Сурхондарёда 300 дан ортиқ ногиронлиги бўлган шахс параспорт билан шуғулланмоқда

19:36 16 Апрель 2024 Жамият
222 0

Фарҳод ЭСОНОВ / «Халқ сўзи». Ногиронлиги бор шахсларни маҳалладан бошлаб оммавий спортга жалб этиш, уларни жисмоний соғломлаштириш ва «Беш ташаббус» доирасида спорт мусобақаларини ўтказиш бўйича Сурхондарё вилоятда зарур чора-тадбирлар белгиланиб, бу борада муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Чунончи, тиббий ижтимоий эксперт комиссиялари хулосасига кўра, воҳада 8 минг 298 нафар ногиронлиги бўлган шахсга параспорт билан шуғулланиш учун йўлланма берилган бўлиб, уларнинг 326 нафари жалб этилган.

Термиз шаҳрида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Сурхондарё вилояти бошқармаси, Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси вилоят ҳудудий бўлими, Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган паралимпия мусобақасига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга бағишланган матбуот анжуманида шу ҳақда батафсил маълумотлар берилди.

Тадбирда вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси бошлиғи З.Тўраев ва бошқалар мамлакатимизда имконияти чекланган шахсларнинг қобилиятини тўла рўёбга чиқариш, алоҳида эҳтиёжга эга шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлаш масалалари давлат сиёсати даражасидаги масала эканига алоҳида урғу берди.

— Комплекс ёндашув асосида профессионал ижтимоий ҳимоя тизимини жорий қилиш ҳамда ижтимоий ҳимоя тизими самарадорлиги ва манзиллилигини ошириш орқали аҳолининг кўмакка муҳтож қатлами ижтимоийлашувини таъминлаш каби олдимизда катта масъулиятли вазифалар бор, — деди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Сурхондарё вилояти бошқармаси бошлиғи Муҳиддин Тоғаев. — Шу нуқтайи назардан, жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларни параспортга кенг жалб қилиш орқали улар ижтимоий қўллаб-қувватланмоқда, жамиятда муносиб ўрин эгаллашлари рағбатлантириляпти.

Матбуот анжуманида паралимпия спорт мусобақаларига тайёргарлик кўриш бўйича мусобақалар «Очиқ эшиклар» кунида Бойсун, Денов, Жарқўрғон, Олтинсой, Узун туманларида юқори савияда ташкил этилгани, ушбу тадбирларда жами 352 нафар ногиронлиги бўлган шахс иштирок этгани қайд этилди.

— Айни пайтда вилоятимизда шакллантирилган 12 та паралимпия йўналишида 716 нафар жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган ёш спортчи ўзлари қизиққан параспорт турлари билан мунтазам шуғулланмоқда, — дейди Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси вилоят ҳудудий бўлими бошлиғи Абдуолим Усмонов. — Улар вилоят ва мамлакат миқёсида ўтказилаётган беллашувларда ҳам фаол иштирок этмоқда. 16 нафар параспортчи бешта параспорт туридан халқаро мусобақаларда совринли ўринларни қўлга киритгани уларни янада руҳлантирмоқда. Эндиликда биз параспорт билан шуғулланиш истагида бўлган барча воҳадошларимизни спортга қамраб олиб, паралимпия йўналиши бўйича спорт турларини 15 тага етказмоқчимиз.

Тадбирда жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган ёшлар ўртасида «Беш ташаббус паралимпиядаси» оммавий спорт мусобақаларига вилоятда кўрилаётган тайёргарлик ишлари ва унинг қуйи босқичларини ўтказиш тартиблари тўғрисида атрофлича фикр алмашилди. Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар олишди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?