Суд амалиётида учраётган муаммолар нималардан иборат?

12:35 18 Октябр 2021 Жамият
315 0

Illyustrativ foto

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар клубининг иқтисодий суд судьялари фаолиятига бағишланган онлайн форуми бўлиб ўтди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 7 декабрдаги “Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони ижроси доирасида Судьялар олий кенгаши ҳузурида Ўзбекистон Судьялар клуби ташкил этилганди.

Моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини тўғри қўллаш бўйича тавсиявий характерга эга бўлган маслаҳатлар ҳамда судьяларнинг одоб-ахлоқ қоидаларини муайян вазиятларда қўллаш юзасидан сўровларга тушунтириш бериш ваколатига эга Ўзбекистон Судьялар клуби жамоатчилик асосида фаолият юритиб келмоқда.

Судьялар клубининг асосий ишлаш платформаси унинг онлайн форуми бўлиб, бу республикамиздаги барча судьяларга ўзаро мулоқот қилиш имконини беради.

Тадбирда айтилдики, ўтган вақт давомида онлайн форумда иқтисодий ишлари бўйича суд амалиётида учраётган муаммолар ва уларнинг ечимлари юзасидан 102 та мавзу бўйича 683 та хабар қолдирилган.

Муҳокамаларда асосан ташқи савдо операциялари амалга оширилиши, медиация, солиқ, корпоратив низоларга, даъво предмети ва талаби, суд қарори ижроси, банкротлик, кредит ундириш билан боғлиқ қонунчилик нормаларини қўллаш, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори юзасидан низолашиш масалаларини кўриб чиқишда юзага келаётган муаммолар ва уларнинг ҳуқуқий ечимлари, бу борада Олий суд Пленуми қарори шаклида раҳбарий тушунтиришларга бўлган эҳтиёж ва қонунчиликни такомиллаштиришга таклифлар ўртага ташланган.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 майдаги 283-сонли қарори билан тасдиқланган «Ташқи савдо операциялари амалга оширилиши мониторингини олиб бориш ва назорат қилиш тартиби тўғрисида»ги Низом нормаларини қўллаш юзасидан судьялар томонидан импорт шартномалари бўйича белгиланган муддатларда хориждан келиб тушиши таъминланмаган товарлар бўйича юзага келган дебитор қарзлар учун жарималарни ҳисоблаш билан боғлиқ саволлари юзасидан Клуб масъуллари томонидан амалдаги моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини тўғри қўллаш бўйича тавсиявий характерга эга бўлган маслаҳатлар берилган.

Тадбирда судьялар дахлсизлиги таъминланишининг самарали механизмлари, Судьялар одоби кодексига қўшимча ва тушунтиришлар бериш зарурияти юзасидан ўз таклиф-мулоҳазаларини билдирдилар.

Бугун бўлиб ўтган тадбирда иқтисодий ишлари бўйича судлари судьялари фаолиятига оид масалалар муҳокама қилинди.

Худди шундай давра суҳбати яқин келажакда жиноят ва маъмурий судлар судьялари билан алоҳида-алоҳида ўтказилиши режалаштирилган.

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?