Сурхондарёлик ўқитувчилар янги ўқув йили олдидан бир даврада жам бўлишди

12:53 22 Август 2022 Жамият
392 0

Фото: Халқ сўзи

Термиз шаҳридаги Санъат саройида 2022-2023 ўқув йили олдидан Устозлар миллий форуми бўлиб ўтди. Шаҳар ва туманлардан фаол, фидойи ўқитувчи-мураббийлар таклиф қилинган тадбир аввалида вилоятнинг спортчи, китобхон ва рассом, ижодкор ва санъаткор ёшлари томонидан ўзига хос бадиий-кўргазмали чиқиш намойиш этилди.

Таъкидланганидек, Сурхондарё вилоятидаги 934 та умумтаълим мактаби моддий-техник базаси мустаҳкамланиши баробарида таълим-тарбия самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Биргина жорий йилда республика бюджетидан 146 та, маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 47 та, шунингдек, Жанубий Кореянинг «Эксимбанк»и лойиҳаси доирасида 79 та умумтаълим мактаби компьютер жиҳозлари билан таъминланди. Мавжуд мактабларга оптик толали алоқа линиялари тортилди.

«Ташаббусли бюджет» лойихаси асосида вилоятдаги 77 та мактабда 42 миллиард 785 млн. сўмлик қурилиш-таъмирлаш ва жиҳозлар ишлари бажарилди. Мактабларда ўқитиш сифатини тубдан яхшилаш мақсадида бошқа ҳудудлардан 130 нафар малакали ўқитувчи жалб қилиниб, олис манзилларда жойлашган «қизил тоифада»ги таълим муассасаларига ишга жойлаштирилди.

Тадбирда бу борадаги ижобий ишлар тилга олинаркан, ўз фаолиятида салмоқли натижаларга эришаётган бир гуруҳ ўқитувчи-мураббийлар вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Форум доирасида Термиз шаҳридаги 26-умумтаълим мактабида янги ўқув йилига пухта тайёргарлик кўриш, самарали методларни дарс жараёнларига татбиқ этиш мақсадида амалий ўқув семинари ҳам ташкил этилди. Унда вилоятдаги 750 нафарга яқин етакчи педагоглар иштирок этиб, ўқитишнинг янги, замонавий методлари бўйича тақдимот ўтказишди. Ҳар бир шўбада ўтказилган машғулотлар баҳс-мунозараларга бой бўлди.

Илҳом Раҳматов, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер