Соғлиқни сақлаш ва Маданият вазирликлари очиқликка оид ҳужжатлар ижросини таъминлашда қандай камчиликларга йўл қўйган?

18:21 27 Сентябр 2022 Сиёсат
335 0

Фото: Юнус Бўриев / “Халқ сўзи”

       2022 йил 27 сентябрь куни Олий Мажлис Сенатининг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди.

Унда “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонун ва соҳага оид бошқа қонунчилик ҳужжатларининг Соғлиқни сақлаш ва Маданият вазирликларидаги ижро ҳолати муҳокама қилинди. Таъкидланганидек, вазирликларда очиқлик даражасини таъминлаш юзасидан бир қатор ишлар амалга оширилган.

Хусусан, ўтган вақт мобайнида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўз фаолияти очиқлигини таъминлаш борасида 8 та матбуот анжумани, 7 та преес-тур, 2 маротаба брифинг ўтказган. ОАВ, Интернет ва ижтимоий тармоқларда вазирлик фаолиятига нисбатан эълон қилинган 246 та танқидий материалларнинг барчасига тезкор муносабат билдирилган.

        Маданият вазирлиги ўз расмий веб-сайтида ижтимоий аҳамиятга молик ахборотларни ва  Очиқ маълумотлар портали (data.egov.uz)да эълон қилиниши зарур бўлган маълумотларни белгиланган муддатларда жойлаштирган.

     Шунингдек, ушбу вазирликларнинг марказий аппарати, ҳудудий бошқармалари ва идоравий мансуб ташкилотларида очиқликни таъминлаш борасида қилинган ишлар билан бирга йўл қўйилган тизимли камчиликлар ҳам мавжуд эканлиги қайд этилди.

          Хусусан,     Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил
14 июндаги ПФ–154-сон Фармонига асосан шу йилнинг 1 июлидан эътиборан Очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхатига киритилган ахборотлар давлат органлари ва ташкилотлари расмий веб-сайтининг бош саҳифасидаги алоҳида бўлимга жойлаштирилиши белгиланган.    

       Бироқ ўрганиш даврида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан расмий веб-сайтнинг бош саҳифасида “Очиқ маълумотлар” бўлими ташкил этилмаганлиги аниқланди.

Вазирликлар расмий веб-сайтларида хизмат сафарлари билан боғлиқ бўлган маълумотлар тўлиқ очиқланмаган. Шунингдек, бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлаш ишлари талаб даражасида эмас.

Жумладан, вазирликлар расмий веб-сайтларида очиқ маълумотлар тўпламларини эълон қилиш масалалари бўйича масъул ходим ва унинг алоқа маълумотлари акс эттирилмаган.

Таҳлилларга кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Очиқ маълумотлар портали (data.egov.uz)да жойлаштирилган 74 та маълумот тўпламаларидан 48 таси эскирган.

Хусусан, давлат органлари ва ташкилотларининг ўз фаолиятига оид ҳисоботлари, давлат харидлари ва инвестиция лойиҳалари доирасида ташкил этиладиган харид комиссияларининг харид комиссияси таркибини тасдиқлаш ҳақидаги қарорлар, тасдиқланган йиллик харажатлар сметаси билан бир қаторда унинг ижроси, шу жумладан объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ишлари, автомототранспорт воситаларини сотиб олиш ва сақлаш харажатлари тўғрисидаги маълумотлар, вазирликнинг тасдиқланган ярим йиллик ва (ёки) йиллик иш режалари ҳамда вазирлик фаолияти тўғрисида ахборот олишга доир сўровларнинг натижалари ҳақидаги ахборот расмий веб-сайтда жойлаштирилмаган.

Маданият вазирлиги томонидан жорий йилнинг 1 апрелига қадар ўтказиши лозим бўлган матбуот анжумани вазирлик томонидан белгиланган муддатда ўтказилмаган.

Қайд этилганидек, вазирликларнинг ҳудудий бошқармалари ва идоравий мансуб ташкилотларида ахборот хизматларининг фаолияти кўзга ташланмаяпти. Ҳудудий бошқармалар томонидан тизимли равишда оммавий ахборот воситалари билан очиқ мулоқот ташкил этиш ишлари талаб даражасида эмас.

Хусусан, вазирликларнинг бир қатор ҳудудий бошқармалари Интернет ва ижтимоий тармоқларда кўтарилган, аҳолини ташвишга солаётган долзарб масалалар бўйича матбуот анжуманлари ва брифинглар ўтказилмаган. Айниқса Маданият вазирлиги ҳудудий бошқармаларида бу каби ҳолатлар юзасидан доимий ахборот бериб бориш учун расмий веб-сайтлари фаолияти йўлга қўйилмаган.

Бундан ташқари, вазирлик томонидан мансабдор шахсларнинг хизмат сафари ва хориждан ташриф буюрган меҳмонларни кутиб олиш билан боғлиқ ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар тўлиқ очиқланмаган.

Ўрганиш ва таҳлилларда вазирликлар, унинг ҳудудий бошқармалари ва идоравий мансуб ташкилотлари томонидан “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонун талабларига риоя этилмаган.

Бу эса жамоатчиликнинг ҳақли эътирозларини келтириб чиқармоқда.

         Мажлисда Қўмита аъзолари томонидан вазирликларнинг фаолият очиқлигини таъминлаш ишларига жиддий эътибор қаратиши лозимлиги қайд этилиб, зарур таклиф ва тавсиялар берилди.

Мажлис якунида мазкур масалалар юзасидан Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

 

 

“Халқ сўзи”,
Фото: Юнус Бўриев / “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер