ССВ: Сергелидаги ёнғиндан жабрланганларнинг барчаси эркак киши бўлиб, уларнинг 10 нафари реанимация бўлимида даво муолажаларини олмоқда

12:12 29 Ноябрь 2021 Жамият
252 0

Ижтимоий тармоқларда бугун, 29 ноябрь куни соат 05:05да Тошкент шаҳри, Сергели тумани, Нилуфар 3-тор кўчасида «Узмилл» МЧЖ ҳудудида жойлашган ишчилар ётоқхонасида ёнғин содир бўлгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Дастлабки маълумотларга кўра, ушбу ёнғинга газ қувурларининг носозлиги туфайли хонага газ тўпланиши ва бунинг оқибатида ҳаво-газ аралашмасининг чақнаши сабаб бўлган.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу нохуш ҳодиса туфайли жабрланганларнинг саломатлигини жиддий назоратга олди.

Хусусан, ёнғин натижасида турли даражадаги куйиш тан жароҳатларини олган 18 нафар фуқаро дарҳол Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига жойлаштирилди. Айни пайтда барча беморларга белгиланган стандартлар бўйича зарур тиббий ёрдам кўрсатилиб, муолажа жараёнлари давом этмоқда.

Сўнгги маълумотларга кўра, ёнғиндан жабрланган шахсларнинг барчаси эркак киши бўлиб, уларнинг 10 нафари реанимация бўлимида даво муолажаларини олмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?