Сурхондарёда «Беш ташаббус олимпиадаси»нинг иккинчи мавсумига старт берилди

11:03 10 Сентябр 2022 Жамият
527 0

Фото: Халқ сўзи

Термиз шаҳридаги амфитеатр мажмуасида «Беш ташаббус олимпиадаси»нинг иккинчи мавсуми бошланиши муносабати билан тантанали тадбир уюштирилди. Сурхондарё вилояти ҳокимлиги, Ёшлар ишлари агентлиги вилояти бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, нуронийлар ва ёшлар ҳамда вилоятда фаолият олиб бораётган ёшлар етакчилари иштирок этди.

Давлатимиз раҳбарининг «Маҳаллаларда ёшларни оммавий спортга жалб қилишни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида жорий этилган «Беш ташаббус олимпиадаси» мусобақаларининг биринчи босқичи апрель-июнь ойларида ўтказилди. Маҳалла, сектор, туман, вилоят ҳамда республика босқичида ўтказилган танлов ва мусобақаларда жами 422 минг нафардан зиёд сурхондарёлик ўғил-қизлар иштирок этди. 17 нафар ёшлар республика босқичи ғолиблигини қўлга киритди. Тантанали тадбирда вилоят ҳамда республика босқичи ғолиблари муносиб рағбатлантирилди.

— Ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, хусусан спорт, маданият, китобхонлик, IT йўналишида иқтидорли ёшларни кашф этиш ва қўллаб-қувватлашга қаратилган оммавий тадбирлар кўп минг сонли ёшларни ўз атрофига бирлаштирмоқда. Биргина вилоятимизда ҳозирда 250 мингдан ортиқ ўқил-қизлар «Беш ташаббус олимпиадаси»нинг иккинчи мавсумида қатнашиш учун beshtashbbus.uz сайти орқали электрон рўйхатдан ўтган. Муҳими шундаки, ўтказилажак ушбу танлов ва мусобақаларга катта ҳозирлик кўрилган, — дейди Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Жамшид Чориев.

«Беш ташаббус олимпиадаси» иккинчи мавсуми бошланишига бағишлаб ўтказилган «Ёшлар фестивали» тадбири якунида ҳаваскор жамоалар ҳамда таниқли эстрада хонандалари иштирокидаги гала концерт намойиши вилоят ёшларига кўтаринки руҳ, байрамона хуш кайфият бағишлади.

Илҳом Раҳматов, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер