Сўнгги беш йилда юрак-қон томир касалликлари 20 фоизга, ҳатто ёшлар орасида ҳам кўпайган — Президент 

19:17 09 Ноябрь 2021 Сиёсат
817 0

Иллюстратив фото

Бугун Президент Шавкат Мирзиёев раислигида юрак қон-томир ва эндокрин касалликларнинг олдини олиш ва уларни даволаш тизимини такомиллаштиришга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.

Йиғилишда Президент кардиология соҳасидаги муаммоли масалалар тўғрисида тўхталиб ўтди.

«30-70 ёшдаги аҳоли ўртасида ўлим ҳолатларининг 53 фоизи ҳанузгача юрак-қон томир касалликларига тўғри келмоқда. Сўнгги беш йилда юрак-қон томир касалликлари 20 фоизга, ҳатто ёшлар орасида ҳам кўпайган. 40 ёшдан юқори аҳолининг 20-25 фоизида гипертония аломатлари мавжуд. Умуман, ўтказилган хатловлар натижасига кўра, республика бўйича 4 миллионга яқин аҳоли орасида юрак-қон томир касалликлари аниқланган бўлиб, умумий аҳолининг 12 фоизини ташкил этади. 
Айниқса, бундай касалликларга чалинган аҳоли сони Наманганда – 18 фоиз (450 минг нафар), Фарғонада – 17 фоиз (600 минг), Бухорода – 14 фоиз (230 минг), Қашқадарёда – 13 фоиз (470 минг)ни ташкил этиб, республика кўрсаткичидан юқори. Тошкент шаҳри, Бухоро, Навоий ва Тошкент вилоятларида юрак-қон томир касалликларининг оғир асоратлари қолган ҳудудларга нисбатан баланд», деди давлат раҳбари.

Президент юқорида кўрсатилган муаммоларни ҳал этиш, юрак-қон томир касалликларини барвақт аниқлаш, уларни олдини олиш ва даволаш бўйича дастур ишлаб чиқилиб, мутлақо янги тизим жорий қилинишини таъкидлади.

Хусусан, қуйидаги чоралар кўрилади:

— келгуси йилдан 40 ёшдан ошган барча аҳоли (10 миллион нафар) оилавий поликлиника ва тиббий бригадалар орқали йилига камида бир марта манзилли скринингдан ўтказилади;

— туман лабораториялари коагулометр ва зарур реактивлар билан таъминланади;

— юрак-қон томир касалликлар аниқланган аҳолининг ягона электрон реестри юритилади;

— юрак-қон томир касалликлари учун эналаприл каби дорилар доимий равишда 200 мингдан зиёд эҳтиёжманд аҳолига бепул тарқатилади;

— туманлардаги ҳар бир маҳаллада «гипертония саломатлик мактаблари»ни ташкил этилади;

— оилавий шифокор пунктлари ва поликлиникаларда ҳамшираларнинг вазифалари ҳам қайта кўриб чиқилиб, уларнинг функциялари кенгайтирилади.

Президент томонидан кардиология соҳасида белгилаб берилган вазифалар ижроси доирасида, шунингдек:

— бирламчи бўғинга дори ва тиббий буюмлар учун келгуси йилда бюджетдан 580 миллиард сўм берилади. Бу жорий йил харажатларидан 3 баробар кўп; 

— 14 мингдан зиёд тиббиёт бригадалари ва оилавий шифокорлар юрак касалликларини барвақт аниқлаш ва бирламчи ёрдам кўрсатишга ўқитилади; 

— келгуси йил якунигача барча оилавий шифокор пунктлари ва поликлиникаларда ҳамшира кўрик хонаси ташкил қилинади;

— келгуси йил давомида малака ошириш марказларида 15 минг нафар ҳамширанинг махсус онлайн курсларда ўқитилиши таъминланади; 

— туман шифохоналарига 4 турдаги кардиология ускуналари ўрнатилиб (ЭКГ, ЭхоКГ, Холтер-монитор ва Дефибриллятор), кўрсатиладиган хизматлар 5 тадан 15 тага оширилади. Бунинг учун қўшимча 60 миллиард сўм йўналтирилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?