Жамиятда вакцинанинг акс таъсири ҳақидаги бўлар-бўлмас, шубҳали хабарларга ишониш тенденцияси юзага келиб қолган — депутат

17:52 22 Июнь 2021 Жамият
383 0

“COVID-19» деб аталмиш балои офат нафақат иммунитетимиз, балки иродамиз, сабр-матонатимиз ва ҳатто тафаккуримизни ҳам синовдан ўтказишни бошлаганига қарийб бир ярим йил бўлди.

Ўзбекистон ҳам Хитой ва бошқа мамлакатлар қаторида қатъий карантин чораларини татбиқ этган мамлакатлар сирасига кирди.

Ўтган давр мобайнида мамлакатимизда коронавирусга қарши кураш, унинг профилактикаси ва даволаш усуллари бўйича салмоқли тажриба тўплади. Бир қарашда уринишларимиз зое кетмагандек, шифокорларнинг муносиб меҳнати ва карантин қоидаларига риоя қилингани ҳисобига ушбу инфекция билан касалланиш ҳолатлари камайгандек бўлди.

Ўтган йилги карантин чекловлари бекор қилиниб, вазият яхши томонга ўзгарганига алданиб, аниқроғи ўзимизни ўзимиз алдаб, бу жиловланмаган офатни масофа сақлаш, ўзимизни яккалаш, шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя этиш билан даф қилишимиз мумкинлигини ёдимиздан чиқариб қўйдик, назаримда. Йўқса шу кунларда касалланиш даражаси яна кескин ошаётгани ҳақидаги хабарлар тез-тез қулоғимизга чалиниб қолмаган бўларди.

Коронавирус хасталиги ҳали тўлиқ ўрганилмаган ва ҳозирги кунга қадар изланишлар давом этаётган касалликдир. Олимлар ушбу касаллик билан қайта касалланиш мумкинлигини инкор этмаяпти ва уларнинг фикрига кўра касаллик иммунитети паст, сурункали касаллиги бор ва касалликка қарши антитаначалари кам бўлган беморларда учраши мумкинлигини таъкидлашмоқда. Изланишлар ушбу беморларда аниқланган вируслар жуда кўп маротаба мутацияга учраганини ҳам кўрсатмоқда.

Шу билан бирга, таъкидланишича, касаллик юқишининг эпидемик жараён занжирини узиш учун аҳолининг камида 60-70 фоизида иммунитет мавжуд бўлиши керак.

Коронавирусга қарши эмлаш эса пандемияни жиловлашга ёрдам беради. Вакциналар иммунитет тизимингизни мустаҳкамлаб, cизга юқиши мумкин бўлган вирусларга қарши курашишда иштирок этади. Биз эмлаш орқали нафақат ўзимизни, балки атрофимиздагиларни ҳам ҳимоя қиламиз.

Шу боис Ўзбекистонда коронавирус инфекциясига қарши эмлашни ўтказиш алгоритми ва алоҳида тартиби ишлаб чиқилган .

Яъни, биринчи навбатда коронавирус юқиш хавфи даражаси юқори бўлган шахслар, жумладан 65 ёшдан ошган қариялар ва кексалар, сурункали касалликлари бор шахслар, тиббиёт ходимлари, мактаб ва мактабгача таълим ташкилотлари ҳамда олий таълим муассасалари ходимлари, аҳоли билан бевосита мулоқотга киришадиган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари эмланиши кўзда тутилди.

Тошкент ва Нукус шаҳри ҳамда вилоятлар марказларидаги 3 138та эмлаш пунктлари ва 862та ҳаракатдаги тиббий бригадаларида биринчи навбатда 65 ёшдан катталар ва коронавирус инфекциясини юқтириб олиш хавфи юқори бўлган тиббиёт ходимлари эмланмоқда.

Бундан ташқари, Республика махсус комиссиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва илмий марказлар олимлари иштирокида навбатдаги кенгайтирилган йиғилишида мамлакатимизда коронавирус билан боғлиқ эпидемиологик вазият ҳамда ушбу инфекция билан касалланиш ҳолатларини олдини олишга қаратилган масалалар муҳокама қилинди.

Шу йиғилишда 50 ёш ва ундан катта ёшдаги фуқароларни ҳамда олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларини хавф ости гуруҳига мансуб аҳоли қатлами қаторида босқичма-босқич Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан эмлаш тадбирларини жадаллаштириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Шу кунларда оммавий ахборот воситалари орқали касаллик яна кескин ошаётгани билан боғлиқ хабарлар билан танишар эканман, махсус шифохоналарнинг аксариятида кекса онахон ва отахонларимиз касалликнинг асоратлари билан курашаётганини кўриб, очиғи, таъсирландим. Ахир, хонадонимизга нур, зиё олиб кирувчи, давраларимизнинг тўрида ўтирувчи нуроний отахон-онахонларимизни бундай оғир алфозда кўришдан бошқа азоб бўлмаса керак.

Энг ёмони, касалхонада журналистга интервью бераётган отахон-онахонларимизнинг деярли барчаси ўз вақтида вакцинани қабул қилишдан бош тортгани ва эмлаш мавзусига жиддий эътибор беришмаганини маълум қилмоқда.

Афсуски, жамиятимизда билиб-билмай, мутахассисларнинг тавсиясига амал қилмай, давлат томонидан қаратилаётган эътиборга беписанд бўлиш, вакцинанинг акс таъсири ҳақидаги бўлар-бўлмас, шубҳали хабарларга ишониш тенденцияси юзага келиб қолган.

Бу каби ҳолатларнинг юзага келиши, авваламбор одамларимизнинг вакцина ва унинг турлари, уни қабул қилишнинг ўзига хос жиҳатлари ва таъсирлари ҳақидаги маълумотларнинг етарли эмаслиги билан боғлиқ, деб ўйлайман. Шу боис эмлашнинг фойдали жиҳатлари ва уларнинг турлари ҳақидаги мавзулардаги ижтимоий реклама, тарғибот-ташвиқотни кучайтириш ишларини янада жадаллаштиришимиз лозим.

Инсон саломатлигидан-да муҳим ва қимматли бойлик йўқ. “COVID-19»ни келтириб чиқарадиган вирус эса жуда осон юқади. Халқимизда ушбу касалликка қарши иммунитетни шакллантирмай туриб, вакциналарни қабул қилмасдан туриб, унга қарши самарали кураша олмаймиз.

Одилжон Тожиев,
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси
Спикери ўринбосари

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?