Сурхондарёда иссиқлик электр станцияси қурилиши бошланди

Фото: president.uz
Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида яна бир муҳим воқеа – Сурхондарё вилояти Ангор туманида янги иссиқлик электр станцияси қурилишига бағишланган маросим бўлди.
Президент Шавкат Мирзиёев бўлажак станциянинг қуввати ва самарадорлиги ҳақида сўзлади.
Ушбу лойиҳанинг умумий қиймати 1 миллиард 200 миллион доллар бўлиб, унинг натижасида 1 минг 560 мегаватт қувват яратилади, йилига 12 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Лойиҳа доирасида энг замонавий технологиялар ўрнатилиб, йилига 1 миллиард куб метр табиий газ тежалади.
Мажмуа Сурхондарёдаги биринчи, охирги йилларда юртимизда барпо этиладиган энг йирик иссиқлик электр станцияси бўлади. Бу ҳудуднинг чексиз иқтисодий салоҳиятини рўёбга чиқаришга катта имкониятлар яратади.
Масалан, Сурхон ҳудуди нефть, газ, кўмир, қимматбаҳо ва рангли металлар, кўп турдаги безак тошлар каби 100 дан ортиқ конларга эга бўлсада, улар етарли даражада ўзлаштирилмаган. Шунинг учун келгуси беш йилда бу вилоятда 7 миллиард долларлик 5 мингдан зиёд инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш кўзда тутилган.
Шунингдек, бу станцияда ишлаб чиқарилган электр энергияси Сурхондарёдаги 500 минг хонадонни ҳам нурга тўлдиради. Бундан ташқари, қўшни Афғонистонга йилига камида 3 миллиард киловатт-соат электр энергиясини экспорт қилиш имконияти пайдо бўлади.
Лойиҳа Германиянинг “Siemens Energy”, Франциянинг “IDEF”, Нидерландиянинг “Stone City Energy” компаниялари томонидан давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилади. Давлатимиз раҳбари бунга алоҳида эътибор қаратиб, соҳада хусусий капитал иштирокига кенг имкониятлар очилаётганини таъкидлади.
– Биз охирги йилларда энергетика соҳасида катта ислоҳотларни амалга ошириб, соҳани тўлиқ трансформация қилмоқдамиз. Жумладан, электр ишлаб чиқаришга илк бор хусусий сектор иштироки учун кенг имкониятлар очилди. Сўнгги уч йилда умумий қуввати 1 минг Мегаваттдан зиёд бўлган 5 та электр станцияси давлат-хусусий шериклик асосида ишга туширилди. Жалб этилган хорижий инвестициялар ҳажми 1 миллиард доллардан ошди, – деди Шавкат Мирзиёев.
Ҳозирги кунда мамлакатимизда қуввати 9 минг Мегаватт бўлган яна 19 та электр станцияси барпо этилмоқда. Уларнинг умумий қиймати 10 миллиард доллардан зиёд.
Президентимиз тадбирда иштирок этган халқаро молиявий институтлар ва компаниялар раҳбарларига миннатдорлик билдириб, Ўзбекистонда хорижий инвестиция иштирокидаги лойиҳалар ҳар томонлама қўллаб-қувватланишини яна бир бор таъкидлади.
Тадбирда иштирок этган “Siemens Energy” компанияси президенти Кристиан Брух ва “IDEF” компанияси ижрочи директори Беатрис Буффон Ўзбекистонда энергетика тизими замонавий технологиялар асосида модернизация қилинаётганини юқори баҳолади. Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаб, яна кўплаб лойиҳаларда қатнашиш истагида эканликларини таъкидлашди.
Шундан сўнг, давлатимиз раҳбари рамзий тугмани босиб, иссиқлик электр станцияси қурилишини бошлаб берди.
Мазкур станцияни 2024 йил охирида ишга тушириш режалаштирилган.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 2023 йилдан автомобиль нархи пасайди — UzAuto Motors
- Ўзбекистон Президентининг 14 январь — Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан бир қатор муассасаларга ташрифи жараёнларидан «Халқ сўзи» мухбири фоторепортажи
- Европа Иттифоқи Украинага 18 миллиард евро миқдоридаги янги ёрдам пакети ажратди
- АҚШ Ғарбни Украинага қирувчи самолётлар етказиб беришга чақирмоқда
- Буюк Британия бош вазири жаримага тортилди
- Европада бир вақтнинг ўзида ҳам грипп, ҳам коронавирусни юқтирган беморлар кўпаймоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг