Спикер томорқа ер эгалари билан учрашувлар ўтказди 

13:25 13 Май 2020 Сиёсат
588 0

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери Нурдинжон Исмоилов ва унинг ўринбосари  Актам Ҳаитов Пискент туманида бўлишиб, ҳудудда “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида амалга оширилаётган ишлар билан танишдилар.

Пандемия шароитида карантин қоидаларига қатъий риоя этилган ҳолда жойларда аҳоли билан очиқ мулоқотлар ўтказилиб, деҳқон, фермер хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолияти билан уйма-уй юриб, батафсил танишилди.

Туманнинг “Навоий” маҳалла фуқаролар йиғинидаги 500 нафар хонадонда шахсий томорқадан унумли фойдаланиб келинмоқда. Айниқса, иссиқхоналарда булғор қалампиридан юқори ҳосил олиш йўлга қўйилган.

Сенат вакиллари биргина Чўлпон кўчасидаги 90дан ортиқ хонадондаги иссиқхоналарда мева-сабзавот етиштиришдан мўмай даромад олинаётганлигига гувоҳ бўлишди. Чунки ҳар бир ҳовлида 2 тадан 8-10 тагача камхарж, ихчам иссиқхоналар қурилган.

—Карантин шароитида моддий таъминотда айрим муаммолар юзага кела бошлади. Оиламиз билан ҳамжиҳат меҳнат қилиб бу қийинчиликларга барҳам бердик, — дейди хонадон соҳибаларидан бири Мастура Раҳмонова. — Оилада 6 нафармиз, ҳамма томорқадаги юмушлар билан банд. Мана шу иссиқхонадан бир йилда 3-4 марта ҳосил оламиз. Ҳозир бозорда булғор қалампири харидоргир, килоси 18-20 минг сўмдан сотиляпти. Ер бундан бўшагач, бодринг, кузга бориб, унинг ўрнига тўқсонбости экинлар экамиз.

Ушбу маҳалладаги Анвархон Сайбурхонов, Асрор Абдужабборов, Раҳимтўра Қоиров, Абдукарим Қоиров сингари ўнлаб тадбирли кишилар томорқанинг ҳадисини олишган. Ҳовлиларда бир қарич бўлса-да, бўш ернинг ўзи йўқ. Шу туфайли бор-йўғи, 5-6 сотих томорқадаги иссиқхоналарда бир йилда 3-4 маротаба ҳосил олишга эришмоқда. Даромад эса бинойидек.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ва бошқа меҳмонлар тумандаги томорқа ер эгалари билан суҳбатда уларнинг бу борадаги иш тажрибаси билан яқиндан танишишди. Томорқадан самарали фойдаланилганда фуқарога солиқ имтиёзлари берилиши ва имтиёзли кредитлар ажратиш борасидаги ишлар жараёни ҳам ўрганилди.

—Иссиқхонани такомиллаштириб, томчилатиб суғориш тизимига ўтказмоқчиман, — дейди фуқаро Ёрқин Раҳмонов. — Бироқ бу иш каттагина маблағ талаб қилади. Банк кредитисиз уни уддалаш қийин. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери бу ташаббусимизни қўллаб-қувватладилар. Уч кун муддат ичида имтиёзли кредит олишимизнинг имконияти туғилди.

Тумандаги “Мингтепа” маҳалласида боғбонлар сулоласи истиқомат қилишади. Шу боис бўлса керак, қадимдан бу ернинг узуми харидоргир.

—Ҳудудимиздаги 575 та хонадоннинг деярли барчасида 60 гектардан зиёд токзорлар мавжуд, — дейди МФЙ раиси Абдурашид Абдуғаниев. — Маҳалладаги 10 та деҳқон хўжалиги ҳам узумчиликка ихтисослаштирилган. Хонадонлар тепалик ва лалми ерларда жойлашган бўлса-да, мингтепаликлар ток парваришида ўзига хос мактаб яратишган.

Маҳалладаги “Аббосхонов Абдусамадхон” деҳқон хўжалиги узумзорида айни вақтда эртаки “Наманган чиллакиси”, “Хусайни”, “Чарос” навли узумлар парваришланмоқда. Хўжалик раҳбари Акмалхон Аҳроровнинг таъкидлашича, токзорлар оилага аллақачон даромад келтира бошлаган. Чунки, ҳозир бозорда турли хил витамитнларга бой ток баргининг савдоси чаққон. Маҳалла аёллари бу ишдан кунига 200 минг сўмгача фойда олишмоқда. Агар ток оралари ва ишкомлар остида баравж ўсаётган ширин жўхори ҳамда бошқа тезпишар экинларни ҳисобга оладиган бўлсак, боғбонлар ердан йилига 3 марта ҳосил олишяпти.

Сенат вакилларининг кейинги манзили “Новкент” маҳалласидаги шахсий ёрдамчи хўжаликлари бўлди. Истиқлол кўчасидаги 3-уйда яшовчи Худойберди Пўлатов 4 сотих майдонга қулупнай, помидор, булғор қалампири ва кўкатлар эккан. Майдон атрофига мевали дарахтлар ўтқазилган, иҳота ўрнида малина буталари, яшил деворда эса резаворлар пишиб етилмоқда.

Қўшни ҳовлидаги Зоир Имомназаров хонадонида эса 4 сотихга “Пекас” навли 50 кг картошка экилган. Шу жойнинг ўзидан 700 кг ҳосил олиш мўлжалланмоқда. Кейинги экин кўкат ва сабзавотлар бўлади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов кичик майдонлардан самарали фойдаланиб, аҳоли эҳтиёжи учун зарур маҳсулотларни етиштираётган пискентликлар билан дилдан суҳбатлашди.

Айтганча, Шахсий ёрдамчи хўжалигида асалари боқиб, бол етиштириш истагида бўлган Худойберди Пўлатовга икки кун муддатда имтиёзли кредит олиш имконияти туғилди.

Шодиёр МУТАҲАРОВ,

(Халқ сўзи).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?