Сирдарёдан хушнуд хабар: вилоят ғалла режасини бажарди

“Халқ сўзи Online”. Аҳмадали Шерназаров/Сирдарё. Бу йилги мураккаб ва қийин вазият, айниқса сирдарёликлар учун синовли кунлар бўлишига қарамасдан Мирза воҳаси деҳқонлари ғалла тайёрлаш режасини муваффақиятли бажардилар. Белгиланган марра ҳамжиҳатлик билан аниқ тартибли иш тизими йўлга қўйилгани ҳисобига жуда қисқа муддат — 17 иш кунида эгалланди.
Бу меҳнат зафарида Президентимиз томонидан яратиб берилган шарт-шароитлар, жумладан, қатъий тизим асосида моддий ресурсларни, яъни минерал ўғитлар, ёқилғи мойлаш материаллари ва талаб этиладиган маблағларни тўлиқлигича ўз вақтида етказиб берилганлиги, шунингдек, харид нархларининг ғалла ҳосилдорлигига қараб тўланиши ҳамда Хоразм вилоятидан ўрим комбайнлари ёрдамга юборилганлиги муҳим омил бўлди.
Вилоят бўйича 85 минг гектар майдонда мўл ғалла ҳосили етиштирилди. Вилоят бўйича 178255 тонна сара дон етиштирилиб, давлат шартномавий режаси 100,2 фоизга бажарилди. Ҳосилдорлик ўртача 58 центнерни ташкил этди.
Сув тошқинидан талафот кўрган ҳудуд бўлишига қарамасдан Мирзаобод тумани давлатга дон сотиш бўйича шартномавий режани республикада биринчи бўлиб бажарганлиги алоҳида таҳсинга сазовордир.Шунингдек, бу борада Сардоба, Ховос ва Боёвут туманларининг миришкор деҳқонлари ҳам вилоятда биринчилардан бўлиб шартномавий режаларини бажардилар.
Боёвут туманидаги «Мулло Ҳолиқул бобо», «Миришкор нафосат гулшани» фермер хўжаликлари ҳосилдорликни 85 центнерга етказиб, режани 125 фоизга уддалади.
Сирдарё туманидаги «Достон фаровон барака», «Нурли қуёшли юрт» Сайхунобод туманидаги «Қурама», «Бегали» фермер хўжаликлари гектарига ўртача 70-75 центнердан ҳосил олдилар ва улар давлатимиз томонидан қишлоқ хўжалигига яратиб берилаётган имкониятдан тўғри фойдаланилса юқори натижага эришиш мумкинлигини амалда исботлаб бердилар.
Камол Алибеков, Авазбек Мирзаев, Нарзулла Элмурадов, Бахтиёр Мардиев сингари комбайн операторлари кунига 100-120 тоннадан ғалла донини ўриб-йиғиб олиб, давлат шартнома режасининг бажарилишига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшдилар.
Ўрим-йиғим жадал давом этмоқда. Вилоят ғаллакорлари ҳосилдорликни 65 центнерга етказишни мақсад қилишган.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистондан совуқ ҳаво қачон чекина бошлайди?
- Вилоят ҳокими чекка қишлоқдаги аҳоли хонадонида тунамоқда (фото)
- «Фариданинг икки минг қўшиғи» фильми белгиланган вақтда юборилмаганлиги сабаб «Оскар»да қатнашмайди
- 23 ёшли йигит ўқишга кира олмаганини яшириш учун 4 кишини ўлдирди. Уларнинг барчаси оила аъзолари
- Сурхондарё вилоят ҳокимлиги биносида АКТ ходими калтаклангани ҳақидаги хабарга муносабат билдирилди
- Президентга шеър ўқиб берган талаба Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қабул қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг