Сурхондарё вилоятида 30 минг нафардан зиёд аҳоли ғалладан бўшаган ерда такрорий экин экишга жалб этилади

15:26 22 Июнь 2023 Жамият
294 0

Фото: “Халқ сўзи”

Айни кунларда вилоятда ғалладан бўшаган 68 минг 122 гектар ер пешма-пеш шудгор қилиниб, асосан ижтимоий дафтарларда рўйхатда турувчи ишсиз, аммо меҳнатга лаёқатли 30 минг нафардан зиёд аҳоли вакилларига такрорий экин экиш учун ажратиб бериляпти.

— Ишсизлигим туфайли бир неча йил хорижда меҳнат қилишга мажбур бўлдим. Такрорий деҳқончилик қилиш учун аҳолига имконият яратилётганини эшитганимда, биринчилар қаторида мурожаат қилдим, — дейди музработлик Муҳаммадали Абдураҳмонов. — 3 гектар ер мен каби 11 нафар хорижда ишлаб қайтганларга берилди. Нафақат ер ажратилди, балки шудгорланиб, уруғ ҳам экиб берилди. Қулай фурсатдан фойдаланиб, баракали меҳнат қилиш ва яхши даромад олиш ниятидаман.

Музработ туманида “Темир дафтар”да рўйхатда турувчи 13 та оилага 13 гектар, “Ёшлар дафтари”даги 189 нафар йигит-қизга 90 гектар, “Аёллар дафтари”даги 109 нафар хотин-қизга 53 гектар, 274 нафар фермер хўжалиги ишчисига 250 гектар, 152 нафар бошқа меҳнатга лаёқатли ишсиз фуқарога 73 гектар ер такрорий экин экиш учун берилди.

Вилоятнинг барча туманларида ғалладан бўшаган ерларга мош, ловия, кунгабоқар, карам, ерёнғоқ, полиз экинлари ҳамда чорва озуқаси етиштириш кўзда тутилган бўлиб, ҳозирга қадар 25 минг 732 гектар ерга такрорий экин экилди. Ерни шудгор қилиш, уруғ қадаш каби агротехник тадбирларни сифатли амалга оширишга 400 дан ортиқ техникалар жалб этилган.

Она замин — битмас-туганмас хазина манбаи. Экин майдонларидан унумли фойдаланиш бу, аввало ички бозор учун зарур қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, аҳолининг реал даромадларини оширишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Илҳом РАҲМАТОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер