Сирдарёда раҳбарларнинг жисмоний тайёргарлиги бўйича мусобақалар ўтказилади

21:31 09 Ноябрь 2020 Спорт
244 0

“Халқ сўзи Online”. Аҳмадали Шерназаров/Сирдарё. Президентимизнинг соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш бўйича қабул қилган Фармон ва қарорлари ҳамда раҳбарларнинг ўзи шахсий намуна бўлсин деган топшириқлари ижроси доирасида Сирдарё вилоятида сектор раҳбарлари, вилоят, туман, шаҳар ҳокимининг ўринбосарлари, вилоят корхона ва ташкилотлари раҳбарларининг жисмоний тайёргарлиги бўйича мусобақалар ташкил этилади деб хабар бермоқда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати.

Бу ҳақда Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан ўтказилган тантанали байрам тадбирида маълум қилди.Ушбу масала бўйича вилоят ҳокимининг тегишли фармойиши ҳам қабул қилинди.Унга кўра Гулистон шаҳрида вилоят секторлари раҳбарлари, вилоят, туман, шаҳар ҳокимининг ўринбосарлари, вилоят корхона ва ташкилотлари раҳбарлари ўртасида «Спорт тарғиботчиси» ва «Шахсий намуна» тамойили асосида спорт мусобақалари ташкил этилади.

Тадбир тажрибали спорт мураббийлари назорати остида қуйидаги босқичларда ўтказилди:

Спортнинг енгил атлетика тури бўйича: турникка тортилиш, 100-200 метрга ва 1 километр масофага югуриш, чалқанча ётган ҳолда гавдани кўтариш (пресс), полга таянган ҳолда қўлларни букиб ёзиш (оджимания).

Велоспорт бўйича: Гулистон шаҳрида жойлашган академик лицей биноси олдидан «Марказий ўйингоҳ»га қадар бўлган 2,5 километр масофани велосипедда босиб ўтиш.

Минифутбол бўйича: вилоят, туман ва шаҳар секторлари раҳбарлари ҳамда туман ва шаҳар ҳокимлари ўринбосарлари, корхона ва ташкилот раҳбарларидан иборат ҳар бири 10 нафар кишилик таркибдаги жамоалар иштирок этади.

Мусобақалар Гулистон шаҳрида жойлашган спорт иншоотларида жорий йилнинг 5-6 декабрь кунлари ташкил қилинади. Тегишли спорт турлари бўйича биринчи, иккинчи ва учинчи ўринни эгаллаган ғолиблар мукофотланади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?