Сирдарё вилоятининг ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 14 триллион сўмни ташкил этиши кутилмоқда

15:26 20 Декабрь 2021 Жамият
609 0

Халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгашининг сессияси бўлиб ўтди. Унда Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаевнинг вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича 2021 йил якунлари ҳамда 2022 йилнинг долзарб вазифалари тўғрисидаги мурожаати тингланди.

Мурожаат аввалида мураккаб ва қийин пандемия шароитида ҳам, яъни охирги икки йилда мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан юқори натижаларга эришганлиги ва хусусан, Сирдарё вилояти аҳли ҳам 2021 йилни барча кўрсаткичлар бўйича ижобий якунлаётганлиги таъкидланди.

Эътиборлиси, энг долзарб ижтимоий масала -аҳоли бандлигини таъминлаш борасида сезиларли ўсишга эришилди. Яъни йил давомида 35 542 нафар фуқаро доимий иш ўрнига эга бўлди. Хусусан, биргина ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури доирасида саноат, хизмат кўрсатиш ва сервис ҳамда қишлоқ хўжалиги йўналишларида бажарилган лойиҳалар туфайли яратилган иш ўринлари ҳажми ўтган йилга нисбатан қарийб 3 баробарга ошганлиги маълум қилинди.

Таъкидлаш керакки, сўнгги йилларда вилоятнинг экспорт салоҳияти ҳар жиҳатдан — ҳам жуғрофий, ҳам маҳсулот турларининг кўпайиши бўйича ортиб бормоқда. Масалан, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 2,1 триллион сўмга, экспорт миқдори эса 57 миллион долларга етгани бунга мисолдир. Айни чоғда экспорт режаси 120 фоизга бажарилиши кутилмоқда.

Якунланаётган йилда тўғридан-тўғри хорижий инвестицияни жалб қилиш, хорижий ҳамкорлар билан савдо алоқаларини мустаҳкамлаш мақсадида вилоят делегациялари бир неча давлатларга ташриф буюрди. Натижада Тожикистон, Қозоғистон ва Россия Федерациясидаги ҳамкорлар билан жами
401 миллион долларлик келишувларга эришилди ва тузилган шартномалар бўйича ишлар бошлаб юборилди.

Мурожаатда йил якунида вилоят ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 14 триллион сўм ёки 114,8 фоизни ташкил этиши кутилаётгани айтилди. Aҳоли жон бошига ялпи ҳудудий маҳсулот эса 16,8 миллион сўмни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 105 фоизга ошади.

Вилоят бюджетининг 2021 йил учун даромадлар режаси 856,8 миллиард сўм бўлиб, амалда 930,0 миллиард сўм ундирилади ва ортиғи билан 73,2 миллиард сўм тушумлар туширилиши таъминланади.

Айтиш лозимки, «Сирдарё» эркин иқтисодий зонаси вилоятнинг йирик саноат ҳудудига айланмоқда. Жорий йилда мазкур ЭИЗда қиймати 24,9 миллион долларлик 4 та лойиҳа амалга оширилди ва 515 та янги иш ўринлари яратилди. Шунингдек, 14 та кичик саноат зонасида умумий қиймати 192,5 миллиард сўмлик 27 та лойиҳа амалга оширилди. Натижада 45 турдаги маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилиб, 1 380 га яқин иш ўрни яратилди.

Мурожаатда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига имтиёзли кредитлар ажратиш, бўш турган давлат мулки объектларини
инвестиция киритиш ва янги иш ўринлари яратиш шарти билан хусусийлаштириш борасида ҳам ижобий натижалар қайд этилгани таъкидланди.

Вилоят қишлоқ хўжалигида эришилаётган ютуқлар ҳам салмоқли. Жумладан, бу йил 522 минг тонна ғалла етиштирилди ва ҳосилдорлик 60 центнерга етказилди. Жорий йилда ҳам барча қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ишлаб чиқариш унумдорлигини ва рентабеллигини ошириш, юқори қўшилган қийматга эга рақобатбардошли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни таъминлаш масаласига энг асосий вазифа, деб қаралди. 

Ана шу мақсадлар учун вилоятда охирги йилларда 9 та пахта тўқимачилик кластери ташкил этилди. Пахта тўқимачилик кластерлари ташкил этилиши натижасида пахтанинг ўртача ҳосилдорлиги 26 центнердан 31 центнерга ортди.

Вилоятда қорамолчилик, паррандачилик, балиқчилик ва асаларичилик йўналишида жами 60 та лойиҳа фаолият бошлади. Тасдиқланган дастурга асосан 12 нафар чорвачилик субъектлари томонидан Германия ва Украина давлатларидан 1000 бошдан дан ортиқ наслли қорамоллар олиб келинди.

Якунланаётган йилда вилоятда суғоришда сув тежамкор технологияларни жорий этиш янада кучайтирилди. Жами 8 107 гектар пахта майдонида йўлга қўйилган ана шундай технологиялар туфайли 15,1 миллион метр куб сув тежалишига эришилди.

Мурожаатда «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси, «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастури доирасида амалга оширилган ишлар бўйича ҳам маълумотлар берилди.

Шунингдек, «темир дафтар», «аёллар дафтари», «ёшлар дафтари» бўйича бажарилган кенг кўламли ишлар ҳам рақамлар ва аниқ мисоллар асосида сессия иштирокчиларига маълум қилинди.

Умуман, вилоят ҳокимининг мурожаатида ҳудуд ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий ҳаётининг барча бўғинлари бўйича 2021 йилда бажарилган ишлар, янгиланиш ҳамда ижобий ўзгаришлар ўз ифодасини топгани ҳолда келгуси режалар, амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар ҳам маълум қилинди.

Аҳмадали ШEРНАЗАРОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер