Суд экспертиза: кеча ва бугун

21:16 30 Июнь 2021 Жамият
345 0

Жорий йилнинг 30 июнь куни Х. Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза маркази ташкил этилганлигининг 70 йиллиги муносабати «Суд экспертиза: кеча ва бугун» Форуми ташкил этилди.

Тадбир доирасида ОАВ вакиллари учун Марказ фаолияти билан таништириш мақсадида Пресс-тур ва матбуот анжумани ўтказилди ҳамда «Суд экспертиза: кеча ва бугун» мавзусидаги илмий-амалий конференция
ва мастер класслар ташкил этилди.

Марказ ташкил этиш тарихи ва амалга оширилган ишлари.

Марказ Тошкент илмий-тадқиқот криминалистика лабораторияси сифатида ташкил қилинган бўлиб, ўз фаолиятини 1951 йилнинг июнидан айрим турдаги ҳужжатшунослик экспертизаларни ўтказишдан бошлаган. 1958 йилнинг 1 апрелида лаборатория асосида Марказий Осиёда биринчи Тошкент суд-экспертиза илмий-тадқиқот институти ташкил қилинган.

Мустақиллик йилларида, Ҳукуматимизнинг «Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг экспертиза хизматини ривожлантириш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, Марказга суд-экспертиза масалалари бўйича илмий-услубий ҳамда мувофиқлаштирувчи идора мақоми берилган.

Президентимиз Шавкат Миромоновичнинг бевосита ташаббуслари ва раҳбарлигида 2017 йил 7 февралда қабул қилинган ҳамда изчил амалга оширилаётган Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга ошириш доирасида барча соҳалар каби суд ҳуқуқ тизимининг ажралмас қисми, яъни муҳим бўғинларидан бири саналган суд-экспертлик фаолиятини янада такомиллаштириш борасида ҳам ислоҳотлар изчиллик билан амалга оширилиб келинмоқда.

Жумладан, 2017 йилда қабул қилинган 206-сонли Ҳукумат қарори асосида деярли барча вилоятларда Марказнинг ҳудудий бўлимлари ташкил этилган. Шунингдек, экспертларни замон талаблари даражасида малакасини ошириш учун Ўқув маркази ўз фаолиятини бошлади.

2019 йилнинг 17 январь куни қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Суд-экспертлик фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ–4125-сон қарорига мувофиқ амалиётда илк бор нодавлат ташкилотлар томонидан суд-экспертлик фаолиятини амалга оширишнинг ҳуқуқий асослари яратилди. Мазкур қарор билан 2019-2020 йилларда суд экспертлик фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича 25 банддан иборат «Йўл харитаси» тасдиқланиб, ундаги вазифалар Марказ томонидан тўлиқ бажарилган.

2020 йилнинг 24 мартдаги Ҳукуматнинг 180-сон қарори билан нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари фаолиятини ташкил этиш бўйича муҳим масалалар ва муносабатлар тартибга солинди.

Марказ нафақат суд экспертиза тадқиқотларини ўтказиш, балки янги услубиётлар ҳамда янги экспертиза турларини жорий этиш бўйича кенг кўламли илмий ишларни амалга ошириши натижасида, айниқса сўнги 2 йил ичида Суд-лингвистика экспертизаси, Суд-компьютер-техник экспертизаси, Суд-автомобиль-йўллари экспертизаси, Суд-электротехника экспертизаси, Озиқ-овқат маҳсулотлари суд экспертизаси, Суд-психологик экспертизаси янги экспертиза турлари яратилиб, Марказда амалга ошириладиган суд экспертлик турлари 50 тага, мутахассисликлар сони эса 69 тага етказилди.

Марказ Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг илмий-тадқиқот муассасалари ва олий таълим муассасалари билан ҳамкорлигида суд-экспертлик фаолиятининг энг долзарб муаммолари бўйича фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар, дастурлар ва лойиҳаларни, шу жумладан миллий грантларни жалб қилган ҳолда илмий изланишлар олиб борган ҳолда жами 53 та услубий қўлланма ва тавсиялар ишлаб чиқилиб, суд экспертлик фаолиятига татбиқ этилган.

Шунингдек, Суд экспертиза фаолияти юзасидан суд ва тергов органлари, адвокатура, ихтисослаштирилган олий таълим муассасалари тингловчилари ҳамда бошқа аҳолининг қатлами учун «Замонавий суд-экспертиза имкониятлари», шунингдек, «Суд-психологик экспертиза асослари» номли ўқув қўлланмалар чоп этилган.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва судларининг малакали суд экспертиза хулосаларига бўлган эҳтиёжларини доимий равишда ўрганиш орқали суд экспертизанинг янги турларини, янги услубиётларини босқичма-босқич амалиётга татбиқ этиш чораларини кўриш мақсадида Адлия вазирининг 2020 йил 25 ноябрдаги буйруғи билан Марказда Илмий-тадқиқот бўлими ташкил этилган.

Суд экспертиза соҳасининг яна бир муҳим йўналишларидан бири суд
ва тергов органларининг бу соҳадаги билимларини ошириб бориш ҳамда содир этилган жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишдир. Шунга кўра, Марказ экспертлари томонидан турли давлат органлари ва ташкилотларига 1 660 та профилактик таклифлар ҳам берилган.

Марказнинг лабораториялари илк бор ISO/IEC 17025 халқаро стандарти талаблари бўйича Халқаро аккредитация ташкилоти томонидан аккредитация қилиниб, мувофиқлик сертификатига эга бўлди.

Албатта, мазкур халқаро стандарт талаблари бўйича халқаро аккредитациядан ўтиш лабораториялар томонидан берилган тадқиқот натижаларини (хулосаларни) халқаро миқёсда шубҳасиз тан олинишини, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилинишига ва одил судловни таъминланишига хизмат қилади.

Марказ ходимлари томонидан аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга қаратилган ҳамда қонунийликни таъминлаш юзасидан бир қатор тизимли тадбирлар ўтказиб келинган.

Марказнинг очиқлигини таъминлаш мақсадида, Марказнинг расмий веб сайти янгиланиб, турли ижтимоий тармоқларда саҳифалари очилди. Кенг жамоатчилик ва ОАВ вакиллари учун Марказда ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида пресс-турлар, матбуот анжуманлари ва брифинглар ўтказилди. Жумладан, биргина ўтган давр мобайнида 10 дан ортиқ (6 маротаба) матбуот анжуманлари ташкил этилиб, ОАВ вакиллари учун кўплаб (6 маротаба) Медиа-тур ўтказилган.

Марказнинг ижтимоий тармоқларидаги саҳифаларида “Sudex дан гапирамиз» ва «Эксперт жавоби» номли янги рукнлар яратилиб, унда эксперт ходимлар томонидан фуқаролардан келиб тушган саволларга аудио
ва видеоролик кўринишида жавоб берилиши йўлга қўйилган. Марказнинг расмий веб-сайтида ҳамда Адлия вазирлигининг расмий веб-сайтида «Сўраган эдингиз» рукни очилиб, унга ҳам аҳолини қизиқтирган саволларга матн кўринишида жавоблар қўйилиб келинган.

Суд экспертиза фаолиятига замонавий АКТ ютуқларини жорий этиш мақсадида «Суд экспертизалари ҳисоби тизими» ва «Электрон таълим платформаси» ахборот тизимлари ҳамда аҳолига суд-экспертлик соҳасига доир маълумотларни етказишга қаратилган “sudexpert.uz” суд-экспертиза ахборот портали, экспертиза учун ашёвий далилларни идентификациялаш
(ИД рақам ва штрих код ёрдамида) дастури ишлаб чиқилиб, фаолиятга татбиқ этилган.

Республика тарихида илк бор суд экспертиза йўналишига ихтисослашган «Ўзбекистон суд экспертизаси – Судебная экспертиза Узбекистана – Forensic expertise of Uzbekistan” номли илмий журнал Марказ томонидан ташкил этилди.

Шу кунга қадар Ўзбекистон суд экспертизаси тарихида айнан мазкур соҳага оид илмий мақолаларни нашр этишга ихтисослашган ва илмий мулоқот учун шароит ва имкониятлар яратадиган ягона платформанинг бўлмаганлиги ушбу илмий журнални дунёга келишига сабаб бўлган.

Янги журналда соҳанинг етакчи олимлари ва мутахассисларининг илмий мақолаларини нашр этиш орқали халқаро илғор тажрибалар тақдим этилади, шунингдек, мамлакатимиз суд экспертларининг илмий ва илмий-амалий тадқиқотлари натижаларини нашр этиш имконияти яратилган.

Ишонч билан таъкидлаш керакки, журнал мақсадли профессионал мунозара ва таҳлиллар учун янги ва қизиқарли илмий майдонга айланади, янада самарали ва ҳар томонлама илмий мулоқотлар, янги ғоялар ва тадқиқот натижалари алмашинувига ёрдам беради, илмий-услубий таъминот, шу билан бирга суд экспертизаси ва суд экспертизаси йўналишларининг амалий фаолиятига рационализаторлик илмий ишланмаларини киритади.

Шу билан бирга, терговга қадар текширув, суриштирув ва дастлабки тергов органлари ҳамда суд ходимлари учун Республика суд экспертизаси марказининг имкониятларини ёритишга бағишланган электрон қўлланма ҳам яратилди.

Ушбу қўлланма аввалгиларидан тубдан фарқ қилиши билан ажралиб туради. Электрон қўлланмада, терговга қадар текширув, суриштирув
ва дастлабки тергов органлари ҳамда суд ходимлари учун суд экспертиза имкониятлари ҳақидаги маълумотлар бир вақтнинг ўзида ёзма ва видео кўринишда тақдим этилган. Шунингдек, суд экспертларга бериладиган намунавий саволлар, қарор ва ажрим нусхалари ҳамда керакли бошқа маълумотлар жамланган.

«Адолат» Марказининг Медиа студияси ҳамкорлигида Марказ фаолияти ҳақида ҳужжатли фильм яратилди. Унда, марказ ва соҳада амалга оширилган ишлар билан бирга унинг тарихи ва режалаштирилган ишлари ҳақида батафсил ёритилган.

Шу билан бирга, Марказ биносида «Ўзбекистон суд экспертизанинг тарихи» музейи ташкил этилиб, унда Марказ фаолияти ва суд экспертиза тарихи акс этган ҳолда тарихий экспонатлар билан тўлдирилган.

Илмий-амалий конференция

Ялпи мажлисни ва иккита секцияни ўз ичига олган «Суд экспертизаси. Кеча ва бугун» номли илмий-амалий конференция, суд экспертиза фаолияти билан боғлиқ кўплаб маҳаллий ва хорижий мутахассис ва олимларнинг соғлом фикр алмашиш минбарига айланди.

Тадбирда АҚШ, Россия, Белорус, Украина, Қирғизистон, Нидерландия, Австрия, Молдавия, Арманистон, Литва давлатлари, AAFS, IAFS ташкилотлари, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг гиёҳвандлик ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси вакиллари ҳамда маҳаллий олиму-мутахассиларнинг 25 дан ортиқ қизиқарли маърузалари тингланди.

Қизғин савол-жавобларга бой бўлган мунозарада, суд экспертиза соҳасини янада такомиллаштириш масалалари муҳокама этилди ва келгусида шундай форматдаги тадбирларни ташкил этиб бориш лозимлиги ҳақида келишиб олинди.

Суд экспертларга мўлжалланган мастер класслар.

Суд экспертларга муҳим бўлган олтида йўналишда Литва, Россия
ва АҚШ мутахассислари томонидан Республика суд экспертиза муассасаларининг суд эксперт ходимларига амалий мастер класслар ташкил этилди.

Тадбир давомида соҳадаги янгиликларни билиш билан бирга, хориж амалиётини интеграция қилиш, турли методикаларни валидация қилиш
ва бошқа долзарб ҳисобланган йўналишлар бўйича саволларга жавоб олинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?