Сув хўжалигига жалб этилаётган инвестициялар қандай мақсадларга сарфланмоқда?

17:04 02 Август 2021 Иқтисодиёт
1338 0

Сув хўжалиги вазирлиги томонидан ташкил этилган тадбирда шулар хусусида маълумот берилди. Сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва бошқариш тизимини такомиллаштириш, мавжуд объектларини модернизация қилиш каби масалаларга жиддий эътибор қаратиляпти. Зеро, бу давр талаби. Чунки сувга эҳтиёж доим бўлган ва ортиб бораверади. Шу маънода, мазкур юмушлар аҳамияти юқори. Айниқса, тармоққа жалб этилган инвестицияларни ўз вақти ва ўрнида ишлатиш жуда муҳим.

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалигида хорижий инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш маркази айни шундай ишларга ихтисослаштирилган. Марказ директори Бахтиёр Камоловнинг айтишича, ўтган йилда Ислом тараққиёт банки иштирокидаги «Хоразм вилояти Тошсоқа тизимидаги магистраль суғориш каналларини қайта тиклаш» лойиҳаси доирасида қурилиш ишлари якунтга етказилгач, Хазорасп, Боғот, Хонқа, Урганч, Хива, Кўшкўпир ва Шовот туманларида жами 191,3 минг гектар суғориладиган ерларнинг сув таъминоти ҳамда 100 минг гектар ернинг мелиоратив ҳолати яхшиланди.

Шу билан бирга, айни пайтда Осиё тараққиёт банки, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги, Жаҳон банки, Ислом тараққиёт банки, Саудия тараққиёт жамғармаси иштирокида 767 млн. долларлик 5 та йирик лойиҳа амалга оширилмоқда.

Ушбу лойиҳалар доирасида 2021 йилда жами 211,2 млн доллар миқдоридаги хорижий кредитларнинг ўзлаштирилиши ҳамда Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳисобидан 2,26 млн. доллар миқдорида маблағ ўзлаштирилиши режалаштирилган.

Лойиҳалар бўйича ишлар авж палласида. Яъни жорий йилнинг биринчи ярмида 188 км каналлар ва улардаги 57 та гидротехник иншоот реконструкция қилинди, 52 та вертикал суғориш қудуқ бурғиланди, Сурхондарё вилоятида 100 гектар майдонда томчилатиб суғориш тизими ўрнатилди.

Лойиҳалар ҳудудида 570 млн сўм эксплуатация маблағлари иқтисод қилинди, ирригация тизими каналларининг фойдали иш коэффициенти 15 фоизга ошди, 50 млн метр куб сув тежалди.

Шу билан бирга, йил якунига қадар инвестиция лойиҳалари доирасида белгиланган жами 213,5 млн. доллар, шу жумладан 211,2 млн. доллар хорижий кредитлар ва Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳисобидан 2,26 млн. доллар ўзлаштирилади.

437 км каналлар ва улардаги 640 та гидротехник иншоот қурилади ва реконструкция қилинади, 28 дона насос агрегати модернизация қилинади, 92 та вертикал суғориш қудуқ бурғиланди ҳамда 11 700 гектар ер майдони лазер ёрдамида текисланади. Лойиҳалар ҳудудида 1 120,0 млн. сўм эксплуатация маблағлари иқтисод қилинади, ирригация тизими каналларининг фойдали иш коэффициенти 15 фоизга ошади, 220 млн метр куб сув тежалади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?