Спорт паспорти нима ва у қайси ташкилот томонидан берилади?

01:16 22 Август 2021 Спорт
1032 0

Ўзбекистонда 2015 йилнинг 4 сентябрида «Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ мамлакатимизда спортчиларнинг спорт паспорти жорий этилган.

Спорт паспортини бериш, юритиш, алмаштириш, ҳисобга олиш ягона тизимининг амал қилиш тартибини белгилаб бериш «Спорт паспорти тўғрисидаги Низом»га (Адлия вазирлиги томонидан 2017 йил 22 ноябрда 2949 рақами билан давлат рўйхатидан ўтказилган) асосан амалга оширилади.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва спортни янада такомиллаштириш ва оммалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 24 январдаги 5924-сонли Фармонига асосан мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни 2025 йилгача ривожлантириш Концепциясининг мақсадли кўрсаткичлари сифатида спорт паспортини бериш орқали спортнинг маълум бир тури билан мунтазам равишда шуғулланиб келаётган ва спорт мусобақаларида доимий равишда иштирок этувчи спортчиларнинг ягона маълумотлар базасини шакллантириш белгилаб қўйилди.

Спорт паспорти ягона намунадаги ҳужжат бўлиб, у спортчининг бирор бир жисмоний тарбия ва спорт ташкилотига мансублигини ҳамда унинг спорт малакасини тасдиқлайди.

Низомга мувофиқ спорт паспортини расмийлаштириш, бериш ва ҳисобини юритиш ҳамда ягона ахборот-маълумот тизимига киритиш Туризм ва спорт вазирлигининг «Спорт ва туризм хизматларини сертификатлаш маркази» давлат унитар корхонаси томонидан амалга оширилади.

Спорт паспортидан:

спортчининг бир жисмоний тарбия-спорт ташкилотидан бошқасига ўтиши;

спортчининг спорт мусобақаларида иштирок этиш учун рўйхатга олиниши;

спортчининг тиббий текширувдан ўтиши;

спортчи томонидан спорт унвонлари ва спорт разрядларини олиш учун зарур бўлган нормалар ҳамда талабларни бажарилиши;

шунингдек, қонунчиликда белгиланган бошқа ҳолатларда фойдаланилади.

Спорт паспортини юритиш орқали Республика спортчиларининг ягона рўйхатдан ўтказиш тартиби, уларнинг фаолияти ва эришган натижаларнинг доимий мониторинги таъминланади.

Шунингдек мазкур ҳужжатда спортчиларнинг спорт разряди, мусобақалардаги иштироки, спорт ташкилотларига аъзолиги, тиббий кўрик натижалари, уларнинг мураббийлари тўғрисида маълумотлар ўрин олади. Спортчиларнинг дисквалификация қилиниши, давлат ва бошқа турдаги мукофотлар билан рағбатлантирилиши бўйича мамлакатдаги барча спортчиларнинг ягона электрон базаси яратилади. Натижада спортчиларни саралаш ишлари марказлашган ҳолда тизимли равишда амалга оширилади ва миллий терма жамоани сифатли спортчилар захираси билан таъминлашга эришилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?