Сифатли ва арзон машина ишлаб чиқариш — давр талаби!

14:41 19 Январь 2021 Иқтисодиёт
999 0

Автомобилсозлик саноати мамлакатимиз халқи, айниқса, блогерларининг энг кўп муҳокама қиладиган тармоқларидан бири ҳисобланади. Тан олиш керакки, автосаноатимизда ҳаммамизни ўйлашга мажбур қиладиган муаммолар жуда кўп. Уларнинг энг муҳимларидан бири — машиналаримизнинг нархи дунё бозоридаги бир хил классдаги автомобиллар нархидан баланд эканлиги ҳисобланади.

Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам автомобилсозлик тармоғимиздаги оғриқли нуқталар, айниқса, унинг нархи баландлиги ҳақида бир неча марта алоҳида таъкидлаб ўтганлиги бежиз эмас. 13 январь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон машинасозлик саноатини трансформация қилиш ва соҳада рақобатни ривожлантириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилишида мазкур муаммолар яна бир бор чуқур таҳлил этилди, мутасадди раҳбарларнинг ҳисоботлари эшитилди, машинасозликни янада ривожлантириш бўйича тегишли чора ва тадбирлар белгиланди.

Тан олиш керакки, мустақиллик шарофати билан барпо этилган мазкур тармоқ мамлакатимиз иқтисодиётининг етакчиларидан ҳисобланади ва унинг саноатдаги улуши 11 фоизга тенг. Бир пайтнинг ўзида, мутахассислар ҳисоб-китобларига кўра, соҳада ишлаб чиқаришни бир неча баробар ошириш имконияти бор. Мамлакатимиз раҳбари йиғилишда алоҳида таъкидлаб ўтдики, хорижнинг қатор нуфузли автомобилсозлик компаниялари Ўзбекистонда автозаводлар қуриш таклифлари билан мурожаат қилишяпти. Шу боис йиғилишда давлатимиз раҳбари шу пайтга қадар амал қилиб келган машинасозлик соҳасидаги айрим ишлаб чиқарувчилар учун имтиёзли шароитлар яратиб келинганлигини қоралаб, мазкур нохуш ҳолатларга барҳам бериш ва ҳамма учун бир хил шароитлар жорий этишни таъминлаш бўйича кўрсатмалар берди.

Йиғилишда автомобилларнинг нархини тушириш, электромобиллар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Эҳтиёт қисмларни хориждан олиб келиб, улардан «қўлда автомобиль ясаш» эмас, балки машиналарни саноат усулида йиғиш, йилига камида 50-60 мингта арзон автомашина ва электромобиллар ишлаб чиқариш бўйича қарор қабул қилинди. Бунинг учун 2021 йилнинг ўзида Хоразмда кузов деталларини тайёрлаш корхонаси, Андижонда 4 та, Навоий вилоятида 2 та маҳаллийлаштириш лойиҳалари ишга туширилади. Кооперация асосида 122 та хусусий корхона иштирокида яна 80 та деталь ишлаб чиқариш маҳаллийлаштирилади. Жорий йилнинг ўзида тармоқ таркибидаги 40 та корхонани трансформация қилиш бошланади. Тармоқда рақобат муҳитини ривожлантириш учун компания таркибидаги эҳтиёт ва бутловчи қисмлар ишлаб чиқарадиган 23 та корхона хусусийлаштирилади. «Ўзавтосаноат»нинг 14 та ташкилотдаги асосий фаолиятига боғлиқ бўлмаган улушлари сотилади.

Юқорида баён этилган маълумот ва рақамлардан кўриниб турибдики, кун тартибида автомобилсозлик соҳасида туб бурилишлар қилиш мақсад қилиб қўйилмоқда. Агар йиғилишда белгиланган вазифалар ўз муддатида ва талаб даражасида бажарилса, бу мазкур соҳада мавжуд жуда кўп муаммолар ўз ечимини топиши мумкинлигидан далолат бермоқда. Бахтга қарши, ўзбек автомобилсозлари ташкил топган давридан бошлаб шу кунга қадар ўзлари учун гўё «мамлакат ичида алоҳида мамлакат» яратиб олишгандай яшаб келишмоқда. Давлат манфаатларидан идоравий манфаатларни, баъзи бир блогерлар фикри бўйича эса ҳатто «чўнтакларини» баланд қўйишмоқда. Фикрлар хилма-хил, уларнинг ичида ҳақиқатдан ҳам автомобилсозлик тармоғини бозор стандартлари асосида ривожлантиришга ҳисса қўша оладиган таклифлар ҳам бор, аламзадалик билан билдирилаётган асоссиз мулоҳазалар ҳам кўп. Улардан айримлари билан танишамиз. Блогерлар билдираётган «электр энергияси билан таъминотнинг талаб даражасида эмаслиги туфайли бу тармоқни ислоҳ қилиш ва электромобиллар ишлаб чиқариш қийин»; «йиғилишда қабул қилинган ҳужжатларда «арзон автомобиль» тушунчаси аниқ ифодаланмаганлиги бу вазифани бажаришга монелик қилади»; «электромобиллардан фойдаланиш инфратузилмалари ҳали тайёр эмас»; «давлат хизматчилари «UzAuto Motors» автомобилларидан мажбурий равишда хизмат автомашиналари сифатида фойдаланишлари шарт» каби фикрларда ҳақиқатдан ҳам жон бор.

Қиш ойларида электр энергияси миқдори етишмаётганлиги кўриниб турибди ва бу ҳолат халқимизнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда. Шу боис мамлакатимиз Президенти 2018 йил 23 октябрда имзолаган «Электр энергетикаси тармоғини жадал ривожлантириш ва молиявий барқарорлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3981-сон қарор билан яқин келгуси даврда мавжуд барча электр энергияси ишлаб чиқарувчи субъектларни тўла модернизация қилиш ва янгидан ўнлаб янги корхоналар барпо этишни кўзда тутувчи махсус дастур қабул қилинган. Бу борадаги ишлар режа бўйича кетяпти ва электр энергияси билан таъминот қисқа фурсатларда талаб даражасига чиқишига ишонаман. Блогерларнинг қолган 3 та йўналишда кўрсатган камчиликларни тузатиш бўйича ҳам тегишли тадбирлар амалга оширилмоқда.

Лекин бу вазифаларни бажариш учун ҳаммамиз биргаликда курашмоғимиз лозим. Ватан, халқ манфаатлари идоравий ёки шахсий манфаатлардан устун бўлиши керак. Қолаверса, «туғилганидан бери инкубатор муҳитида» ишлаб келаётган ўзбек автомобилсозларига ҳақиқий бозор талаблари ва хориждан юртимизга кириб келаётган нуфузли автомобилсозлик компаниялари билан рақобат шароитида яшаб кетиш осон бўлмайди. Мамлакатимиз автомобиль саноати жамоалари бу оддий ҳақиқатни қанчалик тез ва тўғри тушунишса ҳамда сифатли ва арзон машина ишлаб чиқаришни таъминлай олишсагина бозордаги ўринларини сақлаб қолишлари мумкин бўлади!

Одил Олимжонов,
иқтисод фанлари доктори, профессор

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?