Сурхондарёга илм излаб келган афғон йигити

13:14 21 Ноябрь 2024 Жамият
164 0

Фарҳод ЭСОНОВ/«Халқ сўзи». Сўнгги йилларда Ўзбекистонда таҳсил олаётган хорижлик талабалар сони ортиб бормоқда. Маълумотларга кўра, 2018 йилга нисбатан 2024 йилда чет эллик талабалар сони тўрт баробарга ошган. Хўш, хорижлик ёшларнинг Ўзбекистонга интилишига қандай сабаблар туртки бермоқда?

Термиз давлат университети ўзбек филологияси факультети талабаси афғонистонлик Эмоди Несар Аҳмад ҳам Сурхондарёга илм излаб келган.

— Аввало, Ўзбекистонда Навоий, Фаробий боболаримиз орзу қилган жамиятни яратиш мақсади бор, — дейди Эмоди Несар Аҳмад. — Бундай обод, тинч-осуда, фаровон ҳаётни барча давлат халқлари, айниқса, ёшлари орзу қилади. Ўзбек ёшларининг эришаётган оламшумул ютуқлари ҳам шундан аслида. Ўзбекистон бой ва ранг-баранг маданиятга эга. Миллий анъаналар, урф-одатлар, санъат ва меъморчилик билан дунёга машҳур. Самарқанд, Бухоро, Хива, Термиз каби шаҳарлардаги тарихий обидалар менда ҳам катта қизиқиш уйғотган. Тўрт фаслга тенг гўзал табиати, меҳмондўстлиги, барча халқларга манзур бўладиган миллий таомлари — буларнинг бари хорижлик ёшларни ўзига чорламоқда. Энг асосийси, сифатли таълимга эътибор кучли. Мамлакатнинг кўплаб олийгоҳларида хорижлик талабалар учун сифатли таълим олиш имконияти мавжуд. Энг муҳими, Ўзбекистоннинг тинч ва барқарор мамлакат сифатидаги обрўси халқаро майдонда юқори. Бу ерда таҳсил олиб кетганларнинг ижобий таассуротлари хорижлик ёшларни ҳам Ўзбекистонга келиб ўқишга ундамоқда.

Эмоди Несар Аҳмаднинг миллати афғон бўлса-да, ўзбек тилида равон гапиради.

— Ўзбек тили ва адабиётига бўлган меҳрим болаликдан уйғонган, — дея давом этади у. — Шу замин камолга етказган Навоий, Бобур, Қодирий, Чўлпон, Беҳбудий сингари алломалар асарлари ўзига мафтун этган. Ота-онам бунга ҳеч қачон монийлик қилмаган, аксинча, рағбатлантирган. Танлаган йўлимни англаган ота-онам, албатта, Ўзбекистонда таҳсил олишим кераклигини айтган. Бунинг учун менга барча шароитларни яратиб беришди.

Аввало, ҳар бир ёш хорижда таҳсил олиши учун маъқул мамлакат ва қарашларига мос олийгоҳни танлайди. Тўғри, АҚШ, Канада, Австралия, Буюк Британия, Янги Зеландия, Германия, Ирландия хорижий талабаларнинг таҳсил олиши учун қулай мамлакатлар сифатида эътироф этилади. Аммо таҳсил ҳақида гап кетганда, фақатгина мамлакатнинг жозибадорлигига учиш эмас, балки танланажак соҳанинг ўша юртда қанчалик ривожлангани ва талабгирлигини ҳам инобатга олиш керак.

Шукурки, бугунги кунда мамлакатларимиз дўстона муносабати ҳар қачонгидан ҳам аъло даражада. Танлаган мутахассислигим ўзбек тили ва адабиёти бўлгани учун Ўзбекистон ўз ватанидек бўлиб қолди.

Инсон ўз олдига қўйган мақсадлари танлаган йўлида эришаётган муваффақиятларида ҳам намоён бўлади. Эмоди Несар Аҳмад Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси ва Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамкорлигида олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган хорижлик талаба-ёшлар ўртасида ўтказиб келинаётган “Ўзбек тили — қалбим таржимони” кўрик-танловининг жорий йилги республика босқичида 2-ўринни эгаллади. Унинг мақсадлари улкан. Танлаган соҳасининг етук мутахассиси бўлишга иштиёқи кучли. Келажакда юртига бориб, ўзи сингари қизиқувчи ёшларга бу ерда ўрганган билимларимни улашишни орзу қилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?