носозлиги аниқланиб, мазкур камчиликлар Инспекция томонидан тўлиқ бартараф этилиши таъминланди.

 

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?