Сўнгги 4 йилда тадқиқотчиларнинг 60,2 фоизигина диссертациясини белгиланган тартибда ҳимоя қилган

14:35 29 Май 2021 Жамият
488 0

Сенатнинг ялпи мажлиси кун тартибида навбатдаги масала Илмий фаолиятни ривожлантириш учун кўрилаётган чоралар ҳолати юзасидан Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари сенаторлар томонидан муҳокама қилинди.

Мажлисда Олий Мажлис Сенатининг 2020 йил 11 сентябрдаги қарори билан Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари 2020 йил 5 февралдаги Сенат ялпи мажлисида муҳокама қилиниб, сўровда кўтарилган масалаларга етарлича жавоб берилмаганлиги қайд қилинган.

Хусусан, илм-фанга йўналтириладиган жами маблағларнинг ялпи ички маҳсулотга нисбатан 2021 йилга улуши кўрсатилмаганлиги, докторантлар билан ишлаш, улар томонидан олиб борилаётган ишларни мониторинг қилиш ўз ҳолига ташлаб қўйилганлиги, мустақил тадқиқотчилар ва профессор-ўқитувчиларни мақолалари нуфузига қараб моддий рағбатлантириш тизими ҳақида маълумот берилмаганлиги, илмий салоҳиятни ошириш йўналишида таҳлиллар, режалар ва аниқ таклифлар берилмаганлиги, олий таълим муассасаларининг ахборот-ресурс маркази тизимини ислоҳ қилиш, уларнинг илмий ва бадиий китоб фондини янгилаш бўйича аниқ чоралар белгиланмаганлиги танқид қилинган ҳамда Сенат қарори билан қўшимча муддат ва топшириқлар берилган.

Муҳокамада парламент сўрови Вазирлар Маҳкамаси Раёсатининг мажлисида муҳокама қилиниб, илм-фан ва илмий фаолият соҳасини ривожлантириш юзасидан 2021 йилда белгиланган устувор вазифаларни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар режаси тасдиқланганлиги ҳамда парламент сўровида қўйилган масалаларга юзаки ёндашган мутасаддиларнинг масъулиятини ошириш чоралари кўрилганлиги алоҳида таъкидланди.

Парламент сўровида кўтарилган муаммоларни бартараф этишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилган. Хусусан, миллий илм-фан ва инновация тизимини ижтимоий-иқтисодий тараққиётдаги ўрнини ошириш, ҳудудларда инновацион фаолиятни ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон ва қарори қабул қилинган.

Шунингдек Вазирлар Маҳкамасининг илм-фан соҳасига Жаҳон банкининг 50 млн АҚШ доллари эквивалентидаги имтиёзли қарз маблағларини жалб қилишга қаратилган 2021 йил 3 апрелда «Халқаро тараққиёт уюшмаси иштирокида «Ўзбекистон миллий инновацион тизимини модернизация қилиш» лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинган.

Мустақил тадқиқотчи ва профессор-ўқитувчиларнинг мақолалари нуфузига қараб моддий рағбатлантириш тизими яхшиланган.

Шу билан бирга сенаторлар томонидан докторантлар билан ишлаш, улар томонидан олиб борилаётган ишларни назорат (мониторинг) қилиш чоралари етарли даражада ташкил этилмаганлиги, жумладан, сўнгги тўрт йил мобайнида илмий даражали кадрлар тайёрлаш институтлари мавжуд бўлган 125 та олий таълим муассасалари ва илмий ташкилотларда жами 1 795 нафар тадқиқотчи докторантура босқичини тамомлаган бўлса-да, уларнинг фақатгина 1 080 нафари (60,2 фоиз) илмий даражасини олиш учун диссертациясини белгиланган тартибда ҳимоя қилганлиги (шундан 313 нафари ёки 29,0 фоизи ўз муддатида ҳимоя қилган) танқид қилинди.

Мажлисда парламент сўровида белгиланган масалалар юзасидан Ҳукумат томонидан қабул қилинган чора-тадбирлар режасининг ижроси Сенат назоратида қолдирилиши тўғрисида Сенат қарори қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?