Судьялар мустақиллиги ва дахлсизлиги янада мустаҳкамланади

11:59 04 Октябр 2022 Жамият
375 0

Конституциямизда олий қадрият сифатида белгилаб қўйилган инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигига эришиш нақадар муҳим аҳамиятга эгалигини ҳеч ким инкор этолмайди. Боиси, суд тизими мустақил эмас экан, жамиятимизда ривожланиш бўлмаслиги кундек равшанлашмоқда.

Чунки суд идорасига иши тушган ҳар бир шахс ушбу даргоҳда қонун ва адолат устувор эканига ишонч ҳосил қилиши керак. Президентимиз таъбири билан айтганда, янги Ўзбекистонда ҳар қандай баҳсли масалага адолатли ечим фақат одил суд томонидан топилиши керак.

Мамлакатимизда суд тизимини тубдан ислоҳ қилиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлардан кўзланган пировард мақсад ҳам судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, судьялик касбига тайёрлаш ва тайинлаш тизимини такомиллаштиришдир.

Шу маънода, ягона суд амалиётини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик суди бирлаштирилди. Судьяларни танлаш ва лавозимларга тайинлашда ноқонуний аралашувларнинг олдини олиш, очиқ, ошкора ва муқобил танлов тизимини яратиш учун Судьялар олий кенгаши таъсис этилди.

Судья лавозимига муддатсиз тайинлаш амалиёти жорий қилиниб, фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқлари давлат идоралари томонидан бузилган тақдирда, уларнинг суд орқали самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида маъмурий судлар фаолияти йўлга қўйилди. Апелляция ва кассация инстанциялари такомиллаштирилган ҳолда, юқори суд инстанцияси томонидан якуний қарор чиқариш кафолатлари мустаҳкамланди.

Умуман, ўтган беш-олти йилда суд-ҳуқуқ соҳасида эришилган ютуқлар, ўзгаришлар ҳақида кўп гапириш мумкин. Лекин бугун замоннинг ўзи суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш учун биринчи навбатда, судьяларни одил судловга таъсир ўтказадиган омиллардан ҳимоя қилиш, тергов ва суд ишига аралашиш ҳолатларига барҳам бериш, суд қарорлари ижросини сўзсиз таъминлаш кераклигини тақозо этмоқда. Сабаби суд бирон-бир давлат идораси ёки мансабдор шахснинг қўли етадиган идорага айланиб қолишига йўл қўймаслик лозим.

Чунки дастлабки терговда давом этиб келаётган қонун бузилиш ҳолатларини, давлат идоралари, мансабдор шахслар томонидан фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига дахл қиладиган ҳаракатлар содир этиш ёки қарорлар қабул қилишини фақат судларнинг ҳақиқий мустақиллигига эришиш орқали бартараф этиш мумкин.

Бунинг учун юксак малакали суд ходимлари корпусини шакллантириш, судьялар ҳар қандай ҳолатда ҳам адолатни қарор топтиришга қодир бўлиши, шунингдек, суд қабул қилган қарорлар ижроси сўзсиз таъминланишига эришиш зарур. Шундагина одамларда ҳар қандай ҳолатда ҳам адолат қарор топишига бўлган ишонч ортиб боради.

Агар бунинг акси бўладиган бўлса, фуқароларнинг судга бўлган ишончи йўқолади. Бу, ўз навбатида, адолат қарор топмайди, деган тушунчанинг шаклланишига сабаб бўлиб, амалга оширилаётган ислоҳотлар самарали якун топмаслигига олиб келади. Шу жиҳатдан, конституциявий ислоҳотлар жараёнида Асосий қонунимизга киритилаётган ўзгартишлар билан одил судлов тизимининг мустақиллиги янада мустаҳкамланиши кўзда тутилмоқда. Хусусан, Конституциянинг 112-моддасига “Давлат судьянинг ва унинг оила аъзоларининг хавфсизлигини таъминлайди”, деган янги қисм қўшилиши кўриб чиқилмоқда.

Ушбу янги норманинг аҳамияти нимада? Мазкур нормага нега зарурат туғилди?

Ўзбекистонда фуқаролар ҳуқуқини шахслар эмас, қонун, одил суд ҳимоя қила олишига тўлиқ эриша олсак, ҳар қандай баҳсли масалага адолатли ечим фақат одил суд томонидан топилиши таъминланса суд тизимини халқчил ва халқпарвар, деб аташ мумкин бўлади. Аниқроқ айтганда, чинакам мустақил ва қонун устуворлигига асосланган суд тизими бошқа барча соҳалар, хусусан таълимда ҳам, соғлиқни сақлашда ҳам, бизнесда ҳам туб ўзгаришлар амалга ошади. Бу учун эса, ўз ўрнида судьяларнинг чинакам мустақиллиги ва дахлсизлигини таъминлаш зарурий талаб ҳисобланади. Чунки судья ва унинг оила аъзолари хавфсизлигини таъминламасдан туриб уларнинг чинакам мустақиллигига эриша олмаймиз.

Шубҳасиз, Конституцияга киритилаётган мазкур ўзгариш билан судьялар мустақиллиги ва одил судлов тизимининг конституциявий асослари янада мустаҳкамланади.

Бинобарин, қонун лойиҳаси билан судьялар мустақиллиги ва дахлсизлигини таъминлашнинг муҳим шартларидан бири– судья ва унинг оила аъзолари хавфсизлигини таъминлаш давлат мажбурияти сифатида конституция даражасида мустаҳкамланмоқда.

Мазкур конституциявий кафолат асосида судьялар ишига ҳар қандай аралашув, тазйиқ кескин жазоланиши, уларнинг хавотирсиз ва дадил ишлаши учун барча зарур шароитлар яратилиши таъминланади. Зеро, қачонки судья ўзи ва яқинларининг дахлсизлиги, хавфсизлигига ишончи комил бўлсагина, мустақил ва адолатли равишда фаолият юрита олади.

Бир сўз билан айтганда, буларнинг барчаси инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиришга, халқимизнинг давлат ҳокимиятига бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга, судьялар мустақиллигини ва пировардида, самарали одил судловни янада ишончли таъминлашга хизмат қилади.

Шерзод ТЎХТАШЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер