Сирдарёда Марказий Осиёда ягона бўлган наслли отларни сунъий уруғлантириш станцияси ташкил этилади

13:58 18 Июль 2022 Жамият
677 0

Фото: Халқ сўзи

“Ўзнаслчилик” давлат корхонасида Сирдарё инновацион ривожланиш ҳудудий бошқармаси ташаббуси билан “Яксарт тулпори” наслли йилқичилик фермер хўжалиги мутахассислари ҳамда ҳайвонларни кўпайтириш, сунъий уруғлантириш, эмбрион трансплантацияси бўйича ҳизматлар кўрсатувчи ва технологияларни етказиб берувчи дунёда етакчи бўлган Германиянинг “Minitube” компанияси ижрочи директори Наталия Гебел иштирокида илмий-амалий семинар ташкил этилди. Унда хорижий тажрибалар билан бир қаторда Ўзбекистонда сунъий уруғлантиришга берилаётган эътибор ва имкониятлар алоҳида эътироф этилди.

Хусусан, Сирдарё инновацион ҳудудида “Қорабайир от зотининг наслини яхшилаш, озиқлантириш, кўпайтириш ва от спорти ўйинларига тайёрлаш” мавзусидаги тижоратлаштириш лойиҳаси доирасида Инновацион ривожланиш вазирлиги маблағлари ҳисобидан фермер хўжалигида ташкил этилган илмий лабаратория ва унда амалга оширилаётган амалий ишлар тақдимоти ҳам ўтказилди.

Якунда “Minitube” компанияси ижрочи директори Наталия Гебел ҳамда “Яксарт тулпори” наслли йилқичилик фермер ҳўжалиги ижрочи директори Малик Садиков ҳамда “Ўзнаслчилик” давлат корхонаси директори Олимжон Маматкуловлар томонидан ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Келишувга асосан “Minitube” компанияси “Яксарт тулпори” наслли йилқичилик фермер ҳўжалигини юқори самарали отларни сунъий уруғлантириш ускуналаридан иборат лаборатория линияси билан таъминлайди.

— Мазкур лойиҳа амалга ошгач, фермер хўжалигимиз негизида Марказий Осиёда ягона бўлган наслли отларни сунъий уруғлантириш станцияси ташкил этилади, — дейди “Яксарт тулпори” наслли йилқичилик фермер хўжалигининг зоотехник-селекционери Суҳроб Бегматов. — Станцияда асл зотли қорабайир отларининг уруғлари олинади, лаборатория шароитида олинган уруғлар таҳлил қилинади ва қадоқланади, шунингдек – 196 градус совуқ ҳароратда, суюқ азотда узоқ давр, ҳатто минг йилгача сақланади. Натижада зот бузилмайди, қолаверса, наслли отни кўпайтириш харажати ва вақти қисқаради. Яъни, дейлик, наслли айғир беш йилда насл олишга тайёр бўлади. У шу ёшга етгунча анча маблағ сарфланади, меҳнат қилинади. Энг муҳими, сунъий уруғлантириш натижасида зотдор отлардан узоқ йиллар давомида насл олиш кафолати юқори бўлади. Яна бир жиҳати, лабораториянинг чуқур таҳлилларидан ўтган уруғлардан туғиладиган қулунлар касалликларга чидамли бўлади. Ушбу жараёнда санитария-гигиена қоидаларига тўлиқ риоя қилинади.

Маълум қилинишича, қорабайир от зотининг наслини яхшилаш, кўпайтириш билан боғлиқ мазкур лойиҳа Инновацион ривожланиш вазирлигининг молиявий кўмаги асосида амалга оширилади.

 

Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ,  “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер