Сурхондарёда ОТМга ўқишга кириш учун 93 минг 576 нафар абитуриент тест топширади

16:25 10 Август 2022 Жамият
226 0

Фото: Халқ сўзи

Сурхондарё вилоятида 2022-2023 ўқув йили учун олий таълим муассасаларига 93 минг 576 нафар абитуриент ҳужжат топширган бўлиб, шу кунларда Термиз шаҳридаги тўрт жойда тегишли тартибда тест синовлари ўтказилмоқда.

Ҳар куни биринчи навбатда 4 минг 20 нафар, иккинчи навбатда 8 минг 40 нафар абитуриент тест синовида иштирок этаётир. Мазкур жараёнларнинг очиқ ва шаффоф ўтишини таъминлаш мақсадида халқ таълими ва олий таълим муассасаларининг 307 нафар раҳбар ва педагог ходимлари гуруҳ назоратчилари сифатида жалб этилган. Жорий йилда илк бор эшитишда нуқсони бўлган абитуриентлар учун тест синовларида сурдотаржимонлар хизмати ҳам йўлга қўйилди. Жараёнлар видеокузатув остида test2022.uz сайти орқали онлайн трансляция қилинмоқда.

Давлат тест маркази Сурхондарё вилояти бўлими раҳбари Ёқуб Каримовнинг маълум қилишича, бу йил тест синовларини ўтказишга доир бир қанча янги тартиб ва қулайликлар жорий этилган. Хусусан, бакалавриат таълим йўналишларига кириш тест синовларида 90 та тест топшириғи учун 3 соат вақт берилади. Агар абитуриентда мутахассислик фанининг биттасидан сертификат мавжуд бўлса ёки битта фандан касбий (ижодий) имтиҳон топширса, унга 1 та мутахассислик ва 3 та мажбурий фан учун 2 соат вақт ажратилади. Абитуриент фақат мажбурий фанлар бўйича тест синовида иштирок этса, унга 3 та мажбурий фан бўйича 30 та тест топшириғи учун 1 соат вақт берилади. Шунингдек, абитуриентларга янада қулайлик яратиш мақсадида кимё, физика ва математика фанларида ҳар бир тест топшириғидан сўнг мисол ишлаш учун маълум миқдорда жой қолдирилган.

Бундан ташқари абитуриентларга тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси ва кетма-кетлиги бир хил бўлган бештагача бакалавриат таълим йўналишларини ҳамда бир вақтнинг ўзида барча таълим шаклларини танлаш ҳуқуқи берилди. 5 тагача бакалавриат таълим йўналиши билан бирга танланган бакалавриат таълим йўналишлари устуворлигига қараб дастлаб давлат гранти, кейинчалик тўлов-контракт асосида танловда иштирок этиш бўйича абитуриентларга қўшимча имкониятлар берилган.

Эслатиб ўтамиз. Тест синовлари 20 августга қадар давом этади.

Илҳом Раҳматов, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер