ССВ: Бачадон бўйни саратони скрининг дастурини амалга ошириш бўйича матбуот конференцияси бўлиб ўтди

11:50 29 Сентябр 2022 Жамият
435 0

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA) билан ҳамкорликда Ўзбекистонда бачадон бўйни саратони скрининг дастурини амалга оширишга бағишланган анжуман бўлиб ўтди.

Унда Соғлиқн сақлаш вазирлиги мутахассислари, соҳага алоқадор тиббиёт муассасалари вакиллари, халқаро экспертлар, жумладан, UNFPA вакили Ю Ю ва Корея халқаро саломатлик фонди (KOFIH) вакили Ким Хиеюн, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Анжуманда мазкур касалликни эрта аниқлаш ва олдини олиш борасида юртимизда қилинаётган ишлар самарадорлиги, Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Чирчиқ шаҳрида амалга оширилган пилот-лойиҳа натижалари таҳлил қилинди.

— Мамлакатимизда онкологик касалликлар тарқалишининг олдини олиш ва эрта диагностика қилиш бўйича «Аҳолига гематология ва онкология хизматларини кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги Президент қарорида бачадон бўйни саратонига қарши кураш бўйича муҳим кўрсатмалар белгилаб берилган, — дейди Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Баситханова. — Бу ҳужжат бизга 30–55 ёшдаги аёлларни бачадон бўйни ҳамда 45–65 ёшдаги аёлларни кўкрак бези саратони бўйича скринингдан ўтказиш бўйича ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қиляпти.

Барча туман ва шаҳарларда «онко-назорат» хоналари ташкил этилиши, улар фаолиятининг сифати Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази махсус ахборот тизими орқали марказлашган ҳолда назорат қилиниши бу борадаги муҳим воқеалардан бўлди.

«Аёллар маслаҳатхонаси» таркибидаги ушбу «онко-назорат» хоналарида аёллар орасида онкологик касалликлар сркининги ўтказиб келинмоқда.

Анжуманга йиғилганлар Ўзбекистонда бачадон бўйни саратонини эрта аниқлаш борасида юзага келаётган муаммолар, уларни ҳал этиш мақсадида амалга оширилаётган ишлар, бунинг учун яратилган ҳуқуқий механизм афзалликлари ҳақида фикр алмашди.

Шунингдек, конференция доирасида умумий амалиёт шифокори, онколог, акушер-гинеколог каби мутахассислар учун семинар-тренинглар ўтказилиб, уларга тегишли кўрсатмалар берилди.

 

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?