Сурхондарёда йилнинг ишбилармон аёллари аниқланди

19:56 11 Август 2022 Жамият
413 0

Фото: Халқ сўзи

Термиз шаҳрида «Ишбилармон аёл» кўрик танлови ўтказилди. Унда танловнинг шаҳар ва туман босқичида ғолибликка эришган тадбиркор хотин-қизлар иштирок эди. «Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз!» шиори остида ўтказилган тадбир аввалида иштирокчилар ўзлари ишлаб чиқарган маҳсулотларни намойиш этишди.

Ҳакамлар ҳаёти томонидан иштирокчиларнинг ишлаб чиқариш кўрсатгичлари, аҳоли бандлигини таъминлашдаги ўрни, ижтимоий йўналтирилган ҳамда истиқболли лойиҳалари атрофлича ўрганилиб, ғолиблар номи аниқланди. Унга кўра, Шўрчи туманидаги «Мафтуна Шўрчи дизайн» МЧЖ раҳбари Гулсара Тангирова биринчи ўринни, «Бойсун Афрузбек» оилавий корхонаси раҳбари Хадича Раҳимбердиева иккинчи, шерободлик якка тартибдаги тадбиркор, ҳунарманд-гиламдўз Шоҳида Ҳасанова учинчи ўринга муносиб кўрилди. Яна 5 номинациялар бўйича ғолиблар аниқланди. Ғолиблар тадбир ташкилотчилари томонидан диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

— Рости, ғолиб бўламан, деб кутмагандим. Жуда хурсандман. Бундай тадбирлар биз тадбиркорларга руҳан мадад беради, янги мақсадлар сари йўл очади. Тўрт йил аввал ҳам ушбу кўрик- танловда қатнашганман. Унда корхонамиздаги иш ўрни 61 та бўлган бўлса, шу давр мобайнида фаолиятимизни янада кенгайтириб, мавжуд иш ўринларимиз 146 тага етди. Яқин келажакда яна бир неча янги лойиҳаларни амалга ошириш ниятидаман, — дейди кўрик-танлов ғолиби Гулсара Тангирова.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси томонидан 7 йил буён ўтказиб келинаётган «Ишбилармон аёл» кўрик-танлови ҳозирга қадар мамлакатимизда фаолият олиб бораётган 80 мингдан ортиқ ишбилармон аёлларни қамраб олди. Ўтган йиллардан фарқли ўлароқ бу йил вилоятда ғолибликни қўлга киритганлар ҳам танловнинг республика бўйича ҳам ғолиблари деб эълон қилинди.

Илҳом Раҳматов, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер