Соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинини такомиллаштиришда депутатларнинг ўрни қандай бўлади?

15:17 30 Ноябрь 2020 Жамият
175 0

2020 йил 30 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси томонидан Президентимизнинг бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида янги механизмларни жорий қилиш ҳамда соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этишга қаратилган фармон ва қарорлари мазмун-моҳияти ҳамда мазкур ҳужжатларда белгиланган вазифалар ижроси юзасидан давра суҳбати ўтказилди.

Тадбирда Қонунчилик палатасидаги барча фракциялар вакиллари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Давра суҳбатида таъкидланганидек, мамлакатимизда аҳоли соғлиғини мустаҳкамлаш бунда, саломатлик кўрсаткичларини яхшилаш, фуқаролар умр давомийлигини узайтириш, миллат генофондини асраш, ҳар томонлама соғлом авлод тарбиялаш стратегик вазифа сифатида белгиланган. Бу мақсадларни амалга ошириш юзасидан сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари томонидан кўплаб фармон ва қарорлар қабул қилинди. Бу ўз навбатида бирламчи тиббий-санитария, шошилинч ва тез тиббий ёрдам, ихтисослаштирилган хизматларнинг такомиллашувига туртки бўлди. Оналар ва болалар ўлимининг олдини олиш, касалликларни барвақт аниқлаш, оилаларда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, тиббий маданиятни ошириш, аҳолининг ўртача умр кўриш даражасини узайтириш бўйича сезиларли натижалар қўлга киритилмоқда. 

Депутатлар 2020 йил бутун дунёда бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам соғлиқни сақлаш тизими учун катта синов ва айни вақтда янги тажриба орттириш йили бўлганини алоҳида қайд этиб ўтдилар. 

Соҳа ривожи учун давлат бюджетидан 14,8 триллион сўм ёки 2019 йилга нисбатан 1,2 баробар кўп маблағ ажратилгани, шунингдек, Инвестиция дастурига мувофиқ ушбу тизимга 1,15 триллион сўм маблағ йўналтирилгани мавжуд қийинчиликларга қарамасдан, катта ишларни амалга ошириш имконини бергани ҳам халқ вакилларнинг эътиборида бўлди. Шу билан бирга соҳада кўрилаётган кенг кўламдаги чора-тадбирларга қарамай, тизимда ҳали камчиликлар мавжуд ва бу ўз навбатида аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда. Айниқса, туманлар, чекка қишлоқлардаги фуқаролар тиббий хизматдаги жиддий ва туб ўзгаришларни ўз ҳаётида сезмаётгани айтиб ўтилди. Бирламчи тиббий-санитария ёрдами тизими, туман марказий шифохоналарининг моддий-техник базаси ва малакали кадрлар билан таъминланиш даражаси талабга тўлиқ жавоб бермаслиги, бунинг натижасида ҳудудлардаги беморлар маблағ сарфлаб, Тошкент шаҳрига келишга ёки чет давлатларга боришга мажбур бўлаётгани мисол тариқасида келтириб ўтилди. 
Давра суҳбатида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан Президентимиз фармон ва қарорлари ижроси юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгилаб олингани таъкидлади. Хусусан, мамлакатимизда аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдамини кўрсатиш сифати ва самарадорлигини ошириш ҳамда соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар натижадорлигини янада ошириш устидан таъсирчан парламент назоратини амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» ишлаб чиқилиб, қуйи палата Кенгаши томонидан тасдиқланди. Унга кўра, аҳоли саломатлиги, ҳудудларда касалликларнинг кўпайиши ёки камайиши, касалликларнинг олдини олишга қаратилган ишларнинг ҳолатини жойларга чиққан ҳолда ўрганиш бўйича чора-тадбирлар белгиланди. Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси томонидан ҳудудларда 2021 – 2023 йилларда оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларнинг ташкил этилиши, шунингдек «Қишлоқ шифокори» дастурининг ижроси устидан парламент назоратини амалга ошириш кўзда тутилди. Шунингдек, соғлиқни сақлаш соҳасида олиб борилаётган ишларни маҳаллий Кенгашларда муҳокама қилинишини ташкил этиш чоралари кўриладиган бўлди.

Тадбирда депутатлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари билан давлатимиз раҳбарининг соҳага оид фармон ва қарорлари ижроси бўйича бажариладиган ишлар юзасидан фикр алмашдилар.

Давра суҳбати якунида қўмитанинг тегишли таклиф ва тавсиялари ишлаб чиқилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?