Сирдарёда юз ёшли дарахтлар бор

12:44 24 Ноябрь 2022 Жамият
421 0

Фото: Халқ сўзи

Юртимизнинг турли гўшаларида бир неча асрларни қаритган дарахтлар борку, хўш, нима бўпти, дерсиз. Гап шундаки, Мирзачўлни ёппасига ўзлаштириш бошланганига энди олтмиш йилдан ошди, бироқ бир пайтлар асосий қисми чўлу биёбонлардан иборат бўлган бу ҳудудда юз ёшга тўлган дарахтларнинг борлиги алоҳида эътиборни тортади.

Яқинда Сирдарё вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ходимлари Сардоба туманидаги Файзулобод маҳалласида ҳамда Ховос туманидаги Дўстлик маҳалласи ҳудудида ана шундай катта ёшдаги чинор ва тутни аниқлаб, хатловга олди.

— Хатловга олишдан мақсад ушбу дарахтларнинг муҳофазасига, парваришига бўлган эътиборни кучайтиришдан иборат, — дейди бошқарма бўлими бошлиғи Шерзод Шодиев.— Шунингдек, вилоятимиз ҳудудида 60-70 йиллик дарахтлар ҳам кўп. Уларнинг муҳофазаси ва парвариши доимий назоратга олинган. Масалан бунга Ширин шаҳридаги тарихий Фарҳод ГEС қурилиши вақтида экилган дарахтларни мисол келтириш мумкин.

Мирзачўл деганда саксовул, юлғун каби наботот турлари кўз олдимизга келади. Хўш, собиқ чўл набототини эслатувчи мазкур турлар ҳали ҳам мавжудми? Билишимизча, айни чоғда Сирдарё бўйида 20 тупга яқин саксовул бор экан. Юлғунзорлар эса сероб. Уни зовур бўйлари, экин майдонларидан ташқари ерларда – деярли вилоятнинг ҳар бир ҳудудида кўриш мумкин. Бинобарин ушбу бутазорлар муҳофазаси ҳам қатъий назорат қилинмоқда.

Шерзод Шодиевнинг айтишича, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида экилаётган ниҳоллар таркибига саксовул, жийда каби дарахтлар ҳам киритилган. Бу, албатта, биохилма-хилликни таъминлаш баробарида Мирзачўлнинг ўтмишдаги табиати ҳақида тасаввур ҳосил қилишда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шу маънода таклиф туғиладики, яъни вилоятнинг бирор ҳудудида саксовулзор ва, умуман, Мирзачўлда ўсган наботот турлари бўйича плантация барпо этиш керакдир. Ва келгусида бу плантация чўл тарихидан бир парча сифатида экотуризм маскани бўлиб қолар, эҳтимол.

Аҳмадали ШEРНАЗАРОВ,  «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер