Сурхондарёда ёшлари фестивали 150 минг нафар ўғил-қизларни ўз атрофида бирлаштирди

21:20 15 Июнь 2021 Жамият
1124 0

Мамлакатимиз ёшларини эзгу мақсад йўлида бирлаштирган «Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик» шиори остидаги ёшлар фестивалининг кўтаринки шукуҳи бугун Сурхондарё вилоятига кўчди. Термиз шаҳридаги «Санъат саройи» ҳудудида 5 та муҳим ташаббусга бағишланган кўргазма ва павильонлар ташкил этилган. Унда халқимизнинг миллий қаҳрамонлари ҳамда бугунги ёшлар ҳаёти, улар томонидан амалга оширилаётган ибратли ишлар, ютуқ ва натижалар ўз ифодасини топган.

Сурхондарё вилоятида 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган 611 минг йигит-қизлар истиқомат қилади. Уларнинг 56 минг 700 нафари «Ёшлар дафтари»га киритилган бўлиб, ҳозирга қадар 30 мингта ёшлар ижтимоий соғломлаштириш тадбирлари натижасида мазкур дафтардан чиқарилди. Ўз бизнесини йўлга қўйган ёшларга 3 миллиард сўмдан зиёд маблағ йўналтирилди.

Вилоятнинг 150 минг нафарга яқин ёшларини ўз атрофида бирлаштирган фестиваль тадбирлари «Ҳоким ва ёшлар» учрашуви билан бошланди. Термиз шаҳридаги «Санъат саройи» ҳудудидаги боғда Сурхондарё вилояти ҳокими, 1-сектор раҳбари Тўра Боболовнинг ёшлар билан мотивацион учрашуви бўлиб ўтди. Унда биринчи секторга қарашли Денов, Қизириқ, Бандихон, Бойсун, Шеробод туманлари ёшлари қатнашди. Вилоят ҳокими жорий йилнинг 1-2 июнь кунлари давлатимиз раҳбарининг Сурхондарё вилоятига ташрифи воҳа жамоатчилиги учун катта мотивация берганини алоҳида таъкидлади. Ҳудудни комплекс ривожлантириш, аҳоли бандлиги, турмуш фаровонлигини таъминлаш, бу жараёнда ёш авлод манфаатларини тўлақонли ҳимоялаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга доир вазифалар ижроси изчил амалга оширилаётгани таъкидланди. Қайд этилганидек, 2021-2022 йилларда умумий қиймати 16 триллион 800 миллион сўм бўлган 1 минг 177 та лойиҳа амалга оширилади. Натижада 25 мингта янги иш ўрни яратишга эришилади. Айниқса, унумдорлиги паст, ғалладан бўшаган майдонлардан сабзавот-полиз маҳсулотлари етиштириш учун ўртача 15-20 сотихдан 10 йил муддатгача ижарага ер ажратиш тизимининг ҳаётга татбиқ этилиши ёшлар бандлигини таъминлаш, уларнинг даромад олиш манбаларини яратишга хизмат қилмоқда.

Учрашувда ёшлар ўзларининг илғор, инновацион ғояларини илгари суриб, янги таклиф ва ташаббусларини билдиришди.

Учрашувда энг иқтидорли, ташаббускор талабалар учун 1 миллиард сўм маблағ ажратилиб, шаҳар ва туманлар бўйича ҳоким стипендияси таъсис этилиши маълум қилинди.

«Ҳоким ва ёшлар» учрашуви якунида энг фаол ёшларга вилоят ҳокимининг рағбатлантирувчи мукофот ва эсдалик совғалари топширилди.

Шунингдек, фестиваль доирасида бошқа вилоят секторлари раҳбарлари – вилоят прокурори Садриддин Турдиев, вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Абдувоҳид Исмоилов ҳамда вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Сирожиддин Эшматов ўз секторларида истиқомат қилувчи йигит-қизлар билан мулоқотда бўлди.

Бугун шунингдек, «Ёшлар ва тадбиркорлар учрашуви» ёш тадбиркорлар ишлаб чиқарган маҳсулотлари кўргазмаси, миллий халқ ўйинлари ва турли спорт мусобақалари ҳам ўтказилди. Тадбир доирасида «Ёш китобхон» кўрик танлови, «Заковат» интеллектуал ўйини, бахшичилик, от спорти, дўппи, дўмбира ва бошқа миллий қадриятларимизни тарғиб қилувчи беллашув ва кўргазмалар ўтказилмоқда.

Жорий йилнинг 17 июнига қадар давом этадиган фестиваль кунлари ва «Ёшлар ойлиги» доирасида 325 та турли тадбирлар ўтказилиши белгиланган.

Илҳом РАҲМАТОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?