Суғурта бозорида тенг рақобат муҳити яратилиши ва истеъмолчилар ҳуқуқлари таъминланиши керак — қўмита муҳокамаси
Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси мажлисида “Суғурта фаолияти тўғрисида”ги Қонуннинг суғурта бозорида рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган қисмининг ижросини ўрганиш натижалари муҳокама қилинди.
“Суғурта фаолияти тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ 2023 йил 9 ойида фаолият юритиб келаётган жами 42 та суғурта ташкилоти томонидан жисмоний ва юридик шахсларга 150 дан ортиқ суғурта хизматларини кўрсатилиб, истеъмолчиларга умумий суғурта соҳасидаги суғурта ташкилотлари томонидан 1 026,3 млрд. сўм (ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 47,3 фоизга кўп), ҳаётни суғурта қилиш соҳасидаги суғурта ташкилотлари томонидан 349,3 млрд сўм суғурта тўловлари тўлаб берилган.
Шунингдек, суғурта хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида 2023 йил 9-ой якунлари бўйича ваколатли давлат органига келиб тушган жами 2 053 та мурожаатдан 1 229 таси ижобий ҳал этилиб, 13,9 млрд сўм суғурта қопламаси тўлаб берилган.
“Суғурта фаолияти тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ “ЎЗБEКИНВEСТ экспорт-импорт суғурта компанияси” АЖнинг Ўзбекистонда ҳарбий хизматчиларни давлат мажбурий шахсий суғурта қилиш бўйича эксклюзив ҳуқуқи бекор қилинган. Натижада барча суғурта ташкилотлари учун ҳарбий хизматчиларни давлат мажбурий шахсий суғурта қилиш йўналишида эркин рақобат қилиш имконияти яратилган.
Суғурта соҳасига маҳаллий ҳамда хорижий инвесторларни фаол жалб этиш ҳамда тадбиркорлик субъектларига қулай бизнес муҳитини яратиш мақсадида суғурта фаолиятини лицензиялаш давлат хизмати 2022 йил 1 июндан бошлаб электрон шаклда “Лицензия” автоматлаштирилган тизим (license.gov.uz) орқали кўрсатила бошланган.
Шунингдек, мажлисда суғурта соҳасида қатор тизимли муаммоларнинг мавжудлиги ушбу соҳада эркин рақобат муҳитини таъминлашга салбий таъсир этаётганлигига ҳам тўхталиб ўтилди.
Хусусан, аҳоли жон бошига суғурта мукофотларининг миқдори жаҳон бўйича 2020 йилда 792 АҚШ долларини ташкил этган бўлса, Ўзбекистонда бу кўрсаткич 2022 йил якуни билан 173 минг сўмга ёки 15,5 АҚШ долларига тенг эканлиги қайд этилди ва бу борада тегишли чораларни белгилаш лозимлиги кўрсатиб ўтилди.
Шунингдек, суғурта соҳасида қонунчиликка риоя этилишини назорат қилишда автоматлаштирилган тизимлардан фойдаланилмаслиги оқибатида суғурта хизматлари қамрови паст даражаси сақланиб қолаётганлигига эътибор қаратилди.
Шу билан бирга, суғурта бозорида суғурта тўловларини асоссиз рад этиш ёки ўз вақтида тўламаслик ҳолатлари аҳолининг суғурта хизматларига бўлган ишончи пасайишига ҳамда рақобат муҳитининг юзага келмаслигига сабаб бўлаётгани қайд этилди.
Суғурта бозорида самарадорлиги жаҳон ҳамжамияти томонидан кенг тан олинган йўналишлардан бири бўлган аҳоли кўчмас мулкларини техноген ва табиий офатлардан, шунингдек, қишлоқ хўжалиги таваккалчиликлари суғуртаси жорий қилинмаганлиги танқид қилинди.
Бундан ташқари, суғурта бозоридаги айрим суғурта ташкилотларининг “Рақобат тўғрисида”ги Қонун талабларига зид бўлган устун мавқега эга ҳолатлари ҳам мавжудлигига алоҳида тўхталиб, бозор иштирокчилари учун тенг рақобат муҳитини яратишга қаратилган чораларни кўриш зарурати мажлисда кўрсатиб ўтилди.
Мажлис якунида муҳокама қилинган масала юзасидан Қўмитанинг тегишли қарори ҳамда соҳани ривожлантириш ва мавжуд муаммоларни бартараф этишга қаратилган “Йўл харитаси” қабул қилинди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- «Олтин куз» II Халқаро камер ва симфоник мусиқа фестивали бўлиб ўтади
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Машинада хавфсизлик камарини тақиш мумкин бўлмаган касалликлар рўйхати тасдиқланади
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг