Солиқ тўловчиларнинг ишончли ҳамкори

11:26 18 Апрель 2022 Жамият
448 0

Дунёдаги тез ўзгарувчан, мураккаб вазиятда солиқ тушумлари барқарорлигини таъминлаш, соҳани такомиллаштириш, тадбиркорларга кўмак бериш сифати ва кўламини ошириш юзасидан солиқ тизими томонидан манзилли ишлар амалга оширилмоқда. 

Жорий йилнинг 16 март куни Президентимиз Давлат солиқ қўмитасига ташриф буюрди. Давлатимиз раҳбари соҳани рақамлаштириш ишларини жадаллаштириш, солиқ идораларини коррупциядан холи тизимга айлантириш ва тадбиркорларга кўмак бериш зарурлигини алоҳида таъкидлади.

Солиқ тўловчиларга тенг рақобат шароитларини яратиш, шунингдек, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида Давлат солиқ қўмитаси ҳамда Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси раҳбар ходимларидан ташкил топган ишчи гуруҳ ҳар бир ҳудудий солиқ инспекциялари ходимлари билан учрашиб, Юртбошимиз томонидан берилган топшириқларнинг ижросини таъминлаш бўйича кўрсатмалар беришди. Шунингдек, тадбиркорлар билан очиқ мулоқотлар ташкил этилди.

Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармасида матбуот ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида бўлиб ўтган йиғилишда бошқарма бошлиғи Й. Насимжонов жорий йилнинг биринчи чораги давомида амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисобот берди.

Давлат солиқ бошқармаси ҳамда ҳудудий инспекция раҳбарлари иштирокида туманларда жами 28 маротаба тадбиркорлар билан бевосита очиқ мулоқотлар ташкил этилиб, қарийб 3 400 та тадбиркорлик субъектига солиқ қонунчилигига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар, янгиликлар, автоматлаштирилган ахборот тизимлари ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда Тошкент шаҳрида жами 122 521 юридик шахслар фаолият юритади. Шундан жорий йил бошидан буён 13 678 та корхона фаолияти ўрганилиб, «Солиқчи — кўмакчи» тамойили асосида аниқланган 6 743 та муаммоли вазиятлар солиқчилар кўмагида ҳал этилди.

Бундан ташқари, тадбиркорлик субъектларида норасмий тарзда фаолият юритувчи 13 155 нафар фуқаро фаолияти қонунийлаштирилди ва натижада Давлат бюджетига 5,8 миллиард сўм қўшимча маблағ йўналтирилди.

Шунингдек, бугунги кунга келиб мамлакатимизда аҳоли ва бизнес учун қулайликлар кўламини янада ошириш, солиқ муносабатларида инсон омилини камайтириш мақсадида солиқ маъмуриятчилиги тубдан ислоҳ қилинмоқда. 

Хусусан, Солиқ кодексига асосан, солиқ турлари 13 турдан 9 тага қисқарди. Мол-мулк солиғи эса 5 фоиздан 1,5 фоизга тушди. Қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) 20 фоиздан 15 фоизга пасайтирилди. Бунинг натижасида тадбиркорлик субъектлари сони кўпайиб, ҚҚС тўловчилар сони 1 700 дан 33 000 тага етди.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Бугун нафақат тизимдаги ислоҳотлар балки аҳолининг ҳаётдан рози бўлиб яшашларини таъминлаш мақсадидаги ислоҳотлар суръати ҳам янада ошди. Президентнинг тегишли Фармонига асосан солиқ тизими ходимлари аҳолига сайёр давлат хизматлари кўрсатиш билан бирга уларнинг муаммо ва камчиликларини ўрганиб, муаммоларни бартараф этишмоқда.

Бунда Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси бошлиғи томонидан туманларда оммавий сайёр қабуллар ўтказиб келинаётгани қўл келяпти.

Бугунги кунгача барча туманлар кесимида 49 марта сайёр қабул ўтказилиб, аҳолидан жами 352 та мурожаат келиб тушди. Ушбу мурожаатларнинг 207 таси бартараф этилган бўлса муддат талаб этадиганлари юзасидан чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда.

Фуқаролар билан юзма-юз мулоқот давомида уй-жой учун субсидия, тадбиркорликни бошлаш кредит олиш, тиббий ва моддий ёрдам кўрсатиш, газ қувурларини ўтказиш, кадастр, ноқонуний қурилиш, алимент тўловларини ундириш, маҳаллий ички йўлларни таъмирлаш ва шу каби қатор муҳим масалалар кўриб чиқилди.

Яқинда ўтказилган сайёр қабулда тикувчилик фаолияти билан шуғулланувчи фуқаро Фарҳод Саъдуллаев ўз тадбиркорлик ишини ривожлантириш ва янги иш ўринларини яратиш мақсадида тикув машинаси сўраб мурожаат қилган эди. Мурожаатни бартараф этиш ва бизнес имкониятларини кенгайтириш мақсадида бу фуқарога 10 та тикув машинаси олиб берилди.

Умуман, аҳоли муаммоларининг бартараф этилишида сайёр қабуллар ва очиқ мулоқотлар ўз самараларини беряпти.

Шоҳруҳ ҚЎЧҚОРОВ,

Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси ахборот хизмати ходими.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер