Сурхондарёда "Innoweek- 2022» инновацион ғоялар кўргазмаси бўлиб ўтди

10:26 10 Сентябр 2022 Жамият
424 0

Фото: Халқ сўзи

Термиз шаҳридаги Ёшлар маркази биносида Инновацион ривожланиш вазирлиги, инновациялар миллий офиси ҳамда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида "Innoweek- 2022» инновацион ғоялар кўргазмаси ташкил этилди. Вилоятда илмий ва инновацион фаолликни ривожлантириш, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини қўллаб-қувватлаш, янги ғоя ва лойиҳаларни молиявий рағбатлантириш мақсадида ўтказилган тадбир аввалида Сурхондарё вилояти ҳокими ўринбосари Анвар Орипов, Инновациялар Миллий офиси Бош директори ўринбосари Акбархон Собирхоновлар мазкур кўргазманинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида сўз юритишди.

— Вилоятимизда 2022-2026 йилларда инновацион ривожланиш концепцияси ишлаб чиқилган. Жорий йил якунига қадар ҳамда 2023 йилда вилоятда 13.2 миллиард сўмлик 11 та лойиҳалар амалга оширилади. Шунингдек, инновацион ғояларни қўллаб-қувватлаш учун маҳаллий бюджет маблағларидан ажратилган 1,1 миллиард сўмга 5 та лойиҳани молиялаштириш кўзда тутилган, — дейди Сурхондарё вилояти Инновацион ривожланиш бошқармаси бошлиғи Шерхон Кичкилов.

Ўтган йили Олтинсой тумани инновацион ҳудуд этиб белгиланиб, вилоятда умумий қиймати 15 миллиард сўмлик 16 та лойиҳа ҳаётга татбиқ этилди. Бундан ташқари 1,2 гектар ҳудудда «Ёшлар инновацион ишлаб чиқариш зонаси» ташкил этилиб, инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Бу йил эса Термиз тумани инновацион ҳудуд сифатида белгиланган. Бу ерда ёшлар инновацион технопаркини барпо этиш ишлари олиб борилмоқда.

Вилоятда амалга ошираётган лойиҳалар илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграцияси пировардида импорт ўрнини босувчи, экспертбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришга эришилмоқда. Биопарчаланувчи гидрогеллар, фармацевтика маҳсулотлари, сифатли бўёқлар, базальт минерали асосида мустаҳкам компаундлар ишлаб чиқарилаётгани шулар жумласидандир.

"Innoweek- 2022» инновацион ғоялар ҳудудий кўргазмаси илмий инновацион ишланмага эга ташкилот ва муассасалар, тадбиркорлар ва ёшлар ўзларига бизнес шериклар топиш ва ҳамкорлик шартномаларини имзолаш, шунингдек, Халқаро инновацион ғоялар ҳафталигига йўлланмани қўлга киритиш имкониятига эга бўлишади.

Илҳом Раҳматов, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер