Сурхондарё: Ёшлар фестивали якунида энг фаол иштирокчилар жами 2 миллиард 300 миллион сўмлик пул мукофотлари билан рағбатлантирилди

21:52 18 Июнь 2021 Жамият
1568 0

Шу йилнинг 15-17 июнь кунлари Сурхондарё вилоятида ўтказилган «Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!» шоири остидаги Ёшлар фестивали 200 минг нафарга ўғил-қизларни ўз атрофига бирлаштирди.

Фестиваль доирасида «Ёшлар ва тадбиркорлар учрашуви» ёш тадбиркорлар ишлаб чиқарган маҳсулотлари кўргазмаси, миллий халқ ўйинлари ҳамда 17 ортиқ спорт турлари бўйича мусобақалар ташкил этилди.

«Ёш китобхон» кўрик танловида уч ёш тоифада, яъни 10 ёшдан – 14 ёшгача, 15 ёшдан 19 ёшгача ва 20 ёшдан 30 ёшгача бўлганлар ўртасида иштирокчилар иккита шарт бўйича беллашди. Термиз Археология музейида ташкил этилган «Сурхондарё тарихи билимдони» танлови шу йўналишда энг билимдон ёшларни аниқлашга имкон берди. Вилоят маркази, шаҳар ва туманларда юздан зиёд маданий-маърифий тадбирлар бўлиб ўтди.

Шунингдек, «Заковат» интеллектуал ўйини, бахшичилик, от спорти, от устида кураш, дўппи, дўмбира ва бошқа миллий қадриятларимизни тарғиб қилувчи беллашув ва кўргазмалар тадбирга ўзгача руҳ ва шукуҳ бағишлади. Вилоятнинг тарихий, маданий ва кўнгилочар масканларида ёшлар учун саёҳатлар ҳам уюштирилди. Юриш марофонида айниқса, вилоят ёшлари алоҳида фаоллик кўрсатишди.

Фестивалнинг якуний тадбирида энг фаол йигит-қизлар тадбир ташкилотчилари томонидан муносиб тақдирланди. Жумладан, турли кўрик-танловлар, интеллектуал ўйинлар, спорт мусобақалари ғолибларига олтита 25 миллион сўмлик, ёшларнинг IT йўналишидаги стартап ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, вилоятдаги олий таълим муассасаларининг иқтидорли талабаларини рағбатлантириш мақсадида таъсис этилган вилоят ҳокими стипендияси учун иккита 1 миллиард (жами 2 миллиард 150 миллион) сўмлик сертификатлар топширилди.

Ёшлар фестивали вилоят бадиий жамоалари, ҳаваскор ижрочилар ҳамда таниқли эстрада хонандалари иштирокидаги гала концерт билан якунланди.

Илҳом РАҲМАТОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер