Сирдарёлик Шоирахон Шаматова 1 миллиард 275 миллион 350 минг сўмга терим трактори олди ва... бу ҳали ҳаммаси эмас

10:03 22 Сентябр 2020 Жамият
990 0

“Халқ сўзи Online”. Аҳмадали Шерназаров/Сирдарё. Сайхунобод туманилик фермер Шоирахон Шаматова 15 фоизлик, ўн йиллик муддатли 1 миллиард 275 миллион 350 минг сўм кредитга «Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводи»дан янги ишлаб чиқарилган “ТZST CE-220” русумли пахта териш машинасини сотиб олди. Ва уни ўзи бошқармоқда.

Янги агрегатнинг афзалликларини Шоирахон билан телефон орқали мулоқотданоқ сездик.

— Шоирахон, рулда эмасмисиз? Икки оғиз гаплашсак бўладими?

 —Рулдаман.

 —Ҳеч қандай шовқин эшитилмаяптику...

— Ҳа, номи трактор бўлгани билан, кабинаси манаман деган автомобилларникидек экан, бу терим машинасининг...

Шоирахоннинг айтишича, махсус воситалар орқали пуркалган сув туфайли терим аппаратларига тола ёпишиб қолмайди, доим тоза бўлиб туради. Автоматик бошқарувлар эса турли мураккаб манвёрларни осонлик билан бажариш имконини беради. Яъни уни аёл киши ҳам ҳеч қийинчиликсиз бошқаради. Терим тугагач у ҳайдов тракторига, сўнгра ишлов ва транспорт тракторига айланади. Яъни битта машинада тўртта трактор мужассам.

Шоирахон Шаматова ўзининг «Олимжон қизи Шоирахон» фермер хўжалиги даласидаги пахтани териб бўлгач, терим машинаси билан бошқа фермерларнинг пахтазорига ўтади. Бу бўйича аллақачон бир неча шартномалар ҳам тузиб қўйилди.

— Бир пайтлар пахта терим машинасини бошқарган Турсуной Охуновага ҳавас қилар эдим, — дейди Шоирахон Шаматова. — Мана,ҳавас қилган етар муродга деганларидек бугунги кунда ўзимнинг янги замонавий техникам билан пахтамни завқ-шавқ билан термоқдаман.

Маълумот учун. Икки марта Меҳнат Қаҳрамони Турсуной Охунова (1937- 1983) Ўзбекистоннинг машҳур биринчи механизатор аёли. У ҳақида кўплаб фильм, қўшиқлар, асарлар яратилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?