СЎХЛИКЛАР ёхуд инсон қадри улуғ юрт фарзандлари

17:05 13 Июнь 2022 Жамият
232 0

Фото: Халқ сўзи

Сўх тумани – табиати ва иқлими ноёб, табиий жойлашувига кўра “кичик оролча”, очиқ осмон остидаги дилкушо манзил. Очиқкўнгил ва очиқ юзли сўхликлар ҳар бир келган меҳмон билан борини баҳам кўрувчи танти, олижаноб элдир.

Ибтидоий одамлар манзилгоҳлари, қадимий “тош тумор”и, шоҳ Бобур билан боғлиқ афсона ва ривоятларнинг ўзи Сўх юртимизнинг кўҳна тарихга эга масканларидан бири эканини далолатлайди. Туманда асрлар давомида сайқалланиб келаётган қадрият ва анъаналар бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ.

Янги Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида Сўх тумани марказидан тортиб энг олис қишлоқларигача янгиланиш ва ўзгаришларга юз тутди. Бу ерда замонавий, бир пайтнинг ўзида миллий меъморий қиёфа касб этаётган янги иншоотлар, боғ ва хиёбонлар, кенг ва равон йўллар, муҳташам хизмат кўрсатиш ва сервис шохобчалари, саноат корхоналари бирин-кетин қад ростламоқда.

Тинч-осойишта, фаровон ҳаёт шукуҳи, обод этилаётган кўҳна обидалар, зиёратгоҳлар, қадрдон қишлоқлар қиёфасини ўзгартириб юбораётган таълим ва тиббиёт объектлари, спорт комплекслари, маданий-маърифий иншоотлар тумандаги ҳар бир оила, инсон қалбида яшаш завқини, эртанги кун истиқболига бўлган ишончни юксалтирмоқда.

— Бугун юртимиздаги каттаю кичик ҳаётнинг жўшқин оқимидан четда эмас,-дейди Сўх тумани ҳокими Саидбаҳром Саидмўсаев. — Шу ўринда давлатимиз раҳбари томонидан татбиқ этилаётган ташаббусларга бежиз Учинчи Ренессанс бунёд этиш учун ташланаётган дадил қадамлар сифатида таъриф берилмаётганини айтиш жоиз. Худди шундай, сўхликлар турмуш тарзида, дунёқарашида, орзу-умидларида рўй бераётган ўсишни Президентимиз олиб бораётган халқчил сиёсатнинг амалдаги яна бир тантанаси, десак муболаға бўлмайди.

Болапарварлик, ҳаётнинг энг тотли неъматларини фарзандларга илиниш туйғуси халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган фазилатдир. “Сўх” болалар оромгоҳининг тантанали очилиш маросимида отамерос бу фазилатнинг давлатимиз сиёсатида ҳам ўз ифодасини топиб келаётгани ғурур-ла қайта-қайта таъкидланди.

— Ҳар гал бағрикенг ва саховатпеша Сўх заминига келганимда қалбим яйрайди,— дейди тантанали тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси, сенатор Қудратилла Рафиқов. — Сўлим ва мафтункор масканга яна бир бор ташриф буюрар эканман, Фарғона адабий муҳити намояндаларидан бири бўлган истеъдодли шоир, улуғ маърифатпарвар жадид Фурқатнинг ушбу мисралари хаёлимдан ўтди:

Киши тўбию кавсар, жаннату ризвонни не қилсин,

Жаҳон айвонида ҳосил бу янглиғ анжуман бўлса.

Бу диёрнинг элпарвар, юртпарвар инсонларини сайёрамизнинг бошқа бирор манзилида учратиш қийин. Агар таъбир жоиз бўлса, Сўх – Хизр назар қилган жаннатмонанд гўша.

Сўх юртимизнинг анклав мақомидаги ҳудуди бўлиб, мустақилликнинг қарийб чорак асрлик тарихида туман аҳли айни шу омил сабаб кўплаб муаммолар билан юзма-юз яшашига тўғри келди.

— Шавкат Мирзиёев Президентликка сайланганидан кейин дилбар Фарғонанинг узвий бир бўлаги бўлган Сўх туманига муносабат бутунлай ўзгарди,— дейди сўхлик меҳнат фахрийси Субҳиддин Шарофиддинов. — Шу боис бугун сўхликлар тилидаю дилида шукр. Ҳар биримиз юртнинг бугуни ва эртасига дахлдорлик ҳиссини сезиб яшаяпмиз. Бу жуда муҳимдир!

Бир умр таълим тизими фидойиси бўлган Субҳиддин отанинг сўзларидаги самимиятни, ҳавойиликдан холиликни сезамиз. Англаймизки, чиндан ҳам Президентимизнинг 2020 йил
8 августдаги “2020-2021 йилларда Фарғона вилояти Сўх туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида ўтган икки йилда туманда бир неча ўн йилликларга тенг ютуқларга эришилгани айни ҳақиқат.

Сўх тумани ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Анвар Жўраевнинг маълум қилишича, ўтган даврда қарор ижроси доирасида саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларини ривожлантириш бўйича 75 та лойиҳа фойдаланишга топширилиб, 76,9 млрд. сўмлик инвестиция маблағлари ўзлаштирилди. Бунинг натижасида икки мингга яқин иш ўринлари яратилди.

Муҳандислик-коммуникация тармоқларини яхшилаш бўйича 236,4 млрд. сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди. 12 та давлат, оилавий мактабгача таълим ташкилотлари ташкил этилди, 11 та МТТда қўшимча гуруҳлар фаолияти йўлга қўйилди ҳамда болаларнинг боғчага қамров кўрсаткичи қарийб 70 фоизга етказилди. Мактаблар таъмирига 34 млрд. сўм, тиббиёт муассасалари қурилиши ва жиҳозланишига 27,8 млрд. сўм, спорт объектларига 5,5 млрд. сўм сарфланди.

“Обод қишлоқ” дастури доирасида жорий йилда тумандаги “Чашма” ва “Қалача” МФЙдаги таълим масканлари таъмирланди. 188 км ичимлик суви, 11,6 км электр энергияси, 4,3 км табиий газ тармоғи тортилди.

Энг қувонарлиси, Сўхга Фарғона вилояти марказидан авиарейслар қатнови йўлга қўйилди, сўхлик ёшларга олий таълимга киришда махсус грантлар ажратилди.

Ҳа, бугун Сўхдаги бу каби янгилик ва ўзгаришларнинг саноғига етиш қийин.

Дунёда ҳар қандай давлат, ҳар қайси жамият ўз келажагини бир олам орзулар билан катта ҳаётга кириб келаётган ёшлар тимсолида тасаввур этади. Шу маънода Сўхда ҳам илм-фан, спорт, бадиий ижод, тадбиркорлик соҳасидаги ютуқлари билан барчамизни ҳайратга солаётган навқирон авлод вакилларининг сафи йилдан-йилга кенгайиб бораётганига ҳавас қилса, арзийди. Биргина спорт соҳасида мамлакат, қитъа ва жаҳон миқёсидаги чемпионатларда зафар қучиб келаётган Расулбек Давронов, Абдураҳим Қозиев, Фарҳод Исоев, Суҳробжон Қориев, Насим Муҳиддинов, Рустам Казаров сингари кўплаб сўхлик ёшлар номини фахр билан тилга олиш мумкин.

Яқинда туманнинг “Истиқлол” МФЙ ҳудудида фойдаланишга топширилган ўзига хос ноёб меъморий ечимга эга, кўркам ва замонавий “Сўх” болалар оромгоҳи ўғил-қизларнинг ҳар жиҳатдан баркамол бўлиб улғайиши учун хизмат қилади.

Мазкур оромгоҳ ғояси муаллифи, меъмори ва қурилиши ташаббускори шахсан Президентимиз Шавкат Мирзиёев эканини эсламоқ ўринли. Зотан, ушбу иншоот бунёд этилишида чизмасидан тортиб, фойдаланишга топширишгача бўлган барча жараён давлатимиз раҳбари эътиборида бўлди.

— Оромгоҳ ҳудуди беш гектар ер майдонини эгаллаган бўлиб, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясига Юртбошимиз тавсияси асосида давлат бюджетидан ажратилган салкам 28 млрд. сўмга яқин маблағ эвазига қад ростлади,-дейди мазкур муассасада иш бошлаган мураббий Шабнам Адҳамбекова. – Икки юз ўринга мўлжалланган оромгоҳда ёз мавсуми давомида мингдан зиёд кичкинтойларимиз мароқли дам олиб, саломатлигини яхшилайди.

Замонавий ишлаб чиқариш тармоқларини ташкил этиш, тадбиркорлик, ҳунармандчилик анъаналари жадал ривожланиши, аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар натижаси ўлароқ кейинги йилларда туман иқтисодиёти қарийб икки баробарга ўсди, кичик бизнес субъектлари сони беш ҳиссага кўпайди.

“Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари асосида “Ровон”, “Истиқлол”, “Қалъа”, “Сўх”, “Ғазнов”, ”Ҳушёр”, “Мулгон”, “Шарқобод”, ”Офтобру” МФЙларида кенг қамровли ободончилик, бунёдкорлик ишлари олиб борилди.

Айни пайтда Жавпая, Сурати, Варган ҳамда Малбут массивларидаги қишлоқ хўжалигида фойдаланилмай, йиллар мобайнида қаровсиз ётган 4 минг гектарга яқин адирлик ер майдонлари Фарғона давлат ўрмон хўжалигига ажратиб берилди. Ҳозирда ушбу ерларда лимончилик, лаванда, каврак, наъматак каби шифобахш мева ва ўсимликлар етиштириш мақсадида истиқболли лойиҳалар амалиётга йўналтириляпти.

— Жавпая массивининг асрлар давомида сувсизликдан қуриб-қақшаб ётган тош-шағал ерларини ўзлаштириш ишлари авжида,— дейди сўхлик ёшлар фаоли Дадахон Ҳасанов. — Фарғона вилояти ҳокимлиги кўмагида замонавий ирригация тармоқлари ва сувни тежовчи технологиялар жорий қилиш, кам сув талаб қиладиган экинлар экиш ҳисобига аҳоли, хусусан, ёшлар бандлигини таъминлаш, даромадини ошириш устувор вазифа сифатида белгиланган. Деҳқончилик қилиш учун барча шароитлар муҳайё қилингач, ерлар “Тул”, “Қалача”, “Соҳибкор”, “Ғазнов” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”га киритилган оилаларга, ёшларга 10 сотих иссиқхона ва 1 гектаргача боғ яратиш учун бўлиб берилаётир.

Бу массив учун Сўх дарёсидан беш километргача бўлган масофага оқова сув, икки километрдан ортиқ жойдан электр тармоғи тортилди. Махсус ҳовузлар барпо этилиб, экин майдонларида томчилатиб суғориш тизими йўлга қўйиляпти. Ҳудудда мингга яқин оила ер олиб, мевазор боғ яратиш учун астойдил меҳнат қилмоқда. Сўх олмаси, нок, ўрик, ҳурмо, шафтоли жуда ҳам харидоргир эканлигини инобатга олсак, яхши ниятда иш бошлаётган бу инсонларнинг даромади чакки бўлмайди.

2021 йили туманда ташкил этилган 219 та янги тадбиркорлик субъектлари томонидан 102 миллиард сўмликдан ортиқ саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилгани яна бир эътирофга молик жиҳатдир.

Ўтган йили биргина ҳудудий инвестиция дастури доирасида 56 та лойиҳа доирасида 700 дан кўпроқ иш ўринлари яратилди. Умумий майдони 8,1 гектар бўлган 5 та кичик саноат зоналари ташкил қилиниб, умумий қиймати 11 млрд. сўмга тенг бўлган 50 та лойиҳа ишга туширилди.

— Туманда кейинги йилларда хизматлар соҳаси ҳам жадал ривожланяпти,-дейди сўхлик тадбиркор Ҳабибулло Ёрматов. — Шу мақсадда тумандаги ҳар бир маҳаллада 18 турдаги хизмат кўрсатиш шохобчаларини ташкил этиш ишларига киришилган бўлиб, “маҳаллабай” кесимида 200 га яқин лойиҳани амалга ошириш бўйича манзилли дастур ишлаб чиқилди.

2022 йилда Сўх туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури асосида 39 та инвестиция лойиҳалари доирасида 3 миллион 400 минг АҚШ долларилик тўғридан-тўғри инвестиция ўзлаштирилиши мақсад қилинган.

Яқин йилларгача ҳам Фарғона вилояти туманлари ичида Сўх ичимлик сув таъминоти энг оғир ҳудуд ҳисобланарди. Бу йил якуни билан туманда ичимлик сув таъминоти 100 фоизга етказилади. Бунинг учун 30 та сув иншооти қурилиши ва реконструкция қилиниши, 274 км ичимлик суви тармоқлари тортилиши режалаштирилган.

Чегаранинг ортида Ватан бор. Лекин икки юртни боғловчи чегара масканларидан ўтиш хусусида гап кетганда, бундан беш-олти йил олдин сўхликлар оғир хўрсиниб қўярди. Бу хўрсиниқ азобларини ўша йиллари мазкур чегара масканларидан ўтган ҳамюртларимиз унутмаганлари аниқ. Яхшики, Президент Шавкат Мирзиёевнинг узоқни кўзлаган оқил ва доно сиёсати туфайли кўп йиллик “муз”лар эриди. Икки қардош халқ муносабатларида қайта бўй кўрсатган дўстона муносабатлар сўхликлар қалбига ҳам ором бахш этди.

Фарғона вилояти ва Қирғизистонинг Боткен вилоятлари орасида “Риштон” (“Қайтпас”) “Тул” (“Этикчи”) чегара постлари фаолияти тикланиб, Қирғистон орқали ўтган “Сўх–Риштон” йўли очилгани туман аҳли учун сўнгги йиллардаги унутилмас воқелик бўлди. Бугунги кунда Фарғона вилояти марказига келиш учун 80 километр йўл босиб, беҳуда вақт сарфламай, қисқа – 20 километрлик йўл орқали кўзланган манзилга етиб олиш имконияти мавжуд.

Эзгу ташаббусга кўра, сўхликларнинг кўп йиллик яна бир орзуси рўёбга чиқиб, “Новобод” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида янги аэропорт қурилди. Бу ишлар учун давлат бюджетидан етти миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланди. Эндиликда ҳафтанинг муайян кунларида самолётлар парвози амалга оширилмоқда. Умумий майдони етти гектар, узунлиги етти юз метрни ташкил этган учиш қўналғаси “ҳаво кемалари”га эркин ҳаракаланиш имконини беради. Фарғона вилояти марказидан Сўхга авиақатновлар йўлга қўйилиши сайёҳлар оқими кўпайишига хизмат қилишини инобатга олиб, Сўхдаги аэропортга ёндош ер майдонлари лавандазорга айлантирилмоқда. Бу келажакда дунё сайёҳларини ўзига оҳанрабодек тортувчи лаванда фестивалларини ўтказишда қўл келиши шубҳасиз.

Шу кунларда туманда фахрийлар учун 100 ўринли дам олиш маскани қурилиши юзасидан ҳам амалий ишлар бошланганини сайёҳлик инфратузилмаси ривожи учун яна бир қулайлик яратилаётгани сифатида изоҳлаш мумкин.

Яширишга не ҳожат, яқин йилларгача ҳам моддий имконияти барқарор бўлган сўхликлар вилоят маркази – Фарғона шаҳридан уй-жой сотиб олишга интилган. Бунинг ўзига хос сабабларини тушуниб олиш қийин эмас, албатта. Эндиликда вазият ўзгарди – туман аҳли қадрдон масканларидан кетишни асло исташмайди.

Президентимизнинг юқорида келтирилган қарори ижроси доирасида туманда барча қулайликларга эга 8 та 280 та хонадонли кўп қаватли уйлар қуриб битказилди. Янги хонадонларнинг 170 таси эҳтиёжманд оилаларга ажратилиб, дастлабки бадал пуллари маҳаллий бюджет ҳисобидан тўлаб берилди.

Соғлом танда – соғлом ақл, дейди доно халқимиз. Шунга кўра, Сўхда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, бирламчи тиббий-санитария ҳамда тез тиббий ёрдам кўрсатиш хизмати сифатини замонавий мезонлар асосида такомиллаштириш ишларига жиддий эътибор қаратилаётгани диққатга сазовор.

Яқин йиллар давомида туман тиббиёт муассасаларига “Саломатлик-3” лойиҳаси, Ислом тараққиёт банки, республика ва вилоят бюджети ҳисобидан умумий қиймати 1 млн. АҚШ долларидан ортиқ бўлган тиббий асбоб-ускуналар, жиҳозлар олиб келинди. Тиббиёт муассасаларида замонавий ахборот-коммуникация технологиялари орқали алоқа йўлга қўйилди.

Аҳолининг дори воситалари ва тиббий буюмларга бўлган талабини қондириш мақсадида “Фарғона дори-дармон” акциядорлик жамиятига қарашли марказий ижтимоий дорихона, 8 та дорихона шохобчаси ва битта кўчма дорихона ташкил этилди.

Инвестиция дастури доирасида 3 млрд. 690,8 млн. сўм маблағ эвазига марказий шифохона ҳудудида юқумли касалликлар бўлими биноси қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Дастур доирасида “Ленбур”, “Мулғон” қишлоқ врачлик пунктлари биносини қуриш, 7 та ҚВПни реконструкция қилиш ишлари якунига етказилмоқда. “Офтобру" маҳалла фуқаролар йиғинида янги соғломлаштириш маркази қурилган бўлса, “Сабрина невромед” хусусий корхонаси томонидан тиббий хизмат кўрсатиш маркази ишга туширилди.

Янги шифо масканида гидротерапия, яъни сув билан даволаш, неврология-терапия, травмотология бўлимлари мавжуд. Соғломлаштириш марказида кам таъминланган, ижтимоий кўмакка муҳтож оилалар, ногиронлиги бўлганлар даволанишда имтиёзларга эга эканлиги ибратга лойиқ.

Сўх табаррук қадамжолари, беназир обидалари, маданий мерос объектлари билан ҳам машҳур. Ҳазрат Али, Султон Ғазнавий зиёратгоҳлари, “Сулунғур ғори”, “Хўжайли Мурод” каби маданий ёдорликлар ҳамиша маҳаллий аҳоли ва хорижий сайёҳлар эътиборини тортиб келади. Туманнинг сайёҳлик харитасида, айниқса, “Сурати” тоғи муҳим ўрин тутади. Сир-синоатга тўла тарихий манзилнинг силлиқ тоғ тошлари ойнадек товланади. Завқли томоша кўз илғамас бетакрор гўзалликни илғаб олишга ундайди.

Дарвоқе, “Фарғона-Сўх-Фарғона” йўналиши бўйлаб транспорт ва авиапарвозларнинг йўлга қўйилиши сайёҳлар оқимини сезиларли оширди. Сўх туман ҳокимлиги ташаббускор тадбиркорларни қўллаб-қувватлаши туфайли 20 дан ортиқ уй меҳмонхоналари қурилди. Ҳозирда бу йўналишда янги лойиҳа ташаббускорлари ўз бизнес ғояларини амалга ошириш ҳаракатида. Туманда экотуризм, агротуризм, тиббиёт туризмини ривожлантириш учун изчил саъй-ҳаракатлар давом этмоқда.

— Сўх қисқа фурсат ичида шунчалик тез ўзгардики, ўзимиз ҳам пайқамай қолдик, — дейди сўхлик Содиқжон Тоҳиров. —  Бу ўзгаришлар меъмори – Президент Шавкат Мирзиёев экани барчамизга кундай равшан. Бундай роҳатбахш манзараларни кузатган ҳар қандай одам ўзида олға интилиш учун куч топади, кўнгли тоғдек кўтарилади.

Сўхликларнинг қай бири билан суҳбатлашмайлик, улар сўзларидаги мана шундай миннатдорлик туйғуси бизнинг қалбимизга ҳам кўчади. Эндиликда уларнинг юзида синиқ табассум, нигоҳларида ишончсизлик йўқ. Қадамлари дадил, орзу-ниятлари ўктам, эртанги кунга умид билан пешвоз чиқадилар.

Мамлакатимизда “Инсон қадри улуғ” тамойили асосида олиб борилаётган ҳаётбахш ислоҳотлардан кўзланган эзгу мақсад ва унинг амалий самараси шу эмасми аслида?!

Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер