Содиқ Сафоев Марказий Осиё бўйича ЕИ вакили билан учрашди

19:17 25 Май 2021 Сиёсат
422 0

Кеча Олий Мажлис Сенати Раиси биринчи ўринбосари С. Сафоевнинг Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича вакили П. Буриан билан учрашуви бўлиб ўтди.

Икки томонлама ҳамкорликнинг, шу жумладан парламентлараро ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама этилди.

Учрашув давомида П. Буриан мамлакатимизда давлат ва жамият бошқарувини, суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш, аҳолини манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш, хавфсизликни мустаҳкамлаш ва кўплаб соҳаларни ислоҳ қилиш юзасидан олиб борилаётган ишларни юқори баҳолади, Ўзбекистон ўз тарихида биринчи марта БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашига аъзо бўлганига алоҳида урғу берди.

Томонлар БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессиясининг навбатдаги ялпи мажлисида Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудудига айлантириш тўғрисидаги резолюция қабул қилиниши нуқтаи назаридан ҳамкорликни ривожлантириш хусусида фикр алмашдилар.

Учрашув давомида Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасидаги парламентлараро алоқаларни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди. Таъкидланганидек, “Ўзбекистон-Европа Иттифоқи” парламент ҳамкорлиги қўмитаси билан мунтазам олиб борилаётган ўзаро ҳамкорлик алоҳида ўрин тутади. Шу йилнинг апрель ойи охирида “Европа Иттифоқи – Ўзбекистон” дўстлик гуруҳи таъсис этилиши эса томонлар ўртасидаги муваффақиятли, очиқ ва конструктив мулоқот натижасидир.

Шунингдек, жорий йилнинг апрель ойидан бошлаб Ўзбекистон “GSP+” Преференциялар бош тизими плюс бенефициар мамлакати мақомини олгани, бу Ўзбекистон-Европа муносабатларини, айниқса, савдо-иқтисодий соҳасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди.

Жорий йилнинг июнь ойида Бухорода Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда глобал парламентлараро ҳамкорлик халқаро форумини ўтказиш масаласи кўриб чиқилди.

Томонлар “ЕИ – Ўзбекистон” парламент ҳамкорлиги қўмитасининг 15-мажлисини ташкил қилиш масалаларини муҳокама қилдилар, ўзларини қизиқтирган бошқа масалалар юзасидан фикр алмашдилар.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?