Соғлиқни сақлаш вазирлиги хусусий шифохоналарга коронавирусни даволаш бўйича ҳеч қандай чеклов қўймаган

19:19 16 Август 2020 Жамият
549 0

Айни кунларда интернет тармоғида коронавирусга чалинган беморларни даволовчи нодавлат тиббиёт ташкилотлари атрофида турли мунозаралар бўлмоқда. Бунга маълум маънода амалдаги ҳуқуқий ҳужжатлардан бехабарлик ҳам сабаб бўляпти, дейиш мумкин.

Президентимизнинг 2020 йил 26 мартдаги «Ўзбекистон Республикасида Коронавирус инфекцияси кенг тарқалишининг олдини олишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори билан хусусий шифохоналарга коронавирус инфекциясини даволашга рухсат берилган эди.

Мазкур қарорда коронавирусга чалинган беморларни даволаш учун хусусий шифохона Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан тегишли шартномани тузганидан кейингина бу йўналишда фаолият бошлаши лозимлиги кўрсатиб ўтилган.

Шунингдек, тиббий фаолиятни лицензиялаш тартиби тўғрисидаги Низомда ҳам нодавлат тиббиёт муассасалари санитария-эпидемиология қоидаларига, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган ва халқаро тиббий амалиётда синовдан ўтган диагностика ва даволаш стандартларига риоя қилиши лозимлиги алоҳида белгиланган.

—Тиббий фаолиятни юритишга қўйилган талаблар давлат шифохоналари учун ҳам, хусусий шифохоналар учун ҳам бирдек амал қилади. Шунинг учун мулкчилик шаклидан қатъий назар ҳар бир тиббиёт муассасаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг диагностика ва даволаш стандартларига тўлиқ риоя қилиши шарт, — дейди вазирликнинг Лицензиялаш ва аккредитациялаш бошқармаси бошлиғи Фарҳод Раҳимқулов. — Бу талаблар бузилган тақдирда, амалдаги қонунчиликка кўра, давлат тиббиёт муассасаларида бевосита тиббиёт ходимларига нисбатан чора кўрилади. Хусусий шифохоналарда эса тиббий фаолиятга олинган лицензиянинг амал қилиниши, шу жумладан, унинг суд тартибида бекор қилиниши кўзда тутилган.

Шу йилнинг 4-6 август кунлари пойтахтимиздаги коронавирусга чалинган беморларни даволаётган 14 та хусусий шифохона мониторинг қилинганида улардан 7 таси юқорида назарда тутилган шартномани имзоламасдан фаолият кўрсатгани аниқланди. Ўрганилганда, уларнинг аксариятида қатъий риоя қилиниши лозим бўлган «қизил», «сариқ», «яшил» ҳудуд қоидаларига амал қилинмаганлиги, аниқ бир даволаш тактикаси мавжуд эмаслиги, инфузион суюқликлар ва антибиотикларни керагидан ортиқ қўлланганлиги маълум бўлди. Бу ҳолат, табиийки, юқумли касалликнинг тиббиёт ходимларига юқиши билан бирга, энг ачинарлиси, беморлар аҳволининг оғирлашишига ҳам сабаб бўлади.

Фарҳод Раҳимқуловнинг маълум қилишича, айрим хусусий шифохоналарга коронавируснинг енгил шакли билан ётқизилган беморларнинг аҳволи кейинчалик ёмонлашиб, касаллик оғир шаклга ўтиб кетгач, давлат тиббиёт муассасасига ўтказилгани ёки, афсуски, вафот этгани аниқланган. Шифохоналарда зарур ускуна ва жиҳозлар, соҳа бўйича мутахассислар етишмаслиги бундай нохуш ҳолатларнинг олдини олишга имкон бермаган.

Тўғри, оғир дамларда беморларни қабул қилиб, тегишли даволаш стандартлари ва тавсиялари асосида коронавирусга чалинганларга тез ва сифатли тарзда тиббий хизмат кўрсатиб, мураккаб вазиятни юмшатишда яқиндан ёрдам берган хусусий шифохоналар ҳам талайгина. Шу ўринда уларнинг фаолияти чинакам эътирофга ҳақли.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги хусусий шифохоналарга коронавирусни даволаш бўйича ҳеч қандай чеклов қўймаган. Фақат ушбу фаолиятни қонунчиликда белгиланган тартибда амалга ошириш лозимлигини, агар тартибга риоя қилинмаса, ҳуқуқий таъсир чораси мавжуд эканлигини эслатиб келмоқда, холос. Инсон саломатлиги ҳақида гап кетганда, давлат тиббиёт муассасаларида бўлгани каби хусусий шифохоналардан ҳам барча қоидаларга сўзсиз риоя қилиш талаб қилинади.

Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, айни пайтда Тошкент шаҳрида 21 та, вилоятларда 4 та хусусий шифохона коронавируc инфекциясига чалинган беморларни даволаб келмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Жамоатчилик билан
 алоқалар бўлими

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?