Спортчиларимиз Токио — 2020 олимпиадасида муносиб иштирок этишлари учун уларга мотивация бериш керак — Азиз Абдуҳакимов

22:06 12 Февраль 2021 Спорт
1231 0

2021 йилда ўтказиладиган Токио ёзги Олимпия ва Паралимпия ўйинлари олдидан спортчиларимиз ва мураббийларимизга мотивация улашиш, шунингдек уларнинг ушбу нуфузли мусобақага юқори самарадорлик билан тайёргарлик кўришини ташкил этиш мақсадида мамлакатимизда тизимли ишлар йўлга қўйилган. Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов бошчилигида Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигида ўтган учрашувда шу ҳақида маълум қилинди.

— Мамлакатимиз спорт делегацияси шу кунга қадар Токио ёзги Олимпия ва Паралимпия ўйинларига жами 42 та лицензияни қўлга киритган. Президентимиз ва Ҳукумат томонидан спортни ривожлантиришга бугунгидек юксак эътибор қаратилаётган бир пайтда бу кўрсаткич кам, албатта. Ҳозирда атлетларимиз яна 68 та лицензия учун кураш олиб боришмоқда. Ўзбекистон спорт делегацияси умумий ҳисобда Олимпия ва Паралимпия ўйинларига 110 та лицензияни қўлга киритишни мақсад қилган ва бунинг учун имкониятлар етарли,  — деди Азиз Абдуҳакимов йиғилишда.

Вазирлик матбуот хизматининг хабар беришича, бугунги кунда Токио — 2020 ўйинларида қатнашувчи Ўзбекистон терма жамоа аъзолари учун узлуксиз ўқув-машғулот йиғинлари ташкил этиб берилмоқда. Шу билан бирга, қатор спорт турлари бўйича терма жамоамиз хорижда ўқув-машғулот йиғинларини ўтказиши учун ҳам шароит яратиб берилмоқда.

Бундан ташқари, терма жамоамизга 17 спорт тури бўйича 22 нафар малакали хорижлик мураббий-мутахассис жалб этилган.

Қайд этиш лозимки, Олимпия спорт турлари бўйича миллий терма жамоаларимиз жорий йилнинг 25 июнигача 20 та спорт тури бўйича 49 халқаро лицензион мусобақада иштирок этиши режалаштирилган.

Йиғилишда Азиз Абдуҳакимов барча вилоятларнинг туризм ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиларига Токио-2020 ёзги Олимпия ва Паралимпия ўйинларига йўлланма олган ҳамда лицензиялар учун кураш олиб бораётган ҳар бир спортчининг ижтимоий ҳолидан доимий равишда хабар олиб туриш, уларнинг муаммоларини жиддий ўрганиш ва жойида ҳал қилиш бўйича аниқ топшириқлар берди, бу уларнинг нуфузли спорт мусобақасига янада яхши тайёргарлик кўриши учун мотивация бўлишини таъкидлади.

Учрашувда шунингдек 2025 йил Тошкентда ўтадиган ўсмирлар IV Ёзги Осиё ўйинларига, 2024 йил Париж шаҳрида бўладиган XXXIII ёзги Олимпия ўйинларига ҳам тайёргарлик масаласига ҳам эътибор қаратилди. Ушбу мусобақаларда иштирок этиши мумкин бўлган ёшлар орасида селекция ишларини ҳозирдан кучайтириш, уларнинг пухта тайёргарлик кўриши учун барча шароитларни яратишга доир таклиф ва мулоҳазалар тингланди.

Йиғилиш якунига кўра, кўтарилган муаммо ва таклифлар юзасидан «йўл харитаси» ишлаб чиқилиб, камчиликларни бартараф этиш чоралари белгиланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер