Судга мурожаатни  осонлаштиришнинг Зарафшон тажрибаси 

20:16 26 Ноябрь 2021 Жамият
427 0

Фото: "Халқ сўзи"

Бугунги кунда суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий мақсадларидан бири жисмоний ва юридик шахсларнинг судга мурожаат қилишларини осонлаштириш ва бу борада уларга ҳар тарафлама қулайлик яратишдан иборат. Бироқ суд амалиёти таҳлиллари шуни кўрсатмоқдаки, аксарият ҳолларда даъво аризасининг қайтарилишига, мурожаатнинг муайян судга тааллуқли эмаслиги, даъво аризасини кўрмасдан қолдирилишига судга мурожаат қилишда белгиланган процессуал тартибларга риоя этилмагани ва  тўғри расмийлаштирилмагани сабаб бўлмоқда.

Шунга кўра, фуқаролар судларга мурожаат қилишда турли оворагарчиликларнинг олдини олиш ва бу борада уларда зарур кўникмаларни шакллантириш мақсадида Зарафшон шаҳар судлари ташаббуси билан шаҳар ҳокимлиги ҳамкорлигида “Судларга мурожаат қилиш бўйича намуналар тўплами” ҳудуддаги барча маҳалла фуқаролар йиғинларига топширилди.

– Ушбу тўпламда фуқаролик ва иқтисодий ишлар ҳамда оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларга оид маъмурий ишлар бўйича судга мурожаат қилиш учун даъво аризаларининг намуналари ҳамда Навоий вилоятидаги барча судларнинг манзиллари, хизмат телефон рақамлари рўйхати жойлаштирилган,– дейди Зарафшон туманлараро иқтисодий суди раиси Шерзод Ғофуров. – Мазкур тўпламни тайёрлашдан мақсад маҳалла фуқаролар йиғинига мурожаат қилган, аммо унинг мурожаати бевосита судларга тааллуқли бўлган фуқароларга тегишли намунадан фойдаланган ҳолда мурожаатларини тўғри расмийлаштириш ва ўз мурожаатига илова қилиши шарт бўлган ҳужжатлар ҳамда далилларни даъво аризаси (ариза) билан биргаликда судга тақдим этилишини таъминлашдан иборатдир.

Таъкидлаш жоиз, бугун судга электрон даъво аризалар ва мурожаатларни тақдим этиш, суд муҳокамаси жараёнида масофадан туриб иштирок этиш ҳамда суд қарорларини Ўзбекистон Республикаси Олий судининг расмий веб-сайти орқали олиш имконияти ҳам яратилган. Мақсад эса битта – фуқаро суд идорасида ўз муаммосига ечим топсин.

Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?