Шукроналик олижанобликдир

13:36 30 Июнь 2021 Жамият
331 0

Бугун Янги Ўзбекистон дунёга юз тутяпти. Кўпчилик давлатлар юртимиздаги ўзгаришлар, жадал тараққиётга ҳавас қилаётганини кўриб турибмиз. Шундай паллада узоқ ва яқин тарихимизни, бугунги фарахбахш кунларга осонликча етиб келинмаганини ёдга олгиси келади, кишини. Айниқса, халқимиз бошидан кечирган алам ва ситамларни кекса авлод жуда-жуда яхши эслайди.

Тарихдан маълум, дунёда иккинчи ренессанс даврига асос солган зиёли ота-боболаримизнинг илм-фан ва тараққиёт бобидаги хизматларини унутишга мажбур қилинди. Жаҳонда тиббиёт асослари пойдеворини яратган Абу Али ибн Сино, ҳозирги кунда замонавий ахборот технологиялари мулкига айланган компьютернинг пайдо бўлишига сабабчи бўлган ал-Хоразмий, коинотни забт этган, юлдузларнинг дастлабки жойлашуви, тизимини яратган Мирзо Улуғбек, ғазал мулкини мулкининг султони ҳазрат Навоий, кўплаб давлатларни забт этиб, уларнинг тараққиётини таъминлаган Амир Темур бобомиз камситилди.

Ёки кечаги кунимиз,собиқ Иттифоқ даврида Ўзбекистон хом-ашё базаси, пахта етиштириб берувчи провинцияга айлантирилганини эслайлик.Ўзбеклар фақат қишлоқ хўжалиги учун яратилган, улардан зиёлилар ва илм-фан соҳиблари етишиб чиқмайди, деган ёрлиқлар ёпиштирилди. Охир-оқибат «Ўзбеклар иши», «Пахта иши» деб юзлаб, минглаб бегуноҳ замондошларимиз таҳқирланди, ҳатто, айримлари бу азоблардан бевақт оламдан ўтдилар.

Минг шукурки, бу кўргиликларнинг бари ортда қолди. Ўттиз йилдан буён эркинликда яшаётган халқимиз ўзининг нималарга қодирлигини кўрсатмоқда. Босқичма-босқич тараққиёт йўлини босиб ўтяпмиз. Эътироф этиш керакки, мамлакатимиз тарихида 2016 йилдан туб ўзгаришлар даври бошланди. Ташқи сиёсатда очиқлик ва тенглик, халқимизнинг манфаатини кўзлаган ҳолда олиб борилаётган доно сиёсат натижасида дунё ҳамжамиятида Ўзбекистоннинг нуфузи ва ўрни беқиёс даражада ўсди ҳамда бу жараён давом этмоқда.

Бир вақтлар демократия етарли даражасида эмаслиги, инсон ҳуқуқлари поймол бўлаётганлиги, вояга етмаганларни мажбурий меҳнатга жалб этишлар каби маломатлар бўлган бўлса, бугунги кунда манаман деган давлатлар Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишга, маслакдошликка интилмоқда.

Ички сиёсатда эса иқтисодиётга тўлиқ эркинлик берилаётгани, унда давлат аралашувини кундан-кунга қисқартирилаётгани ўз самарасини бермоқда.

Биргина мисол, Мустақилликнинг дастлабки йилларида халқ истеъмоли товарлари билан таъминлаш, айниқса ун ва ун маҳсулотлари етказиб беришда мураккабликлар ва узилишлар бўлгани кўпчиликнинг хотирасида. Бугун эса буғдой экспорт қилувчи мамлакатлар қаторига кирдик. Тадбиркорларга том маънода эркинлик, имтиёз ва имкониятлар яратилаётгани натижасида уларнинг сафи кенгайиб, ялпи ички маҳсулот ҳажмидаги улуши ортиб бормоқда.

Бир вақтлар арзимаган баҳона билан қора рўйхатга олиниб, камситилган фуқаролар, хусусан ёшлар қўли қонга бўялмаган бўлса, афв этилмоқда, тўғри йўлга тушиб олишлари учун имконият берилмоқда. Иш билан таъминланмаган ва камбағал оила фарзандлари учун имтиёзли банк кредитлари ажратилиб, тадбиркорлик билан ўзларини ўзлари банд этишлари учун субсидия асосида иссиқхоналар қуриб берилмоқда , чок машиналари, асбоб-ускуна ва хом-ашё билан таъминланмоқда

Юртбошимиз томонидан ҳеч иккиланмай Ўзбекистондаги аҳолининг 10-12 фоизи камбағаллигини рўйи-рост айтилганлиги уларни пухта ва аниқ манзилли ижтимоий ҳимоялаш тизимини яратишга асос бўлди. Сўнгги беш йилда эришилган ижобий натижаларнинг асосий омили халқ манфаатларини кўзлаган ҳолда аҳоли турмуш шароитини янада яхшилаш юзасидан улкан ва долзарб вазифалар қўйиш билан бирга уларнинг ечими ва молиявий манбалари ҳам аниқ кўрсатиб берилганлигидир.

Юқорида таъкидланганидек, эзгу-ният ва эҳтиёж кундан кунга ортиб бораверади, шунга мос равишда таъминот манбалари яратилади. Инсоннинг эҳтиёжлари ва мақсади чексиз ва имкониятлардан келиб чиқиб ортиб боради. Шу нуқтаи назардан қарайдиган бўлсак, жамиятимизда ҳам айрим ечимини кутаётган муаммолар ва кемтик нуқталар бор ва бундан кейин ҳам бўлади. Бугунги кунда ана шу ҳолатларни бўрттириб ифодалаш, аҳолининг кайфиятига салбий таъсир этувчи маълумотлар ва фикрлар учраб тургани ҳам бор гап. Бу ижобий ҳолат , чунки ҳаётимиздаги камчиликларни рўйи-рост ва адолатли кўтариб чиқиш зарурлигини Президентнинг ўзи таъкидламоқда. Бу ҳаракатларда аввало, амалга оширилган ижобий ишларни эътироф этган ҳолда мавжуд муаммоларни адолатли баён этиш ва уларни ечими бўйича ҳам таклифлар билдириш мақсадга мувофиқдир.

Яна бир масала, айрим фуқаролар, жумладан, баъзи бир кексалар томонидан турли таклиф ва ўзларига маълум бўлмаган масалалар бўйича мулоҳазалар ва фикрлар билдирилмоқда. Биз нуронийларимиздан кўпроқ ёшлар тарбияси, оила ва маҳаллаларда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш ва оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш масалаларида фаол бўлишларини сўраймиз.

Зеро,муқаддас китобларда ҳам инсонлар учун барча ноз-неъматлар, ер, сув ва ёмғирларни юбордик, ушбу неъматлардан фойдаланингизлар, фақат исроф қилмангизлар ҳамда шукрона қилингизлар, дея таъкидланган.

Шундай экан, бугунги дориламон турмушимизга шукур қилган ҳолда яшаб,ишлайлик, юртимизнинг равнақи учун барчамиз ҳамжиҳат бўлайлик.

Икромхон НАЖМИДДИНОВ,
Наманган вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари,
Олий Мажлис Сенати аъзоси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?