Сурхондарёда 1 минг 337 та нотурар объектга таъқиқ қўйилди

17:04 22 Октябр 2021 Жамият
268 0

Сурхондарё вилояти давлат солиқ бошқармаси маълумотига кўра, воҳадаги 11 минг 416 та юридик шахснинг ўз вақтида тўланмаган солиқ қарздорлиги 115 миллиард сўмни ташкил этмоқда. Шу боис Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 114‑моддасига мувофиқ солиқ қарздорлиги мавжуд юридик шахсларнинг мол-мулкига нисбатан мулк ҳуқуқини чеклашга доир ҳаракатлар олиб борилмоқда.

Октябрь ойининг биринчи ярмида 126 та юридик ташкилотнинг 28,4 миллиард сўмлик солиқ қарздорлиги юзасидан 461 та транспорт воситаларидан фойдаланиш ва сотишга таъқиқ қўйиш бўйича қарорлари Давлат автомобиль назорати бошқармасига юборилди. Давлат кадастр идоралари орқали 320 та юридик ташкилотнинг 81,8 миллиард сўмлик солиқ қарздорлиги юзасидан 1 минг 337 та нотурар объектига таъқиқ қўйилди.

Кўрилган чора-тадбирлар натижасида 446 та солиқ қарзи мавжуд корхоналарнинг 56 таси томонидан 2 миллиард 41 миллион 300 минг сўмлик солиқ қарздорликлари ундирилди

Хусусан, Термиз шаҳридаги «Эркин Термиз Барака» масъулияти чекланган жамияти мансабдорлари «EQUINOX AT» русумли автомашинаси хатлангандан сўнг, мавжуд 32,5 миллион сўмлик солиқ қарздорлигини тўлаб берди. Худди шундай, «Макс Жасурбек» хусусий корхонаси масъуллари ҳам эгалигидаги автомобилларга газ қуйиш шохобчаси хатлангандан кейингина 410 миллион сўмлик солиқ қарзи тўланди.

Маълумот ўрнида. Солиқ тўловчи солиқ қарзини бу тўғрида талабнома юборилган кундан бошлаб ўн беш календарь куни ичида узмаса, мол-мулкини хатланади.

Илҳом РАҲМАТОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?