Собиқ судланган ҳоким ёрдамчиси яна «ҳунар» кўрсатди. ДХХ бир қатор туман ҳокимлари ўринбосарлари ва ёрдамчиларини пора билан қўлга туширди

09:54 05 Ноябрь 2024 Жамият
202 0

Фото: Иллустратив

Давлат хавфсизлик хизмати Қашқадарё, Навоий, Сирдарё ва Андижонда туман ҳокимлари ўринбосарлари ва ёрдамчиларини пора билан қўлга туширди. Бу ҳақда ДХХ матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Давлат хавфсизлик хизматининг Қашқадарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг ҳудудий бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда ноқонуний ҳолатлар аниқланди.

Маълум бўлишича, Деҳқонобод тумани ҳокимининг ўринбосари тумандаги Қорашина шаҳарчасини ободонлаштириш доирасида қурилган объектни фойдаланишга қабул қилиш далолатномасига имзо қўйиш эвазига туман ҳокимлигининг маъмурий биноси ёнида 5 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Тезкор тадбир давом эттирилиб, мазкур объектдаги камчиликларни солиштирма далолатнома расмийлаштириш йўли билан бартараф этиб бериш эвазига 15 миллион сўм олган вақтида Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компанияси» давлат унитар корхонаси етакчи мутахассиси ҳам қўлга олинди.

«Ҳозирда ҳоким ўринбосари ҳамда давлат унитар корхонасининг етакчи мутахассисига нисбатан Жиноят Кодексининг 210-моддаси 2-қисми «в» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган», дейилади хабарда.

Бундан ташқари, Навоий шаҳрида фаолият юритувчи МЧЖ раҳбари фуқарога Хатирчи туманидаги маҳалла фуқаролар йиғинларидан бирининг ҳоким ёрдамчиси тавсияномаси асосида банкдан 100 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағи олиб бериш эвазига 20 миллион сўм олган вақтида қўлга олинган.

Тезкор тадбир давом эттирилганда муқаддам судланган ҳоким ёрдамчиси ўз хизмати учун 10 миллион сўм ҳамда Хатирчи туманидаги акциядорлик тижорат банки мутахассиси эса тегишли ҳужжатларни тайёрлаб, кредит маблағи ажратиб бериш эвазига 2 миллион сўм олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланди.

Маълум қилинишича, ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг 168 ва 211-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, Шаҳрихон туманидаги маҳалла фуқаролар йиғинларидан бирининг ҳоким ёрдамчиси ўз хизмат мавқейидан фойдаланган ҳолда, тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган фуқарога банкдан 100 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағи ажратилишида ёрдам бериш эвазига 9 миллион сўм олган вақтида ашёвий далиллар билан фош қилинган.

Шунингдек, ҳоким ёрдамчисига нисбатан Жиноят Кодексининг 168 ва 214-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилгани айтилмоқда.

Яна бир ҳолатда Ховос тумани ҳокимининг ўринбосари ўз хизмат мавқейидан фойдаланиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва экспорт қилиш билан шуғулланувчи МЧЖга тегишли ерларни ҳокимлик захирасига олмаслик, аксинча, суғориш ишларига шароит яратиб бериш ҳамда фаолиятига ҳеч ким аралашмаслигини таъминлаш эвазига 20 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 1000 АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланганди.

«Ҳовос тумани ҳокими ўринбосарига нисбатан Жиноят Кодексининг 25,168-моддаси 4-қисми «а» банди ҳамда 28,211-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилди. Жиноят ишлари бўйича Сардоба туман судининг ҳукмига мувофиқ, мазкур мансабдор шахс 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди», дейилади хабарда.

Аввалроқ, Ўзбекистон Россия ёки Хитойнинг қайси бири билан каттароқ савдо айланмасига эгалиги ҳақида хабар берилганди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?