Сурхондарёда чиқиндиларни утилизация қилиш бўйича йирик инвестиция лойиҳаси бошланди
Швеция чиқиндиларни қайта ишлаш ва энергияга айлантириш бўйича дунёда етакчи мамлакатлардан бири саналади. Бу ерда маиший чиқиндиларнинг асосий қисми сараланиб, қайта ишланади, катта улуши эса махсус заводларда ёқилиб, иссиқлик ва электр энергияси ишлаб чиқаришда қўлланилади. Ҳатто айрим йилларда маҳаллий қувват етишмагани сабабли бошқа давлатлардан чиқинди олиб келиб қайта ишлаш амалиёти ҳам қўлланилган.
Япония, хусусан, Токио шаҳри чиқиндиларни ёқиш орқали энергия ишлаб чиқарадиган замонавий мажмуалари билан танилган. Улар шаҳар ҳудудига яқин жойлашгани, кучли фильтрлаш тизимлари жорий этилгани ҳамда айримларида атроф муҳит ободонлаштирилгани билан ажралиб туради. Бу мисоллар замонавий ёндашувда чиқинди муаммо эмас, аксинча, иқтисодий ресурс сифатида қаралаётганини яққол кўрсатади.
Ана шундай глобал тажриба фонида 2024 йил 21 октябрь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев маиший чиқиндиларни қайта ишлаш ва улардан энергия ишлаб чиқариш лойиҳалари тақдимоти билан танишар экан, масалага жуда аниқ ва кескин баҳо берган эди:
«Булар шунчаки завод эмас, ҳаёт-мамотимизни ҳал қиладиган масалалардан бири. Ер-сувларимизнинг яроқлилиги ҳам, аҳоли саломатлиги ҳам, ҳаво тозалигию энергетика барқарорлиги ҳам шу соҳага боғлиқ».
Давлатимиз раҳбарининг ушбу фикрлари экологик ва энергетик кун тартибидаги энг оғриқли муаммоларнинг асл моҳиятини очиб берди. Бу бежиз эмас. Зеро, Ўзбекистонда ҳар йили тахминан 14 миллион тонна маиший чиқинди ҳосил бўлади. Энг ташвишлиси, ушбу ҳажмнинг атиги 4–5 фоизи қайта ишланади, қолган қисми эса полигонларга жойланади. Натижада чиқинди майдонларидан миллионлаб тонна иссиқхона газлари атмосферага чиқмоқда, минглаб тонна заҳарли фильтрат ер ости сувларига сингиб, атроф-муҳит ва инсон саломатлигига жиддий таҳдид солмоқда.

Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, чиқиндини «юк» деб қабул қилган давлатлар экологик босим остида қолмоқда, уни ресурс сифатида баҳолаган мамлакатлар эса янги саноат тармоқлари ва қўшимча энергия манбаларига эга бўлмоқда.
Хусусан, чиқиндиларни ёқиш заводлари қаттиқ маиший ва саноат чиқиндиларини махсус печларда термал парчалаш технологияси асосида қайта ишлайди. Бу жараёнда ҳосил бўлган иссиқликдан электр ва иссиқлик энергияси ишлаб чиқарилади. Энг муҳими, замонавий фильтрлаш тизимлари орқали зарарли моддалар назорат остида ушлаб қолинади ва нейтраллаштирилади.
Шу боис Швеция ва Япония каби ривожланган давлатларда бундай мажмуалар шаҳар инфратузилмасининг ажралмас бўғинига айланган. Чунки бу технологиялар бир вақтнинг ўзида тўртта муҳим вазифани бажаради: чиқинди ҳажмини қисқартиради, қўшимча энергия яратади, ер ресурсларини тежайди ва янги иш ўринлари ташкил этади. Бошқача айтганда, кечаги муаммо бугунги иқтисодий имкониятга айлантирилган.
Шу нуқтаи назардан чиқинди масаласи фақат завод ёки инфратузилма қуриш билан чекланиб қолмайди. Буни англаган ҳолда 2024 йил 26 сентябрда Президент фармони билан Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги ташкил этилди. Бу соҳага тизимли ва узлуксиз ёндашув бошланганидан далолатдир.
Агентлик олдига чиқиндиларни тўплаш, саралаш, қайта ишлаш, зарарсизлантириш, ёқиш ва утилизация қилишнинг замонавий усулларини жорий этиш вазифаси қўйилди. Бугун «ишлатдик ва ташладик» деган эски моделдан воз кечилиб, янги сиёсат аниқ лойиҳаларда ўз ифодасини топмоқда.

Хусусан, чиқиндиларни ёқиш орқали электр энергияси ишлаб чиқарадиган заводлар қуриш лойиҳалари Андижон, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сирдарё, Фарғона, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида амалга оширилмоқда.
Эътиборли жиҳати шундаки, Сурхондарё вилоятида ҳам шундай йирик инвестиция лойиҳасига старт берилди. Яқинда Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги ҳамда Хитой Халқ Республикасининг «CCЭТ» компанияси ўртасида имзоланган келишувга мувофиқ, Ангор туманида 150 миллион АҚШ доллари миқдоридаги тўғридан-тўғри хорижий инвестиция асосида замонавий завод қурилишига тамал тоши қўйилди.
— Ушбу лойиҳа оддий саноат объекти эмас, — дейди Сурхондарё вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси бошлиғи Баҳодир Урунов. — Бу полигонлар юкини камайтириш, ноқонуний чиқинди ташлаш ҳолатларини қисқартириш ва ҳудуднинг экологик барқарорлигини таъминлашга қаратилган инфратузилмавий ечимдир. Қўшимча электр энергияси ишлаб чиқариш ҳудудий энергетик барқарорликни мустаҳкамлайди, янги иш ўринлари эса иқтисодий фаолликни оширади.
Лойиҳа 2028 йилда тўлиқ ишга туширилиши режалаштирилган. Қувватига кўра, корхона йилига 438 минг тонна қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлаб, 75 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқаради. Энг муҳими, 150 та доимий иш ўрни яратилади.
— Бир ҳақиқатни унутмаслик керак, — дея қўшимча қилади Баҳодир Урунов. — Чиқинди муаммоси фақат завод қуриш билан ҳал бўлмайди. Саралаш маданияти, тозаликка муносабат, маиший одатлар ҳам ўзгариши лозим. Чиқиндилар тўғри тўпланиб, кўпроқ қайта ишланса, экологик мувозанат яхшиланади, табиат тозаланади, жамиятнинг ўзи ўзгаради.
Демак, ушбу ислоҳотлар фақат саноат ёки энергетика лойиҳаси эмас, балки турмуш тарзини ўзгартиришга қаратилган узоқ муддатли стратегиядир. Сурхондарёда амалга оширилаётган лойиҳа эса ана шу катта йўлнинг мантиқий давомидир.
Фарҳод ЭСОНОВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Нодирбек Абдусатторов Прагадаги шахмат фестивалида чемпионликни қўлга киритди
- Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Prix Versailles талқинига кўра 2026 йилнинг дунёдаги энг гўзал музейлари рўйхатига киритилди
- Матчанов Умирзак Сеитжановичнинг иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) диссертация ҳимояси эълони
- Эндиликда йўловчи божхона декларациясини мобил илова орқали электрон шаклда топшириш мумкин
- Яқин Шарқдаги кескинликнинг нархи: АҚШ, Исроил ҳамда Эрон уруш учун қанча сарфлаяпти?
- Эроннинг ҳужум салоҳияти 50 фоизга қисқарди – АҚШ сенатори
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг