Сўхлик уй бекалари саёҳатга чиқди

19:02 13 Октябр 2022 Жамият
401 0

Фото: Халқ сўзи

15 октябрь — Халқаро қишлоқ аёллари кунини муносиб ўтказиш мақсадида Фарғона вилояти ҳокимлиги томонидан алоҳида режа ишлаб чиқилган бўлиб, ҳар бир шаҳар-туманда ўзига хос тадбирлар ташкил этилмоқда.

— Сана муносабатт билан Бағдод, Олтиариқ, Данғара, Бешариқ ва Фурқат туманларида хотин-қизлар иштирокида қатор маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилди, — дейди Фарғона вилояти оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Гулчеҳра Жўраева. — Шунингдек, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти Кенгаши томонидан анклав ҳудуд — Сўх туманида 25 нафар қишлоқ аёли учун Фарғонанинг диққатга сазовор жойлари бўйлаб саёҳат уюштирилди. Сўхлик оила бекалари Фарғона вилояти тарихи ва маданияти музейида бўлиб, унинг фаолияти билан яқиндан танишдилар.

Ташриф режасига кўра, меҳмонлар 2014 йилда қурилган вилоят театр-концерт саройида ҳам бўлишди. Минг ўринли санъат саройи миллий ва замонавий меъморчилик анъаналарини ўзида уйғунлаштиргани уларда катта таассурот қолдирди.

Шу куни Сўх туманидан ташриф буюрган қишлоқ аёллари учун Қувасой шаҳридаги Аҳмад Ал-Фарғоний дам олиш уйида спортнинг шашка тури бўйича мусобақа, сўнг концерт дастури ўтказилди.

— Оила ва фарзандлар ташвишидан ортиб, бундай сайёҳатга чиқиш қалбимизга бир олам завқ бағишлади, — дейди сўхлик Майрамхон Алибоева. — Бугун юртимизда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари, ҳаётбахш ислоҳотлар самарасини ўз кўзимиз билан кўриш бахтига муяссар бўлганимиздан беҳад шодмиз.

 

Ботир Мадиёров, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер